Олий ва касб-ҳунар таълими: эврилиш ва юксалиш йўлидаги залворли одимлар

    Олий таълимнинг барча босқичини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш ва модернизация қилиш борасидаги ишлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, сифатли ва мазмунли таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, шунинг баробарида жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов билан суҳбатимиз шу мавзуда кечди.

    Жаҳон андозалари даражасида билим олган, заковатли, ҳар томонлама баркамол миллий кадрларни тайёрлаш бевосита ўқитиш тизимининг қандай ташкил этилганига боғлиқ. Шу боис, мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим соҳасининг барча босқичини ислоҳ қилиш, халқаро андоза ва замонавий талаблар асосида ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

    Жумладан, олий таълимнинг барча босқичини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш ва модернизация қилиш борасидаги ишлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, сифатли ва мазмунли таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, шунинг баробарида жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

    Шу ҳафта Президентимизнинг “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда “2022/2023 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметр лари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

    Шунингдек, давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеселектор йиғилишида касб­-ҳунар таълимини замон талабларига мослаштириш юзасидан зарур топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди. Мухбиримиз олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир ТОШҚУЛОВ билан суҳбатлашиб, мазкур масалалар юзасидан саволларга жавоб олди.

    — Мазкур меъёрий ҳужжатлар ва видеоселектор йиғилиши олий ҳамда профессионал таълимни сифат жиҳатдан янада юксалтириш, натижада мамлакатимиз ижтимоий­иқтисодий жабҳалари ривожига беқиёс ҳисса қўшадиган етук кадрларнинг шаклланишига хизмат қилади, — дейди А.Тошқулов.

    Шунингдек, қарорга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 12 та олийгоҳ учун эксперимент тариқасида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли жорий этилди. Олийгоҳларнинг магистратура босқичида таҳсил олувчи хотин-­қизларнинг тўлов­-контракти тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Лицей ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрлари манфаатдор вазирликларнинг таклифи асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади. Қарорда шу каби қатор масалалар ўз ечимини топди. Шундан келиб чиқиб зиммамизга жуда катта вазифалар юклатилди. Бу йилги қабул жараёни кечиккани ҳақида ҳам ижтимоий тармоқларда ҳақли эътирозлар янгради. Нима учун кечиккани сабабини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аввало, бу йилги қабул муддати ўзгаргани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Квота эса анча олдин аниқ бўлганди. Шу боис, кейинги ўқув йилларида муаммо бўлмаслиги учун давлатимиз раҳбари томонидан фақат фармойиш имзоланади. Кейинги ўқув йилидан бошлаб қабул борасида унчалик жиддий янгиликлар кутилмайди. Зеро, бу борадаги муаммолар ўз ечимини топиб бормоқда. Фақат квотани тасдиқлаш масаласи очиқ қолади. Бу ҳам илгаригидек мураккаб жараён бўлмай қоляпти. Сабаби, академик ва молиявий мустақиллик берилган 36 та ОТМга ҳозирча контракт тизими квотасини ўзи белгилаши ваколати берилган. Бу ҳам бозор қонунияти, ривожланган мамлакатлар тажрибаси. Янги ўқув йилидан профессионал таълим муассасаларига қабул Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зиммасига юклатилди. Бундан ташқари, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, давлат олийгоҳларига ўқишга қабул қилиш параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади.

    Шунингдек, тўлов-­контракт асосидаги қабул параметрлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик (идора) томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади, ҳар йили 20 июнга қадар эълон қилинади.

    Яна бир янгилик: хорижий ва нодавлат олийгоҳларга ажратиладиган давлат гранти миқдори 1 000 та этиб белгиланди. Бу ўтган йилгига нисбатан икки баробар кўп демак. Бу жараёнда давлат буюртмачиси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлади. Жорий йил юртимизда фаолият юритаётган 31 та хорижий ва 26 та нодавлат олийгоҳга жами 34 минг нафар талаба қабул қилиниши кутилмоқда.

    Нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига грант берилаётганининг аҳамияти катта. Чунки уларда таҳсил олаётган ёшларнинг аксарияти келгусида мамлакатимиз иқтисодиётига, миллий давлатчилигимиз равнақига хизмат қилади. Қолаверса, бу ОТМлар ўртасида соғлом рақобатни ҳам шакллантиради.

    Энг салмоқли ўзгаришлардан бири ёшларнинг хориждан ўқишини юртимизга кўчириш бўйича бўлди.

    Ўтган йилларда хориждан ўқишни кўчиришга доир аризалар кўпайган эди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб хорижий ОТМлардан ўқишни кўчириш бу бўйича кўрсаткич 10 фоиздан ошмайди. Бу билан талабаларимизнинг келишини хоҳламайдиган раҳбар сифатида кўринмасликни истамайман, аммо ҳамма жойда тартиб бўлиши лозим. Айни шу қадам олий таълим тизимида тартиб ўрнатиб, коррупцияга қанчалик қақшатқич зарба беришини соҳа мутахассислари яхши тушунади.

    Давлат таълим муассасаларидан биз натижа кутяпмизми, демак, фарзандларимиз алданмаслиги даркор.

    Зотан эртага аккредитациядан ўтмайдиган, нострификация қилиб бўлмайдиган хорижий ОТМ дипломининг кераги йўқ. Талаба умрининг 4 йилини беҳуда ўтказмасин. Шунинг учун ҳам хорижий ОТМга ўйлаб ҳужжат топшириш керак. Мана, олий маълумот олиш учун мамлакатимизда ҳам имконият тобора кенгаймоқда. Олий таълимга қамров 40 фоизга етяпти. Бу аввалги йилларга солиштирганда жуда катта имконият.

    Келгуси ўқув йилидан бошлаб масофавий таълим шакли жорий этилиши ҳақида айтдик. Шу ўринда кундузги таълим сифатини таъминламай туриб, масофавий таълимга ўтиш қандай бўларкан, деган савол туғилиши мумкин.

    Биринчидан, ҳамма олий ўқув муассасаси масофавий таълимга ўтмади. Кўп жиҳатлар инобатга олинган ҳолда 12 та олий таълим муассасасига 3410 та квота ажратилди. Бу хориж тажрибасида мавжуд. Юртимизда пилот лойиҳа сифатида амалиётга жорий этилади.

    2022/2023 ўқув йили учун ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари умумий квотаси 121 395 та этиб белгиланди. Жумладан, бакалавриатга 110 707, (жумладан, кундузги таълим шаклига 77 477, сиртқи таълим шаклига 26 095, кечки таълим шаклига 3 725, масофавий таълим шаклига 3 410 нафар), магистратурага 10 688 нафар ўрин ажратилди.

    Шу билан бирга, молиявий мустақиллик берилган 36 та давлат ОТМнинг тўлов­-контракт бўйича 50 мингдан ортиқ абитуриент олиш бўйича қабул параметри кузатув кенгашлари қарори билан тасдиқланиши режалаштирилган. Натижада жорий ўқув йилида қабул параметри ўтган йилга нисбатан кескин ошади. Молиявий мустақиллик берилган олийгоҳлар томонидан магистратурага 2 904 нафар талабани қабул қилиш кўзда тутилган.

    Энг катта ўзгаришлардан яна бири шуки, хотин­-қизлар алоҳида 2 мингта ва 5 йил стажга эга аёл мутахассисларга 500 та квота ажратилди. Дейлик, тиббиёт муассасасида 5 йил ишлаган ҳамшира Оила ва хотин-­қизлар давлат қўмитасининг тавсияномаси асосида Тошкент тиббиёт академиясида ўқиш учун ҳужжат топширса, 500 та ўриндан бирини эгаллаш учун танловда қатнашади. Буни имтиҳонсиз қабул қилинади, деб тушунмаслик керак.

    Хотин­-қизларнинг давлат ва жамиятдаги фаоллигини ошириш мақсадида улар учун 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб янги тизим яратилмоқда. Унга кўра, бакалавриатнинг кундузги шакли бўйича қабул параметрига қўшимча 2 000 та давлат гранти ажратилади. Ушбу давлат гранти Оила ва хотин-­қизлар давлат қўмитасининг тавсияномасини олган, олий маълумотга эга бўлмаган хотин-­қизлар учун мақсадли ташкил этилади. Унинг камида 50 фоизи аниқ ва табиий фанлар, техника ва тиббиёт йўналишларига ажратилади. Давлат грантининг олийгоҳ ва бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тақсимоти ҳар йили 20 июлга қадар тасдиқланади ва эълон қилинади.

    Магистратурага ажратилган қабул параметрлари доирасида базавий тўлов­-контракт асосида талабаликка қабул қилинган хотин­-қизларнинг тўлов­-контракт миқдори давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ қопланади. Бундан мақсад битта — сифатли олий таълимга эришиш. Кўп йиллар халқнинг кўз ўнгида тизимда кўплаб адолатсизликлар қилинди. Шунинг учун ҳам юртдошларимизни эзгу ислоҳотларга ишонтириш бир оз оғир кечяпти. Энди ўша ишончни тиклашимиз, халқимизнинг эътиборини қозонишимиз керак. Президентимиз биздан бугун шуни талаб қиляпти.

    — Яқинда аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда касб-ҳунар таълимини замон талабларига мослаштириш бўйича янги тизим жорий қилиниши ҳақида сўз борди. Бу тизим ўрта махсус таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, касб-ҳунар ўрганиши учун ўқувчиларга зарур шароит яратишдаги барча жараённи қамраб оладими?

    — Давлатимиз раҳбари раислигида ўтган йиғилишга қадар уч ой тайёргарлик кўрилди. Мана шу вақт давомида барча масъул идоралар вакиллари билан жойларга чиқиб, вазиятни ўргандик. Касбий таълим усталари, педагог лар ва ўқувчилар билан суҳбатлашдик. Муаммонинг илдизини аниқлашга ҳаракат қилдик. Хусусан, Олмалиқда коллежда бўлганимда пайвандчилик касбини ўрганаётган ўқувчиларни кузатдим. Улар билан суҳбатлашиб, билдимки, пайвандчиликни ўрганиш жараёнида ишлатиладиган электродни ҳам, темир парчаларини ҳам болаларнинг ўзи олиб келаркан.

    Бир­-бирига қўшиб пайвандланадиган темир парчасини ўқувчилар ўзи билан олиб келса, пайванд қиладиган ускуна қайсидир фонднинг пулига олинган бўлса ёки қизлар ўзи келтирган матони тикиб, ҳунар ўрганса... Очиғи, буни кўриш жуда оғир эди. Президентимиз топшириғидан сўнг тизим буткул ўзгарадиган бўлди.

    Профессионал таълим умумтаълимга нисбатан қиммат, лекин энг тез ва самарали фойда берадиган соҳа. Профессионал таълимда ўқувчи ўқиётган вақтининг ўзида пул топа олади. У икки ҳафта пайвандлашни ўргангач, устозининг ёнида ишлаб, кунлик харажатини ўзи топа бошлайди. Шунинг учун энди техникумларнинг нуфузи ошади. Самара бермаган, қамровни эплолмаган касб-­ҳунар таълим муассасаларининг сони 70 тага қисқаради.

    Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда касб-­ҳунар таълими кенгашлари ташкил этилади ва уларга ҳокимлар раҳбарлик қилади. Кенгаш таркибига давлат идоралари, банклар раҳбарлари, ректорлар ҳамда туман иқтисодиётидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва сервис корхоналари бошлиқлари киритилади. Улар мутахассисларга мавжуд эҳтиёж асосида мономарказ ва коллежларда ўқитиладиган касбларни белгилайди, ёшларни ишлаб чиқариш корхоналарига бириктириб, амалиётини ташкил этади.

    Бу профессионал таълимни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлади. Биринчидан, профессионал таълимда олий таълимга нисбатан ҳам муаммолар кўплигини яхши биламиз. Шунинг учун 2022 йилни вазирлик учун профессионал таълим йили сифатида қабул қилдик. Энг муҳими, Президентимиз худди шу тизимга жуда катта эътибор қаратди. Ўтган йиллар давомида 1500 дан ортиқ коллежнинг тақдири нима бўлганини кўрдик. Ўзим ҳам айни пайтда техникум ва касб­ҳунар мактабларидаги шароитни ўрганиб юрибман. Техникум, касб-­ҳунар мактабларидаги шароит яхши эмаслигини, ҳаттоки тикувчиликка ихтисослаштирилган йўналишларда мато йўқлигини кўрдик. Шу сабабли, қисқа муддатда жуда катта ислоҳот амалга оширилади.

    Олийгоҳлардаги камида 60 та таълим йўналиши техникумларга берилади. Келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб техникумларнинг илмий даражали муаллимларининг маоши олийгоҳ ўқитувчилариникига тенглаштирилади. Шу билан бирга, олий таълим муассасалари талабалари учун жорий этилган имтиёзли таълим кредити янги ўқув йилидан техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам жорий этилади. Шунингдек, уларда ўқиш учун давлат гранти ва эҳтиёжманд оила аъзолари учун субсидиялар миқдори кўпайтирилади. Айрим техникумларга бир йилда 2 марта қабул қилиш амалиёти жорий этилади.

    Профессионал таълим педагог ва усталарининг ойликлари оширилади. Фидойи ва ташаббускор мураббийларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўланади. Келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.

    Олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий- тадқиқот олиб бориши учун яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталсангиз.

    — 2021 йилда олий таълим муассасаларида фалсафа докторлиги илмий даражасини ёқлаш 2016 йилга нисбатан 6 баробар ошган. Сондан сифатга қараб ўсиш кузатиляпти. Бугун сизга катта мамнуният билан айтаман: тўртта етакчи олий таълим муассасаси докторантлари учун турар жой қуриш бўйича лойиҳаларимиз тайёр. Қурилиш жараёни бу йилдан бошланади. Докторантлар уйи 2023 йилнинг охиригача фойдаланишга топширилади. Бунга вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағи йўналтирилади.

    Олий таълим муассасаларининг ректорларига вилоятлардан келиб, пойтахтда илмий фаолият билан шуғулланаётган ёки изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар ижара харажатининг асосий қисмини тўлаш бўйича топшириқ берилди. Бироқ молиявий мустақилликка эга 36 та олий таълим муассасаси кузатув кенгашлари қарорига кўра, докторантларнинг йўл харажати ва ижара пулини тўлаб беради.

    Ҳозир биз янгича йўл тутяпмиз. Янгидан қурилаётган ётоқхоналарнинг бир қисмини алоҳида кириш йўли билан ажратиладиган меҳмонхонага айлантиряпмиз. Бу ерга хориждан жалб этиладиган педагоглар жойлаштирилади. Чунки олий таълим муассасаларининг олдига умумий ўқитувчиларнинг камида 5 фоизини хорижлик мутахассислар ташкил этиши бўйича талаб қўйиляпти. Бу ўқитувчилар кўпроқ университет кампусида яшаши, ётоқхоналарни айланиши, талабалар билан суҳбат қилиши керак. Ўзим ҳам вилоятларга чиқсам, ётоқхонадаги меҳмонхонада тураман. Шунда талабалар билан кўнгилдан суҳбатлашишим, мониторинг ўтказишим, ижтимоий муаммоларни ўрганишим мумкин. Қурилаётган ётоқхоналарнинг иккинчи қисми эса оилавий яшайдиган докторант ва талабаларга ажратилади. Бундай тои фали оилалар бор ва улар минглаб учрайди. Бу шароит асосан молиявий аҳволи барқарор бўлган олий таълим муассасаларида бор, лекин барча олийгоҳларда оила институтига эътибор қаратилиши керак. Хорижга борадиган ректорларга ўзи билан камида 5 нафар талабани олиб кетиш топшириғи берилди. Бу таклифни Ўзбекистон Миллий университетидаги учрашувда талабалар билдирганди. Бу ҳам келгусида талабаларнинг дунёқараши янгиланиб, илмга, таълимга муносабати тубдан ўзгаришига хизмат қилади, деб ўйлайман.

    — Бугун олий таълим коррупциядан холи, дея оламизми?

    — Юқорида айтганимиздек, халқимизнинг олий таълим ҳақидаги фикрини ўзгартиришга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Минг афсуски, тизимда айрим ҳолатларда маиший коррупция учрайди, лекин вазир сифатида тизимли коррупцияни йўқотдик, деб айта оламан. Ўқишни кўчириш билан боғлиқ жузъий муаммолар учрамоқда. Биз фирибгарларга йўл очиб бермаслигимиз керак. Ҳар қандай имконият, ҳар қандай имтиёз, айримлар учун “имконият” вазифасини бажармоқда. Энди бундай бўлмайди.

    Янги ўқув йилидан эътиборан, оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ҳамда давлат органлари ходими иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзандининг ўқишини кўчиришга рухсат берилади. Бу тартиб-таомил фақат давлат олий таълим муассасалари орасида амалиётга татбиқ этилади.

    Ўтган йили ўқишни кўчириш учун 60 мингта ҳужжат топширилган. Талаба тупроқшуносликка топширган, мақсади — биология йўналишида ўқиш. Аслида биринчи курсданоқ мақсадни аниқ белгилаб олиш керак эди. Бундан олдин ташхис маркази, ота-­оналар ишлаши лозим. Бу йил ўқишни кўчириш учун 150 минг ҳужжат топширилиши тахмин қилинган.

    Магистратурага бу йил фақат хорижий тил бўйича халқаро ва маҳаллий сертификат олган бакалавриат битирувчилари топшира олади. Магистратурага қабул жараёни бир йилда икки марта (август ва январь ойларида) абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича сертификат бали асосида амалга оширилади, қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.

    Ўтган йили 4­-курс битирувчиларининг 777 нафари чет тилини билиш даражаси бўйича сертификат олган. Бу йилги кўрсаткич 7000 дан ортиқ, яъни 10 баробар ошган. Талабалар хорижий тилни ўрганяпти. Энди халқаро ёки маҳаллий сертификат олган талаба магистратурага ҳужжат топширса, мутахассислик фанидан имтиҳон топширмайди. Дипломи ўртача балл ҳисобида ўтади.

    Қисқа қилиб айтганда, тизимдаги ислоҳотлар Президентимиз олдимизга қўяётган вазифалар ижросини таъминлаш, даврнинг ўзи талаб қилаётган туб ўзгаришларга ҳамқадам бўлиш йўлидаги ҳаракатларимизни изчил давом эттирамиз.

    Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат Мадиева суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates