Бу албатта, юртимизда устоз ва мураббийларга бўлган юксак ҳурмат, эътибор ва эътирофнинг бир дебочасидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимига, хусусан, ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келиняпти.
Янги таҳрирдаги Конституцияда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари қаторига киритилди.
Бугун ўқитувчи ва мураббийлар доимий эътиборда, уларнинг касбий тажрибасини ошириш, жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш имконияти яратиляпти, уларга маданий ҳордиқ чиқаришлари учун турли маънавий маърифий тадбирлар ташкил этиляпти.
Жумладан, куни кеча мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган мактабгача, мактаб таълими муассасалари ходимлари, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ҳамда бошқа юксак давлат мукофотларига эга педагоглар, узоқ йиллар тизимда фаолият юритган устозлар, таълим фидойилари ва масъуллари иштирокида Олий Мажлис Сенатида учрашув ташкил этилди.
Иштирокчилар Олий Мажлис Сенати ҳамда сенаторлар иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Юқори кайфият улашган мулоқот давомида Сенат қўмиталари раислари – Одилжон Иминов, Малика Кадирханова, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарияти ўқитувчи ва мураббийларни яқинлашиб келаётган байрам билан табриклаб, сўнгги йилларда таълим тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида мактабгача ва мактаб таълим соҳасидаги муҳим ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Мулоқот давомида педагоглар тизимдаги ижобий янгиланиш ва ўзгаришлар устоз-мураббийларнинг ўз касбига муносабати, масъулиятини янада оширишга катта туртки берганини, соҳа ривожига катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
Учрашув сўнггида иштирокчилар мактабгача ва мактаб таълими тизими соҳасига доир қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ҳақидаги саволларига, шунингдек, ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига атрофлича жавоб олдилар, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.