Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази ходимлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, ваколатли вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирок этган давра суҳбатида, олий таълим муассасаларида 2021/2022 ўқув йилига тайёргарлик, қабул параметрлари ҳамда 2021/2022 ўқув йили учун кириш имтиҳонларининг ташкил этилиши каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Давра суҳбатини бошқариб борган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Давлат раҳбарининг мазкур масаладаги қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига батафсил тўхталди. Хусусан, мазкур ҳужжат билан “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 232-бандида белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ижроси таъминланаётгани қайд этилди.
Ўз навбатида, қарор билан ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш, олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, карантин шароитида абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва кириш имтиҳонларини талаб даражасида ташкил этишга оид устувор вазифалар белгилаб берилмоқда.
Жумладан, 2021/2022 ўқув йили учун бакалавр йўналишида кундузги таълим шаклига 113 530 нафар, сиртқи таълим шаклига 37 675 нафар, кечки таълим шаклига 6 550 нафар ҳамда магистрлар тайёрлаш бўйича 12 900 нафардан иборат давлат буюртмаси параметрлари белгиланмоқда.
Шунингдек, 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат гранти асосида кадрларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотлари учун ҳам шакллантирилади. Бунда хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича 500 нафар талаба учун грант ўринлари ажратилади.
Абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда касбий (ижодий) имтиҳонлардан сўнг мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади.
Давра суҳбатида мутахассислар томонидан магистратурага кириш имтиҳонларига киритилаётган ўзгаришлар бўйича ҳам атрофлича маълумот ва тушунтиришлар бериб ўтилди. Хусусан, 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб, магистратурага кириш имтиҳонлари 2 босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда мос фанлар бўйича кириш имтиҳонлари, иккинчи босқичда ДТМ томонидан чет тили бўйича тест синовлари ўтказилади.
Бунда, чет тили бўйича тегишли даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентлар тест синовидан озод қилинади ва мазкур фандан максимал балл берилади. Мос фанлар бўйича имтиҳонлар натижалари эса уч кун муддатда ОТМ томонидан ДТМга тақдим этилади ҳамда ўзининг веб-сайтида эълон қилинади.
Шунингдек, эндиликда қарорда белгилаб берилганидек, олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.
Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кириш имтиҳонларининг ташкил этилиши билан боғлиқ барча саволларга атрофлича жавоб берилган давра суҳбати якунида, соҳага масъул бўлган вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар юзасидан ҳам қўшимча маълумот берилди, дея хабар беради “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.