Халқаро амалиёт ташқи бошқарувни жорий этиш имкониятини кўрсатмоқда, бу Украинани тартибга солиш бўйича қонуний музокараларга йўл очади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “Архангелск” атом сув ости кемаси денгизчилари билан суҳбатда айтиб ўтди, деб хабар беради tass.ru.
У Шарқий Тимор, Янги Гвинея ва собиқ Югославиянинг айрим қисмларида БМТ шафелигида ташқи бошқарув билан боғлиқ ҳолатларини эслади. “Бундай амалиёт мавжуд ва умуман олганда, БМТ шафелигида АҚШ, Европа давлатлари ва, албатта, бизнинг ҳамкорларимиз ва дўстларимиз билан Украинада вақтинчалик бошқарувни жорий этиш имкониятларини муҳокама қилиш мумкин эди”, деди Путин.
“У ерда демократик сайловлар ўтказиш учун, салоҳиятли ва халқ ишончига сазовор бўлган ҳаётий ҳукуматни ҳокимият тепасига олиб келиш учун. Ва шундан кейингина улар билан тинчлик шартномаси бўйича музокараларни бошлаш, бутун дунёда тан олинадиган, ишончли ва барқарор бўладиган қонуний ҳужжатларни имзолаш мумкин”, деб тушунтирди Россия етакчиси.