Хусусан, шу йилнинг 4 октябрь куни Фарғона давлат университетининг Маънавият ва Маърифат марказида ушбу мақсадларга қаратилган семинар машғулоти ташкил этилди.
Тадбирда Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази, Вилоят ҳокимлиги, Фарғона Вилоят Ички ишлар бошқармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари, Фарғона давлат университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, профилактика нозирлари, психологлар ҳамда тюторлар иштирок этди.
Тадбир аввалида университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов аудиторияга семинар мақсадини тушунтирар экан, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ўзгаришлар ва Президентимиз томонидан амалга оширилаётган катта ислоҳотларга дахлдорлик аввало, огоҳликдан, ёш авлодни ёмон иллатлардан жиноятлардан, гиёҳвандлик, руҳий қарамликдан асрашдан бошланишини таъкидлади.
Ўқув семинарида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшанжон Маматов ўз сўзида ёшларда гиёҳвандликка қарши кучли иммунитетни шакллантиришда зиёли қатлам бош бўғин эканини айтиб ўтди. Бу борада ҳокимлик гуруҳ раҳбари Юсуфжон Камолов етакчилигида Фарғонада, шунингдек, Фарғона давлат университетида ушбу профилактика ойлиги фаоллик билан ташкил этилаётганлигини эътироф этди.
— Барча устозларимизни ўтган касб байрамлари билан чин қалбимдан табриклайман. Улар ҳар соҳада бизнинг таянчимиздир. Қолаверса, Фарғона давлат университети ҳам менинг бахтли талабалигим ўтган қадрдон маскан” — деди марказ директори.
Ўқув жараёнида хотин-қизлар, ёшлар орасида кучли таъсир қилувчи дориларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида психофаол моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмларни жорий этиш юзасидан тюторлар билан жонли мулоқот олиб борилди.
— Ўзбекистонда эса аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Бу вазиятда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланмасининг янгича, айниқса, интернет тармоғидаги усулларидан ҳамиша хабардор бўлишимиз лозим, — Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов.
Семинар давомида талаба-ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ҳамда психотроп моддаларга қарши курашиш усуллари, натижалари муҳокама қилинди ва иштирокчиларга тарғиботда фойдаланишлари учун тавсия тариқасида ушбу ҳолатларнинг аянчли оқибатлари акс этган видеоролик намойиш этилди.
Ҳамкорлик материали