баннер
1 апр 2025
04:00

    Одил судлов – адолат йўли ва ҳалоллик принципи намунаси

    Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида коррупцияга қарши курашиш ҳамда ахборот соҳасини эркинлаштириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди.

    Бугунги кунда жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти, шу жумладан, одил судлов устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Албатта, ислоҳотлардан кутилган натижага эришиш учун жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини яратиш лозим. Сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик тизими такомиллаштирилиб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва махсус агентлик ташкил қилинди.

    Бу борадаги ислоҳотлар нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Хусусан, Қатар амири ташаббуси билан 2016 йилда таъсис этилиб, ҳар йили таниқли давлат ва жамоат арбобларига уларнинг глобал миқёсда коррупцияга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган ҳолда топшириладиган халқаро мукофотнинг 2023 йил 19 декабрда давлатимиз раҳбарига Тошкент шаҳрида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан топширилиши, шу куни пойтахтимизда ҳалоллик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатувчи, коррупцияга қарши курашни ифодаловчи монумент очилиши муҳим воқеликдир.

    Жаҳон ҳамжамиятида ҳар бир давлатнинг коррупцияга қарши курашиш йўлида ўзига хос сиёсати ва стратегияси мавжуд. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 58 нафар аъзодан иборат Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилиб, янгича ёндашув йўлга қўйилдики, бу тизим мазкур иллатга қарши давлат ва нодавлат ташкилотларини бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда курашишга чорлади, дунё саҳнасида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз моделини яратмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг мамлакат олдида турган вазифаларни ҳал қилиш мақсадида юртимизнинг обрўли шахслари, оқсоқолларини ўзида жамлаган кенгаш билан маслаҳатлашиши халқимизга хос анъаналардан биридир.

    Шарқда демократиянинг муҳим элементлари кенгашлар ва қурултойлар сифатида намоён бўлиб, давлатни бошқаришда ушбу институтлардан самарали фойдаланилган. Айниқса, соҳибқирон Амир Темур даврида давлатни бошқаришда ҳозирги кундаги қурултой, кенгашлар алоҳида ўрин тутган. Вақти-вақти билан муҳим ижтимоий-сиёсий муаммоларни ечишда кенгашлар чақирилиб турилган.

    Буюк бобокалонимиз «Темур тузуклари»да ҳам ўз ворисларига, ҳукмдорларга пири салтанат ишларида амал қилиниши шарт бўлган тўрт амалдан бири сифатида «бошқалар билан машварату маслаҳат айлаш» лозимлигини уқтиргани бежиз эмас.

    Шу нуқтаи назардан, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг жорий йил 5 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриб, йиғилиш қатнашчиларининг фикр-мулоҳазаларини тинглагани диққатга сазовордир.

    Аслида, Президентимиз томонидан барча йиғилиш ва анжуманларда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб келинган бўлсада, лекин Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашида бевосита иштирок этиб, жамият учун энг оғриқли бўлган ушбу масалани тизимли таҳлил қилиб бергани, эришилган натижалар билан биргаликда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ошкора айтилиб, уларни бартараф қилиш учун аниқ чора-тадбирлар белгилангани аҳамиятлидир.

    Албатта, коррупцияга қарши курашишда эришилган натижалар масъул идоралар, балки бошқа давлат идоралари ва ташкилотлар, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари ва кенг жамоатчиликнинг янгича иш услубига ўтаётгани самарасидир.

    Кези келганда ушбу маърузанинг учта асосий жиҳатини алоҳида қайд этиш лозим:

    Биринчиси — диагностик, яъни «ташхис қўювчи» жиҳат, унда таҳлил асосида мамлакатда давлат ва жамият қурилиши, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнида коррупцияга қарши курашда мавжуд ҳолат, унинг самарадорлиги, натижадорлиги аниқланиб, атрофлича баҳо берилди.

    Бунга мисол сифатида давлат идораларида қоғозбозлик ва инсон омили кескин камайтирилгани, аҳоли ва тадбиркорларга «халқ хизматидаги давлат» тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани, хусусан, 120 турдаги ҳужжатни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва ­рухсатнома бекор қилинганини айтиш мумкин. Натижада 200 мингга яқин янги тадбиркор бозорга кириб келди, чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди.

    Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етказилди, улардан фойдаланувчилар эса 11 миллиондан ошди. Сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция кириб, иқтисодиётимиз 2 карра ўсди ҳамда ўтган йили 115 миллиард долларга етди. Бу каби аниқ рақамларда ифодаланган таҳлиллар ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

    Иккинчиси — йўналишни аниқ­лаштириб берувчи жиҳат. Президентимиз нутқида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг стратегик мақсади ва устуворликлари, вазифа ва йўналишлари, амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва бунинг учун зарур қонунлар, ҳукумат қилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб беришга оид ­чора-тадбирлар кўрсатилган.

    Жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари, асосан, коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан шуғулланиб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чоралар эътиборсиз қолаётгани, шу боис, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги иш услуби тубдан ўзгартирилиши, энди прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторлар фаолияти билан шуғулланмаслиги, уларнинг диққат-­эътибори жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашишда бўлиши, коррупциянинг олдини олиш давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлашдан бош­ланиши, шу боис, ишга олишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш, давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонун зарурати қайд этилиб, унинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши каби аниқ мақсадга ­йўналтирилган 55 та ташаб­бус илгари сурилди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарор ишлаб чиқилиши белгиланди.

    Учинчиси — бирлаштирувчи ва сафарбар қилувчи жиҳат. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жамоатчиликка мурожаат қилиб, коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканини таъкидлаб, билдирган ташаббуслари орқали халқ вакиллари сиймосида жамият ва давлатни мамлакат олдида турган энг муҳим вазифа — коррупцияга қарши кураш йўлида бирлаштиради.

    Президентимизнинг суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши, судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш деб баҳоланиши, бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши ҳақидаги фикрлари барча судьялар ва суд тизими ходимлари зиммасига улкан масъулият юклайди.

    Соҳага билдирилган ушбу ишонч ва масъулиятни теран ҳис қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ­раисининг суд тизими ходимларига йўллаган мурожаати ҳам барчамиз учун ғоят аҳамиятлидир.

    Ундаги:

    • суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрўсига путур етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиш шартлиги;
    • одил судловни амалга оширишга доир фаолиятга ҳар қандай тарзда аралашиш ҳолатларга тоқатсиз бўлиш талаб этилиши;
    • коррупциявий жиноятлар учун айбдор шахсларга ҳукм чиқарадиган судьянинг ўзи шундай жиноятларга қўл уриши барчамизни чуқур хавотирга солиши кераклиги ҳақидаги чақириқлар доимо ёдимизда бўлмоғи лозим.

    Зеро, ҳар бир судья зиммасидаги вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, холис, беғараз ва адолатли бўлишга ­қасамёд қилган.

    Давлат ҳокимиятининг бир бўғини вакили сифатида биз, судьялар коррупцияга қарши курашиш йўлида ягона куч сифатида ҳаракат қилиб, жамиятда қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаб, касбга садоқат, ватанпарварлик ва фидойиликда барчага намуна бўлмоғимиз лозим.

    Алишер УСМОНОВ,

    Наманган вилояти суди раиси

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech