Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни ҳимоя қилиш ва манзилли қўллаб-қувватлаш янада кучайтирилмоқда

    Мамлакатимизда 22 апрел 2021 1210

    Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча чора-тадбирларига оид қарори лойиҳаси соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокама қилинмоқда.

    Куни кеча шу мавзуда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг соҳа мутахассислари иштирокида йиғилиши бўлиб ўтди.

    Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқароларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка доир ҳуқуқларини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган суд-ҳуқуқ тизими самарали фаолият кўрсатмоқда. Шу орқали оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оила манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асосларини кучайтириш, унинг хавфсизлигини ва уйғунлигини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Республикамизда оғир ижтимоий аҳволда қолган, жисмоний, ахлоқий ёки мулкий зарар етказиш натижасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар туфайли жабр кўрган шахсларга кўмаклашиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича инфратузилманинг яратилганлиги алоҳида аҳамиятга эга.

    Маълумот учун, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази нодавлат нотижорат ташкилот сифатидаги 3 йиллик фаолияти мобайнида оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахслар билан бирламчи ва изчил профилактика тадбирларини ўтказиш, уларга «ишонч телефони» орқали зарур маслаҳат бериш тизимини яратиш борасида қатор ишларни амалга оширди.

    Мажлис қатнашчилари оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб қабул қилинаётган мазкур қарорнинг айрим жиҳатларига ўз эътиборини қаратди.

    Бундан ташқари, мажлисда Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланган давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг хотин-қизларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларини ўрганиш, уларнинг олдини олишга қаратилган, шу жумладан, ўз жонига суиқасд қилган шахсларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш ишлари уларни амалга ошириш, «Аёллар дафтари»га киритилган психологик ва ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли Давлат дастурларида белгиланган вазифаларни бажариш учун мутахассислар етишмаслигини инобатга олиб, бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги масъул ташкилотлар сифатида марказга яқиндан кўмаклашиши таклиф қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.