Олис тарих ва янги замон юзлашуви: Наманган яна бир фестивалнинг доимий мезбонига айланди

    Наманганнинг қадимий Ахсикент шаҳри ёдгорлиги жойлашган ҳудудда минглаб сайёҳлар ва санаът ихлосмандларини ўзига жалб эта олган “Қадимий садолар акси” фестивали ташкил этилди.

    Фестивал учун узоқ тарихга эга қадимий Ахсикент шаҳри ёдгорлиги бежизга танланмаган. Зеро, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган бу кўҳна шаҳар харобалари нафақат юртимиз аҳли, балки, бутун жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортган.

    Воқелиги икки ярим минг йилга бориб тақаладиган маскан дунё илм-фани тараққиётига муносиб улуш қўшган алломалар, хусусан, Темурийлар сулоласининг забардаст вакили – ўн икки ёшида тахтга ўтирган шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурни тарбиялаб ўстирган кент сифатида маълум-у машҳур.

    Гарчи, 1620-йилдаги кучли ер силкиниши гуллаб-яшнаган Ахси қўрғонини тамоман вайронага айлантирган бўлсада унинг номи, аждодлардан қолган осори-атиқалар асрлар қаърига сингиб кетмади. Ўз даврида “Фарғона шаҳарларининг онаси”, деб улуғланган шаҳристон харобалари узоқ вақтлардан буён илм вакиллари ва сайёҳларни қизиқтириб келмоқда.

    Шу кунларда Ахсикентда олис тарих ва янги замон юзлашди. Маданият ва туризм вазирлиги ва Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Қадимий садолар акси” маданият фестивали бу ерга яқин атрофдаги қишлоқлар аҳли, маънавият фаоллари, умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари, санъат вакилларини тўплади.

    Эътиборлиси, фестивал давомида қадимий Ахсикент ўзида 3 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳларни жамлади ва улар тарихий қадамжо гўзаллигидан баҳра олиш билан биргаликда гўзал санъат намуналаридан ҳам баҳраманд бўлишди.

    — Бугунги тадбир чинакам байрамга айланди. Тарихчи олимларнинг чиқишлари билан иштирокчиларнинг кўҳна шаҳар ҳақидаги тасаввурлари мустаҳкамланган бўлса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва авлодларининг санъаткорлар томонидан намойиш этилган сиймолари аждодлар қиёфасини ёшлар кўз ўнгида гавдалантирди, — дейди фестивалга ўз ўқувчиларини олиб келган Тўрақўрғон туманидаги 58-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳамзабек Сиддиқов.

    Анжуман доирасидаги бадиий дастур, Ахсикентдан топилган осори-атиқалар, шунингдек, маҳаллий аҳоли ижоди маҳсули бўлган ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси тадбир мазмунини бойитди. Иштирокчилар бу ерда ташкил этилган осмон остидаги музейга сайр қилдилар. Ташкилотчиларнинг айтишига қараганда, Наманган вилояти маданий ҳаётидан муносиб ўрин оладиган фестивалнинг эндиликда ҳар йили баҳорда мунтазам ўтказилиши анъанага айланади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates