Ўзбекистон элчиси Абдусалом Хатамов Ўмонда ўсимлик мойлари ва уларнинг ҳосилалари, маргаринлар, махсус ёғлар, ошпазлик мойлари, сариёғ, кетчуп ва майонез ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компания «Areej Vegetable Oil & Derivatives SAOC» ижрочи директори Салем Нассер ал-Бортмани билан учрашув ўтказди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма ширкат таъсис этиш ва бу соҳада мавжуд ширкатларга сармоя киритиш бўлди.
Мулоқот чоғида «Areej Vegetable Oil & Derivatives SAOC» томонидан Самарқанд вилоятига сармоя киритган ҳолда кетчуп ишлаб чиқаришга қаратилган корхона таъсис этиш ҳамда томат пасталарини Ўмонга импортини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.
Ўмонлик ҳамкор билан яқин кунларда бирламчи равишда ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида онлайн учрашув ўтказиш ва кейинчалик компания вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштиришга келишиб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.