Олмаота шаҳрида «Шаффофлик, қулай шароит ва ҳамкорлик учун бирдамлик» мавзусидаги STEP UP Форуми очилди

    7 июлда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Олмаота шаҳрида очилган «Шаффофлик, қулай шароит ва ҳамкорлик учун бирдамлик» мавзусидаги STEP UP Форумида иштирок этди. Форум Change Innovation for фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича глобал ташаббуси кўмагида «АРГО» фуқаролик жамиятини ривожлантириш Ассоциацияси (Қозоғистон) томонидан ташкил этилди.

    Форум Марказий Осиёда фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегияси бўйича умумий қарашлар, тенденциялар ва даъватларни биргаликда ишлаб чиқиш мақсадларига қаратилган. Унда Германия, Буюк Британия, Корея Республикаси, Россия, Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатларидан 500дан ортиқ нодавлат ташкилотлар вакиллари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича 50 дан ортиқ етакчи дунё экспертлари иштирок этяпти.

    7 июлдан 10 июлгача иштирокчилар тажрибали мутахассислар билан ишлаш, ялпи мажлислар, таҳлилий тадбирлар, маҳорат дарслари, мунозаралар ўтказиш ва тажриба алмашиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, фаол ёшлар ўзларининг тарғибот тадбирларини тақдимот қилади, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси вакиллари эса минтақада амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб беради.

    Б.Бекмуродов Марказий Осиё форумида сўзга чиқиб, 2017 йилда Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида ислоҳотларнинг янги босқичи бошланганини таъкидлади. Қабул қилинган беш йиллик Ҳаракатлар стратегиясида устувор йўналишлар белгиланди. Республикада барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун минтақавий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш йўналиши шулар жумласидан.

    Ўзбекистон Президенти ҳамда минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларига асосланган мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланди.

    Ижобий тенденциялар деярли барча – сиёсий ва иқтисодий соҳалардан тортиб то, маданий-гуманитар соҳаларгача қамраб олди. Марказий Осиёда янги сиёсий муҳитнинг шаклланганлиги давлат раҳбарларининг тез-тез мулоқот қилишларидан, йирик қўшма дастурларнинг амалга оширилаётганидан, минтақанинг ҳам сиёсий, ҳам жамоат институтлари учун янги ҳамкорлик йўналишлари очилаётганидан дарак беради.

    Сўнгги йиллардаги тенденциялар ва ютуқлар шуни кўрсатяптики, Марказий Осиё ўзгариб бормоқда. Бу ерда янги сиёсий муҳит шаклланмоқда, бу бирлик ва ҳамжиҳатликни сезиларли даражада мустаҳкамлаш билан тавсифланади. Мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари Марказий Осиёни очиқ ва барқарор ривожланаётган минтақа, истиқболли халқаро ҳамкор сифатида шакллантиришга ёрдам беради.

    «Минтақа мамлакатларида барқарор ривожланишга эришиш ва туб ўзгаришларни амалга ошириш учун жамоатчиликнинг кенг иштироки зарур. Шу маънода, Ўзбекистон давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш босқичини бошидан кечираётган мамлакат сифатида фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш, сиёсий институтларни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш ғояларига содиқдир», — дея таъкидлади «Юксалиш» УМҲ раиси.

    Сўнгги йилларда бу йўналишда катта ишлар амалга оширилди. Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмлари мақсадга мувофиқ равишда такомиллаштириляпти, кафолатлар мустаҳкамланиб, маҳаллий инфратузилма такомиллаштириляпти. ННТ фаолияти бўйича қонунчиликни сезиларли даражада либераллаштириш бошланди.

    Масалан, жамоат ташкилотлари фаолиятини чекловчи бюрократик монеликлар бекор қилинди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан чет эл грантларини олиш ва улардан фойдаланишдаги тўсиқлар олиб ташланди. ННТ ва рўйхатдан ўтказувчи орган ўртасидаги тадбирларни мувофиқлаштириш тартиби бекор қилинди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи ставкалари 5 бараварга, солиқ юки икки бараварга камайтирилди.

    Нодавлат нотижорат ташкилотларига адлия органлари билан боғлиқ барча хизматларни электрон шаклда тақдим этиш имкониятини берувчи e-ngo.uz портали ишга туширилди. Ҳар бир вилоят марказида ННТлар ташкил этиляпти, уларда фуқаролик жамияти институтлари бепул жойлаштириляпти.

    Фуқаролик жамияти институтларига давлат томонидан бериладиган субсидиялар ва грантлар сўнгги тўрт йил ичида тўрт баравар ошди.

    Б.Бекмуродовнинг сўзларига кўра, жорий йилда 2021—2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш ва жамоат институтларининг ролини кучайтиришга содиқлигини яна бир бор намойиш этди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    Концепция 2025 йилгача устувор йўналишлар ва мақсадли кўрсаткичларни белгилаб берди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2021 йилда камида 1,2 бараварга ва 2025 йилда 1,8 бараварга оширилди. Амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар самарадорлиги ва бошқа муҳим кўрсаткичлар асосида ҳар йил охирида ННТлар фаолиятининг очиқлик индексини юритиш кўзда тутилган.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси фуқаролик жамиятини ривожлантиришда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳаракат минтақа давлатлари жамоат ташкилотлари билан биргаликда қуйидаги муҳим йўналишларда ишлашга тайёрлигини маълум қилди:

    • фуқаролик сектори ва экспертлар ҳамжамияти даражасида мулоқотни кучайтириш мақсадида минтақавий мунозара платформаларини ривожлантириш;
    • Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё стратегиясини ҳамкорликда ишлаб чиқиш;
    • Фуқаролик жамияти институтларини, ёш мутахассисларни ва академик жамоаларни қўллаб-қувватлаш бўйича минтақавий дастурларни ҳамкорликда йўлга қўйиш;
    • тўпланган тажрибани тезроқ ва самаралироқ алмашиш ҳамда минтақа мамлакатларида амалга оширилаётган ислоҳотлар экспертизасини тақдим қилиш учун эксперт платформаларини яратиш;
    • Учинчи секторда тизимли равишда ўзаро қўллаб-қувватлаш ва умумий сиёсатни мувофиқлаштириш учун Марказий Осиё фуқаролик жамияти альянсини ҳамкорликда ташкил этиш;
    • Нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик аъзолари учун стажировка дастурларини бошлаш.

    Б.Бекмуродов нутқида: «Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирсак, бутун Марказий Осиё минтақасида фуқаролик жамиятини ривожлантиришда катта натижаларга эришишимиз мумкин», — дея алоҳида таъкидлади.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates