Олий таълим муассасаларининг жойлашуви пойтахтдаги тирбандликка қандай таъсир қилади?

    Бугунги кунда Тошкент шаҳрида тирбандлик юқори бўлган йўлларнинг жами узунлиги 120 километрдан ортиқ.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари олий таълим муассасаларининг жойлашуви шаҳарларнинг ҳолатига, жумладан, тирбандлик муаммосига қандай таъсир қилишини ўрганди.

    Таълим муассасалари ривожланишнинг асоси ҳисоблангани учун уларни оқилона жойлаштириш шаҳарсозликнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Масалан, 2012 йилда Москвада йўллардаги юкламани камайтириш мақсадида 2020 йилгача пойтхтда мавжуд бешта йирик университет учун Москва ҳалқа йўли ташқарисида ўқув биноларини қуриш режалаштирилган ва бир нечта нуфузли олий таълим муассасасини оптималлаштиришга қарор қилинганди. Дунё миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, "QS World University Ranking" рейтингидаги 25 та энг нуфузли олий таълим муассасасининг 9 таси пойтахт шаҳарларда ва қолган 16 таси пойтахт шаҳарлардан ташқарида жойлашган.

    Тадқиқотда Тошкент шаҳри йўлларининг тирбандлик даражаси қуйидагича баҳоланди:

    - йўллардаги ўртача тезлик бўйича;

    - тирбандлик мавжуд йўлларнинг узунлиги бўйича:

    - ижтимоий сўров натижалари бўйича.

    Маълумот учун: Тирбанд йўлларнинг узунлиги QGIS дастури воситасида Quick Map Services маълумотлари асосида аниқланди. Тирбандлик харитаси бўйича автомобиль йўлда соатига 10 километрдан кам тезликда ҳаракатланса – тўқ қизил, соатига 10-25 километр оралиқдаги тезликда ҳаракатланса – қизил, соатига 25-45 километр оралиқдаги тезликда ҳаракатланса – сариқ ва соатига 45 километрдан юқори тезликда ҳаракатланса – яшил рангда ифодаланади. Шуни инобатга олиб, фақат қизил ва тўқ қизил рангли йўллар таҳлил қилинди.

    Тадқиқот натижасида қуйидагилар аниқланди:

    1. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида тирбандлик юқори бўлган йўлларнинг жами узунлиги 120 километрдан ортиқ. Бу Тошкент шаҳридан Гулистон шаҳригача бўлган масофа (119 километр) дан ҳам ортиқ.

    2. Республика олий таълим муассасаларининг 43 фоизи Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, жами талабаларнинг 34 фоизи (354 минг) пойтахтда таҳсил олади.

    3. Сўровнома иштирокчиларининг 47 фоизи айнан ўқишга қатновчилар туфайли фаолликнинг ортишини тирбандликни келтириб чиқарувчи учта асосий сабабдан бири сифатида қайд этди. Сўровда иштирок этган талабаларнинг 78 фоизи тирбандликни асосий муаммолардан бири, деб баҳолаган.

    4. Сўровда қатнашган талабаларнинг 9,3 фоизи бўш вақтларида кира қилишини билдирган. Уларнинг 91 фоизини Тошкентга бошқа ҳудуддан келиб таҳсил олаётган талабалар ташкил этган. Бу уларнинг кундалик эҳтиёжини қондириш учун қўшимча ишлашига тўғри келаётганини билдиради. Бу эса ўз навбатида, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади.

    5. Талабалар учун ўқиш давридаги фаолликнинг ортиши ўта тирбанд йўллар узунлигининг 8,5 километрдан 11,3 километргача ошишига сабаб бўлади.

    6. Ўқиш даврида тирбандликнинг ортиши сабабли бир йилда атмосферага қўшимча 507 тонна карбонад ангидрид ажралиб чиқади. Бу ҳолат қўшимча 19 минг 31 туп дарахт экиш ёки 53 гектар яшил ҳудуд барпо этишни талаб қилади.

    Таъкидлаш жоизки, ОТМларнинг пойтахтда марказлашуви туфайли бошқа ҳудудлардан кўплаб ёшлар Тошкент шаҳрига келиб таълим олмоқда. Тошкент шаҳрида нархларнинг бошқа ҳудудлардагига нисбатан юқорилиги, талабалар турар жойларининг етишмаслиги ва ижара нархининг баландлиги таълим харажатлари бир неча баробар ортиб кетишига олиб келмоқда.

    Иқтисодиётнинг маълум тармоғи учун мутахассислар тайёрловчи таълим муассасаларини шу тармоққа ихтисослашган ҳудудларда жойлаштириш фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаб, таълим сифатини оширишда ёрдам беради. Шу билан бирга, олий таълим муассасалари атрофида хизмат кўрсатиш объектларининг кўпайиши ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига мультипликатив таъсир қилиб, ҳудудлараро табақалашув даражасини қисқаради.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates