Олий таълим: юксалиш йўлидаги муҳим қадамлар

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2021 йил 31 декабрь сонида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг "Олий таълим: юксалиш йўлидаги муҳим қадамлар" номли мақоласи эълон қилинди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Бугун жаҳонда барча соҳаларда ривожланиш, такомиллашиш тенденцияси жуда юқори суръатда кечмоқда. Бу юртимиз таълим соҳасидаги жадал ислоҳотларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

    Президентимиз раислигида ўтган йил 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда кейинги бир неча ўн йилликларга мўлжалланган талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, олий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган стратегик мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.

    2021 йилга келиб, юртимизда олий таълим муассасалари сони 156 тага етди. Олий таълимга қабул квотаси уч б аробар оширилди. Мисол учун, ўтган йилда 170 минг нафардан ортиқ йигит-қиз талабалар сафидан жой олгани, давлат грантлари 7 минг 250 тага ёки 25 фоиз оширилгани халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи бўлган ёшларнинг юқори билим ва малакага эга, рақобатбардош кадрлар бўлиб етишиши, олий таълим олиши учун кенг имконият ва шароит яратилишига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганига яққол далилдир.

    Ҳолбуки, 2016 йилда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари сони 77 та бўлиб, қамров 9 фоизни ташкил этарди. Қисқа муддатда олий таълим муассасалари сони икки баробар ортгани ва умумий қамров 28 фоизни ташкил этгани нафақат ёшларнинг, балки умумжамиятнинг интеллектуал салоҳияти ошаётганидан далолатдир. Авваллари бир оиладан бир киши олий таълим олиш имкониятига эга бўлган бўлса, бугун бир оиланинг икки-уч аъзоси учун шундай шароит мавжуд. Янада қувонарлиси, олий таълимга қамров изчил кенгайиб, 50 фоизга оширилиши кўзда тутилаётгани Ўзбекистон ёшларининг глобал меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

    Тараққиёт драйвери

    2021 йил 25 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, нодавлат олий таълим муассасалари 21 тага, хорижий олий таълим муассасалари 30 тага, давлат олий таълим муассасалари 106 тага етди.

    Шунингдек, 2021 йилда 2 та филиал ва 3 та педагогика факультети негизида педагогика институтлари, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус ҳамда Термиз филиаллари, Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали алоҳида институтларга айлантирилди.

    Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети, унинг Бухоро ва Қарши филиалларига алоҳида институт мақоми берилди.

    “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилгани юртимизда юксак интеллектуал салоҳиятга эга, жаҳон меҳнат бозори, илм-фан ва технологиялар оламида рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар кадрларни тайёрлаш борасидаги муҳим қадам бўлди.

    Ҳар қандай мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида жаҳон андозалари даражасида билим олган, заковатли, ҳар томонлама баркамол миллий кадрларга эҳтиёж сезади.

    Мамлакатимиздаги ҳар бир олий таълим муассасасининг жаҳондаги етакчи илмий тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиши, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологияларни жорий қилиши, юртимизда етакчи хорижий университетлар филиаллари ташкил этилишини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

    Шу ўринда мамлакатимизда фаолият бошлаган Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети филиали, Қозон федерал университети филиали ҳамда Италиянинг Пиза университети филиалини алоҳида қайд этиш жоиз.

    Таълим жараёни халқаро талабларга мослаштирилмоқда

    Жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим жараёни янги стандартлар ва малака талаблари асосида тўлиқ кредит-модуль тизимига ўтказилди.

    Таълим жараёнини ортиқча меъёрлаштиришни қисқартириш мақсадида олий таълимнинг 26 та таълим соҳаси бўйича давлат таълим стандартларидан воз кечилди ва соҳада иккита таълим стандарти қолдирилди, холос. Мазкур стандартлар ЮНЕСКО томонидан жорий этилган “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси” асосида қайта ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ва давлат рўйхатидан ўтказилди.

    Янги стандартлар ва малака талаблари асосида кредит-модуль тизимига мос равишда ОТМлар томонидан 625 та бакалавриат таълим йўналиши ва 634 та магистратура мутахассислиги бўйича ўқув режалар ҳамда 4,7 мингдан зиёд ўқув дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

    Натижада олий таълимнинг меъёрий-услубий тизими халқаро стандартларга мувофиқ жорий этилади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакат олий таълим тизими жаҳон таълим тизимига тўлиқ интеграция қилиниши, халқаро академик ва илмий мобиллик ҳуқуқий асосга эга бўлиб, кескин кенгайишига хизмат қилади. Шунингдек, дипломлар, академик ва илмий даражалар конвертацияси учун қулай шароит яратилади. Таълим дастурларини халқаро миқёсда уйғунлаштириш имконияти кенгаяди. Мамлакат олий таълим муассасалари халқаро рейтингларда тенгма-тенг иштирок этиши, таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш, халқаро академик ва илмий лойиҳалар кўлами ва қўшма дастурлар асосида ўқитиш салоҳияти ошади.

    Жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни етакчи хорижий таълим муассасаларида тайёрлаш фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири. Ана шу мақсадда ўтган йил “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик ва грант дастурлари доирасида 1345 нафар профессор-ўқитувчи хорижий олий таълим ҳамда илмий тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилди. Уларнинг 579 нафари Европа, 172 нафари Америка, 82 нафари Осиё, 512 нафари МДҲ мамлакатларида таҳсил олмоқда.

    Олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2021 йилда 1793 нафар хорижлик мутахассис маҳаллий ўқув жараёнига жалб қилинган бўлиб, уларнинг 481 нафари Европа, 97 нафари Америка, 263 нафари Осиё, 952 нафари МДҲ мамлакатлари профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассисларидир.

    Бугун ҳеч бир соҳани ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Таълим жараёнига олий таълим муассасаларидан олинадиган турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизимини рақамлаштириш мақсадида “Рақамли университет” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ушбу ахборот тизими маъмурий, ўқув, илмий ва молиявий жараёнларни бошқариш модулларини ўз ичига олади.

    Мамлакатимиз таълим тизимидаги туб ижобий бурилишлар халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам эътироф этилмоқда. Жумладан, QS халқаро рейтинг компаниясининг ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари рейтингида Ўзбекистон Миллий университети ўтган йили 351+ натижа кўрсатган бўлса, 2022 йил учун эълон қилинган рейтингда 100 поғона юқори кўтарилиб, 251+ ўринни эгаллади.

    Бундан ташқари, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети 211+ ўрин билан ўтган йилги кўрсаткичидан 40 поғона юқори кўтарилди. Тошкент давлат техника ва Самарқанд давлат университетлари ўтган йилги 351+ ўринни сақлаб турибди.

    Талаба моддий қўллаб-қувватланмоқда

    Айни пайтда ОТМга ўқишга кириши учун ёшларимизга 20 га яқин имтиёз берилган бўлиб, уларнинг асосий қисми давлат гранти асосида қабул қилинади. Шу билан бирга, талабалар учун ҳам қатор имтиёз ва имкониятлар яратиб келинмоқда.

    Жумладан, 2021/2022 ўқув йилида ихтиёрий равишда эмланган (бакалавриат ва магистратура) талабаларга белгиланган тўлов-шартнома миқдорига нисбатан 10 фоиз чегирма берилди.

    2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар тўлов-шартнома суммасини тенг улушда, ўқув йили давомида тўрт маротаба бўлиб тўлаш ҳуқуқига эга бўлди. Ютуқлар, қилинган ишлар, берилаётган имтиёз ва ваколатлар асосан ёшларнинг билим олиши, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу мақсадлардан далолат.

    Жорий ўқув йилидан бошлаб базавий тўлов-шартнома асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди.

    Унга кўра, ҳокимликлар ҳар ўқув йилида 100 нафардан хотин-қиз учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўловшартнома суммасини тўлаб беради. Шунингдек, молиявий барқарор олий таълим муассасалари 50 нафаргача хотин-қизни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бепул ўқитиб беради. Бу тоифадаги хотин-қизлар тўлов-шартнома асосида ўқишга тавсия этилади, аммо имконияти йўқлиги туфайли шартнома пулини тўлолмай талабалик бахтига мушарраф бўлмасди. Уларга давлат томонидан олий таълим олиш учун катта имконият берилмоқда.

    “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-шартноманинг тўлиқ суммасини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби жорий этилгани мамлакатимизда инсонпарварлик сиёсати устуворлигининг яққол исботи бўлди.

    Ўтган йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан таъминланмаган, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар тўлайдиган ойлик ижара ҳақининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Барча талабани ётоқхона билан таъминлаш имконияти мавжуд эмас. Истаймизми-йўқми, улардан айримлари ижарада туришга мажбур. Тўловшартнома билан бирга ижара ҳақини тўлаш ота-онага оғирлик қилади. Натижада талабалар арзон, шароити ҳаминқадар уйларда яшашга мажбур бўляпти ва оқибатда турли нохуш вазиятлар юзага келмоқда. Янги тартиб жорий этилиши ана шундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш ва талабанинг қулай шароитда яшашини таъминлаш учун яна бир имкониятдир.

    Тарихий қарорлар

    Яқинда Президентимиз олий таълим соҳаси бўйича иккита тарихий қарорни имзолади. “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлар соҳадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга.

    Иккала қарор ҳам олий таълим тизими учун жуда катта янгилик бўлди. Бу қарорлар лойиҳаси устида салоҳиятли ОТМ ректорлари, профессор-ўқитувчилар, меҳнат жамоалари, маҳаллий экспертлар, 30 нафардан зиёд хорижий мутахассис тўққиз ой давомида ишлади. Қарор эмас, бутун қонунларни ўзида акс эттирган кодекс устида шунча вақт ишлаш мумкин. Қарор лойиҳаси икки ой муҳокама қилинди. Мақсад — давлат олий таълим муассасаларининг хусусий ва хорижий ОТМ филиаллари билан рақобатга киришиши ва мустақил қарор қабул қилиши учун имконият бериш: ҳам молиявий, ҳам академик жиҳатдан. Энди ўқув режаси, ўқув дастури, ҳатто бакалавриат, магистратурада ўқиш муддатини ҳам ОТМнинг ўзи белгилайди.

    Давлат буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ бир талабага тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Мисол учун, бир талаба учун ўртача харажат миқдори олий таълим муассасаси ички имкониятидан келиб чиқиб, 8 миллион сўмдан 30 миллион сўмгача маблағни ташкил этмоқда.

    Тўлов-шартнома асосида ўқитиш қиймати таълим хизматлари бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, аммо базавий тўлов-шартнома қийматининг уч баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади.

    Жорий ўқув йилида давлат олий таълим муассасаларида кундузги бакалавриат учун тўлов-шартнома қиймати таълим йўналишига қараб, 6,4-9,8 миллион сўмни ташкил этади. Олий таълим муассасасида илмий салоҳиятни ошириш учун давлат буюртмасидан ташқари докторантурага квотага қўшимча талабгорларни қабул қилиш ваколати мавжуд эмас эди. Тўлов-шартнома асосида докторантурада ўқиш қийматини белгилаш ва ўз маблағи ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага қабул қилиш ваколати тақдим этиляпти. ОТМ ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни чоп этиш ваколати берилди. Шу пайтга қадар вазирликда бўлган бу ваколатнинг ОТМларга берилиши билан узоқ навбатларнинг олди олинади. Адабиётларнинг ўз вақтида чиқиши ва талабалар қўлига етиб бориши таъминланади. Биз олдингидай таниш-билиш, коррупция бўлиб кетади, десак, ўлчамни шу фикрлар билан олсак, ҳеч қачон ривожланмаймиз. Очилиш, имконият яратиш вақти келди, деб ўйлайман.

    Қарор лойиҳаси муҳокамасида бир масала қўйилди: проректорларни вазир эмас, ректорларнинг ўзи, кузатув кенгаши тайинласа қандай бўлади? Бу вазирдан ваколат кетади, дегани эмас. Биз ректорларга мана шу ваколатни берамиз. Зеро, ривожланган хорижий мамлакатларда университет ректори бекорга ОТМ президенти, деб аталмайди. Бунинг учун олий таълимда ҳар бир қадамимиз либераллашувга асосланган бўлиши керак.

    Академик мустақиллик ҳар қандай ОТМ фаолиятининг асосий тамал тоши саналади. Чунки усиз ОТМда янги ғоя, инновация, янгича илмий тадқиқотлар бўлмайди. Шунинг учун ҳам асосий ваколатлар белгилаб қўйилди.

    Ушбу қарорларга мувофиқ, мамлакатимиздаги 35 та олий таълим муассасасига ҳам молиявий, ҳам академик ва ташкилий бошқарув соҳаларида қўшимча ваколатлар, мустақиллик бериш белгиланди. Савол туғилади: нега 35 та? Мамлакатимизда бугун 160 га яқин ОТМ мавжуд, уларнинг 106 таси давлатга қарашли. Нега айнан 35 та ОТМ танлаб олинди?

    Авваламбор, етакчи олий таълим муассасалари бўлгани ва миллий рейтингда юқори ўрин эгаллагани, моддий-молиявий имконияти ҳамда илмий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда шунча ОТМ танлаб олинди. Энг асосийси, уларнинг етакчилигига э ътибор қаратилди. Бу бошланғич қадам ҳисобланади. Кейинги босқичда бу саф кенгайиши кўзда тутилган. 35 та ОТМнинг 2022 йил 1 январдан молиявий, 2022/2023 ўқув йилидан ташкилий ва академик мустақиллигини олиб боришига қараб, қарорда белгиланган мустақиллик мана шу даражага етган ОТМларга босқичма-босқич бериб борилади.

    Молиявий мустақил ОТМларда васийлик кенгашлари тугатилиб, кузатув кенгаши ташкил этилмоқда. Бу кенгаш таркиби кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари — фаол фуқаролик позициясига эга шахслар ва ҳомийлардан 70 фоиздан кам бўлмаган таркибда тузилади.

    Биринчи навбатда, молиявий мустақиллик берилаётган ОТМларга стандарт нормативлардан фарқли ўлароқ, ўз хусусиятидан келиб чиқиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва кузатув кенгашлари орқали тасдиқлатиб, амалиётга жорий этиш ваколати бериляпти. Бу ваколатларнинг берилиши ОТМларда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади. Мазкур олий таълим муассасалари бундан буён ўзининг стратегик ривожлантириш дастурлари, бизнес режалари ҳамда даромад ва харажатлар параметрини мустақил шакллантириб, кузатув кенгашлари муҳокамасидан ўтказиб, амалиётга жорий этади.

    Шу билан бирга, ОТМлар молиявий имкониятидан келиб чиқиб, иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга ўқиш даврида стипендия ва грантлар эълон қилади. Бу ҳам қарорнинг энг муҳим янгиликларидан бири. Тўлов-шартнома миқдори, уларни тўлаш ва узайтириш муддатини мустақил белгилайди. Таълим сифатини ошириш мақсадида хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни таълим жараёнига шартнома асосида жалб қилади. Мазкур ОТМлар молиявий ресурсини ишлатиш тартибини мустақил белгилайди. Бюджетдан ташқари қўшимча маблағлар ишлаб топиш, профессор-ўқитувчилар ва ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш мақсадида инновацион ишланмаларини тижорийлаштириш учун нодавлат нотижорат ташкилотлар ташкил этиш ва даромад топиш имконияти ошади. Бу даромад, шубҳасиз, таълим ривожига сарфланади.

    Ижтимоий солиқ ставкасининг амалдаги 25 фоиз ўрнига 12 фоизга туширилиши ҳам ОТМга тежалган маблағлар ҳисобидан профессор-ўқитувчилар ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини ошириш ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлашга йўналтирилади.

    Ушбу қарор билан кузатув кенгашларига яна бир муҳим ваколат берилмоқда. У ҳам бўлса, ҳар бир олий таълим муассасаси ўз хусусиятидан келиб чиқиб, ташкилий тузилмаси ва штат бирликларини мустақил жорий этади. Амалда барча ОТМ учун ягона бўлган намунавий штатлар шакллантириб келинган. Англаш мумкинки, ҳар бир ОТМнинг ўз хусусиятидан келиб чиқиб, зарур бўлинма ёки штат бирликларини жорий этишга имконияти бўлмаган.

    Ушбу ОТМлар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб тўлов-шартнома асосида қабул параметрларини таълим бозоридаги талаб ва таклифлардан ҳамда илмий салоҳияти ва моддий-техник базасидан келиб чиқиб, мустақил белгилайди. Бу билан меҳнат бозорида иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган мутахассисларни кадрлар буюртмачисининг талаби асосида тайёрлашга замин яратилади.

    Мамлакатнинг тараққиёти, асосан, илму маърифат ва инновацияларга асосланади. Шундай экан, олий таълимга қаратилаётган эътибор, асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга ғамхўрлик юртимизда улуғ мақсадга эришиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу — янги уйғониш даврига пойдевор, унинг асосида, ёшларнинг эртанги кунга, тараққиётга ишончи акс этади. Таълим ривожланар экан, мамлакат тараққиёти кафолатланади. Бу эса ўзида янги Ренессанс даврини ифода этади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates