Ўзбек тили ҳуқуқий асосларининг яратилиши миллий тил тараққиёт йўналишларини белгилаб берди. Ўзбек тилининг мавқеи юксалди, ижтимоий функцияси кенгайди. Бу тилнинг алоқа-муносабат, ҳиссий таъсир, тўплаш вазифалари билан бир қаторда тафаккурни ривожлантирувчи, аниқ ва табиий фанлар доирасидаги, ишлаб чиқариш тармоқларидаги янгиликларни ифода этиш хусусияти такомиллашди. Тилга муносабат, тилга эътибор, тилга ҳурмат туйғулари янада турғунлашди. Ўзбекистон фуқаролари онгида давлат тили ҳақидаги қонун талаблари ҳақида эътироф шаклланди.
Давлат тилига муносабат, унга амал қилиш ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этди. Ўзбек тилининг мавқеини кўтаришга, уни такомиллаштиришга хизмат қиладиган тадқиқотлар, тилшуносликнинг янги йўналишларига доир изланишлар юзага келди. Тилнинг ижтимоий қийматини, тил ва жамият муносабатини ёритувчи социолингвистика, нутқ жараёнининг психик табиати, нутқнинг реаллашувига қадар бўладиган жараён ҳақида баҳс юритувчи психолингвистика, тилнинг маданий қиймати, тильда халқ дунёқараши, урф-одат, анъаналари, миллий қадриятлар ифодасини таҳлил қилувчи лингвокултурология, тилнинг глобаллашув жараёнига мос ҳолда такомиллашувига хизмат қиладиган компьютер лингвистикаси соҳаларига доир илмий тадқиқотлар яратилди. Жадал суръатларда ривожланиб бораётган жамиятга хизмат қилувчи тезкор ахборот услубини шакллантириш, ўзбек тилидаги таржима, автоматик таҳрир дастурларини яратиш борасида изланишлар олиб борилмоқда.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши – миллатимиз ҳаётидаги буюк воқеа. Аждодларимизнинг азалий орзуси ушалди. Тилимизнинг ҳуқуқий асоси таъминланиши баробарида миллатимиз мустақилликни қўлга киритди. Бу жараён осон ва шунчаки, ўз-ўзидан рўй бермаганини таъкидлаш шарт эмас. «Давлат тили ҳақида»ги қонун ўзбек тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Қонуннинг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб қайд этилди. 3-моддасида Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгилаб берилиши таъкидланди. 7-моддадаги «Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди», 8-моддадаги «Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти, бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади» деган фикрлар миллий тилнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш мақсадида келтирилган эди. Конституциямизнинг 4-моддасида ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси давлат тили сифатида расман белгилаб қўйилиши маънавиятимиз тарихидаги энг катта ютуқдир.
«Давлат тили ҳақида»ги қонун моддаларини ҳаётга татбиқ қилиш Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларида ҳисоб-китоб, статистика, молия ҳужжатлари, судлов ишларида, нотариал ҳаракатлар, фуқаролик ҳолатини қайд этувчи ташкилотларда давлат тилида иш юритиш, Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро анжуманларни давлат тилида олиб бориш, шахсни ва унинг ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар, аризалар, таклифлар, шикоятларнинг давлат тилида расмийлаштирилишини таъминлаш мақсад қилинган эди.
Телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар, ноширлик фаолияти, почта-телеграф жўнатмалари, муҳрлар, тамғалар, иш қоғозлари матнлари, лавҳалар, эълонлар, нархномалар, маҳсулот ёрлиқлари, Республиканинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, майдонлари, кўчалар ва географик объектлар номлари, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаси матнларини, асосан, давлат тилида расмийлаштириш режалаштирилган эди.
Ўзбек тилига «давлат тили» мақоми берилган санага 32 йил тўлди. Тан олиш керак: «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг амалиётга татбиқи борасида бир қатор муваффақиятларга ҳам эришдик. Лекин амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, йўл қўйилаётган нуқсонлар олдида бу ютуқлар ҳеч гап эмас. Атрофимизни инглиз тилидаги, қолаверса, рус тилидаги номлар босиб кетди. Реклама матнларидаги, номлардаги хатолар тўлиқ бартараф этилмади.
Ана шундай ўта қийин, оғир, она тилини асраб қолиш, такомиллаштириш борасида сусткашлик ҳукм сураётган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон эълон қилинди. «Давлат тилини ривожлантириш департаменти», «Атамалар комиссияси» ташкил этилди. Давлат тилини ривожлантириш концепцияси ва йўл харитаси ишлаб чиқилди.
Тил ва адабиёт масалаларини ҳал қилиш, миллий тилни такомиллаштириш мақсадида марказлаштирилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш йўлида меҳнат қилмоқдалар.
Филология фанлари доктори, профессор Ҳ.Дадабоев етакчилигидаги олимлар тилшуносликнинг қатор соҳалари, чунончи, тарихий лексикология, тарихий терминология, тарихий лексикография, манбашунослик ва матншунослик, тилшунослик назарияси бўйича фаолият олиб боришмоқда.
«Девону луғотит турк»нинг тил хусусиятлари» (2017) сингари монографик изланишлар ўзбек ва туркий тиллар тарихий лексикологияси ва терминологияси соҳасида янги фундаментал тадқиқотлар саналади. «Аждодларимизнинг ҳарбий маҳорати» (2016)«Амир Темур замондошлари» (2018), «Ўзбек терминологияси» (2020), «Соҳибқирон саркардалари» (2020) «Ўзбек ҳарбий терминологияси» (2021) сингари ўқув қўлланмалар тарихнависликка доир рисола ва монографик тадқиқотлар илм аҳли ва китобхонлар ҳукмига ҳавола қилган.
Профессор С. Аширбоев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 117-сон қарори билан ташкил этилган «Ўзбек шевашунослиги маркази»низоми ишлаб чиқилди ва марказ раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда. Шевашунослик, ареал лингвистика бўйича янги йўналишдаги луғатлар эълон қилинмоқда, илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Университетнинг инглиз филологияси йўналиши мутахассислари ўзбек халқининг маънавий меросини дунё халқларига кенг миқёсда танитиш мақсадида таржима билан шуғулланмоқдалар.
Университет ректори профессор Шуҳрат Сирожиддинов саъй-ҳаракатлари билан компьютер лингвистикаси мутахассислиги, йўналиши ташкил этилди. Бу мутахассислик ва йўналишдаги мутахассис-кадрларни шакллантириш мақсадида компьютер лингвистикаси кафедраси фаолияти йўлга қўйилди. Б.Элов бошчилигидаги, проф. Б.Менглиев, проф. Л.Раупова етакчилигидаги мутахассислар ўзбек тили миллий корпусини яратишга қаратилган илмий-амалий фаолият олиб бормоқдалар.
Университет профессори 2015-2017 йилларда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари, Узинфоcом Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш Марказини тилшунослик фанларига оид аудиокитоблар билан таъминлаш борасидаги хизматлари учун мазкур ташкилотлар раҳбарлари ташаккурномасига сазовор бўлди. «Кўзи ожиз шахслар учун компьютер техникасидан фойдаланиш, матнларни ўқиш ва ёзиш имконини берувчи ўзбек тилига асосланган гапирувчи дастурий таъминот ва овоз синтезаторини ишлаб чиқиш» мавзусидаги давлат амалий гранти лойиҳасига раҳбарлик қилиб, лойиҳа илмий жамоаси билан биргаликда ўзбек нутқ синтезатори – ўзбек тилидаги матнларни овозли хабарга айлантирувчи дастурни ишлаб чиқди. Илмий жамоаси билан биргаликда «Ўзбек тили ўзлашма сўзларининг урғули луғати» номли ўқув-услубий луғатни тайёрлаб нашр эттирди.
Проф. С.Муҳамедова бошчилигидаги жамоа ўзбек тилининг республика ва хорижда ўрганилиши юзасидан илмий-педагогик фаолият олиб бормоқда. Университетда ўзбек тилини ўқитиш методикасини такомиллаштириш мақсадида «Лингводидактика», «Амалий тилшунослик» кафедралари, «Амалий филология» факультети ташкил этилди.
Давлат тилини ривожлантириш бўйича Республика вилоятлари бўйлаб қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудуд кесимида давлат тили ва давлат тилида иш юритишни ўрганиш юзасидан малака ошириш курслари йўлга қўйилган. Самарқанд давлат университетида проф. С. Каримов раҳбарлигида компьютер лингвистикасига доир илмий лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ўзбек тили таълимини сифати ва самарадорлигини оширишда ўқув адабиётлари муҳим аҳамиятга эга. НамДУ профессори Н.Улуқов томонидан «Тилшунослик назарияси» (2016), «Туркий филологияга кириш» (2018), «Тилшунослик назарияси (амалий ва семинар машғулотлари)” – 2020, номли ўқув қўлланмалари, «Экзотик лексика» (2021) монографияси нашр этилди.
Профессор Н. Улуқов раҳбарлигида Наманган ономастика мактаби шаклланди. Мазкур илмий мактаб ўзбек ономастикаси ривожи ва такомилига муносиб улуш қўшмоқда.
Республикада хорижий тилларни, жумладан, рус тилини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, тил ўрганиш маданиятлар билан танишиш имкониятини беради, дунёқарашни бойитади. Лекин бу жараён она тилини эътиборсиз қолдириш ҳисобига амалга оширилиши керак эмас. Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиблар она тилини асраб-авайлаш, юксалтириш ғоясини биринчилардан бўлиб ўртага ташладилар. Алишер Навоий тилга эътибор масаласини миллатга эътибор даражасига кўтарди. Фитрат имкониятлари, бойлигини назарда тутиб «энг бой тил» , эътиборсиз қолдирилганидан келиб чиқиб «энг бахтсиз» тил деб ёзғирди она тили тақдири ҳақида. Беҳбудий икки эмас, тўрт тилни билишга чақиради, лекин хорижий тилни ўрганиш, деганда зинҳор она тилини унутишни назарда тутмайди – она тилини тафаккур асоси, деб билади. У ватан шу авлодники бўлишини истади. Билимли бўлмаса, тилини унутса, авлодлар ватанида яшаб туриб беватан қолиши мумкинлигини таъкидлади.
Дунё миқёсида айрим тиллар истеъмолдан чиқиб бормоқда, она тилини асрашдек глобал муаммо юзага келяпти. Халқимизда миллий тилга муносабат ўзгариши лозим. Асрлар бўйи сайқалланган миллий-маданий қадриятларимиз, анъаналаримиз қаторида она тилимизни ҳам бор кўрку таровати билан авлодларга етказишга масъулмиз. Бу борада аждодлардан ибрат олишимиз, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ютуқларидан унумли фойдаланишимиз керак. Аввало, кўчалардаги реклама ва эълонлар матнини талаб даражасида тўғри шакллантиришимиз даркор. Номлашда давлат тили имкониятларини намоён қилувчи туркий сўзлар ёки баъзи ҳолларда, халқимиз маънавиятига сингиб кетган арабча, форс-тожикча ўзлашмаларни ҳам танлаш мақсадга мувофиқ. Худди шу маънода қадимий, мумтоз манбалар орқали ҳозирга қадар етиб келган айрим туркий сўзларни тиклаш, оммалаштириш лозим.
Номлар, реклама ва эълонлар матнининг «Атамалар комиссияси» назоратидан ўтказилишини йўлга қўйиш керак. Шу ўринда айрим юртдошларимизнинг «ўзбек тилининг кўп сўзлари арабча ва форсча-тожикча», компьютер ёки машинасозлик терминларини қандай қилиб ўзбекчалаштириш мумкин?» деган эътирознамо муносабатларига келадиган бўлсак, аввало, гап терминлар устида бораётгани йўқ. Ўзбек тилидаги ҳамма чет сўзларни ўзбекчалаштириш мумкин эмас. Бу ерда «меъёр», «имкон қадар» деган тушунчаларга урғу берилади. Қолаверса, ўзбек тилида арабча, форсча сўзлар кўп бўлса ҳам, қўлланиш миқдори жиҳатидан туркий отлар, феъллар фаолдир. Туркий сўзларнинг ном сифатидаги доирасини кенгайтириш, ўзбекча терминлар миқдорини ошириш Президент фармонида белгиланган вазифалардан биридир. Миллий тилнинг асосий луғат бойлигини ўз қатлам сўзлари ташкил қилиши керак. Бу масалани онгли равишда ёндашиб ҳал қилиш жаҳон тажрибасида кўп кузатилади, хусусан, Корея тил сиёсатида учрайди.
Умумтаълим жараёнида саводхонликка, она тили ва адабиёт таълимига, тильдан фойдаланиш кўникма, малакаларини ҳосил қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ўзбек тилини ўқитиш тизимини миллий педагогика негизида, хориж тажрибаси асосида янгилаш, замон талабларига мос адабиётлар синфини яратиш, инновацион технологияларни қўллаш долзарб масалалар сирасига киради. Ўқувчиларда лингвистик, нутқий, касбий, коммуникатив, ахборотни қабул қилиш, ўз-ўзини ривожлантириш уқувини шакллантириш жуда муҳим. Ўзбек тилида билимларни баҳолаш, автоматик таҳрир, таржима, тил ўргатиш дастурларини яратиш, «Ўзбек тилининг Миллий корпуси», кўп жилдли «Ўзбек шевалари луғати», «Туркий архаизмлар луғати»ни тузиш устувор вазифалардан биридир. Давлат тилида турли босқичлар ва даражалардаги синовларни жорий этиш, ишга қабул қилишда давлат тилини билиш, саводхонлик даражасини текширувчи тизимни ишлаб чиқиш эҳтиёжга айланди.
Ўзбек тилини ахборот тилига айлантириш унинг нуфузини оширишдаги муҳим омил эканлиги Президент фармонларида ҳам алоҳида таъкидланди. Рақамли иқтисодиёт, техник тараққиёт асосий маълумот етказиш етказиш воситаси бўлган она тилини такомиллаштириш, замон талабларига мослаштиришни талаб этмоқда. Барча йўналиш, соҳалар кесимида ўзбек тилининг электрон базасини шакллантириш, тилнинг тарихий шакллари, шевалари ҳам қамраб олинган миллий тил корпусларини яратиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Тил миллатнинг мавжудлигини белгилайдиган асосий омил ҳисобланади. Она тилини эъзозлаш, қадрлаш, серқирра имкониятларини, сўз бойлигини борлигича сақлаш, такомиллаштириш, давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Давлат тили тенгсиз бойлигимиздир, номус-оримиздир. Миллий тил халқимизни ҳамжиҳатликда тараққиёт сари бошлайди. Халқни янада жипслашишга, миллий қадриятларни асраб-авайлашга ундайди.
Белгиланган вазифаларни амалга оширишда миллатимизнинг ҳамжиҳат бўлиши, ягона мақсад остида бирлашиши, бақамти равишда фаолият олиб бориши мақсадга мувофиқ. Тил буюк миллий қадриятдир. Тил бор экан – миллат барқарор!
Зулхумор ХОЛМАНОВА,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва
адабиёти университети профессори,
филология фанлари доктори
Сайёра АБДУЛЛАЕВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси