Ўқитувчиларнинг қадр-қимматини ҳимоя қилиш конституциявий қоидага айланди

    Биласизми? 7 декабр 2023 3915

    Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида инсон қадр-қиммати ва ҳаёти фаровонлиги мужассам.

    Шу йил юртимизда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотлар ҳам “инсон қадри” тамойилини янада юксалтириш, давлат бошқарувини янада самарали ва натижадор қилиб ташкил қилишда мустаҳкам асос бўлди.

    Юртдошларимиз хоҳиш-иродасию умумхалқ овози билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Бош қомусимиз ҳақиқий маънода халқчил ҳужжатга айланди. Унда ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди. Умуман, янгиланган Конституциямизда халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун ишончли кафолат яратилди.

    Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳалар қатори таълим соҳасида ҳам кўплаб янгилик ва ислоҳотлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда. Эндиликда янги таҳрирдаги Бош қомусимизда таълим-тарбия тизими ҳамда соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги нормалар асосида соҳада янада илгари одимлаш, янги марраларни забт этиш имкони яратилди.

    Жумладан, янги Конституциямизнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, дея белгилаб қўйилди.

    Педагог сифатида янги Конституциямизда соҳа вакилларига оид нормалар мустаҳкамлангани бизга чексиз ғурур ва куч бағишлаб, касбимизга янада фидойилик билан ёндашишни тақозо этади.

    Дарҳақиқат, ўқитувчининг меҳнати, билими мамлакатни ривожлантиришда, соҳалар равнақида муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш мақсадини олдимизга қўяр эканмиз, бунда таълим фидойиларининг саъй-ҳаракати янада долзарб ўрин тутади. Шу боис ҳам юртимизда таълим соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлашга, уларга қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янгиланган Конституциямизда мустаҳкамланган нормалар билан ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини юксалтириш, уларнинг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, самарали меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар янада кенг давом эттирилади, янги имкониятлар эшиги очилади.

    Давлат таълим соҳаси вакилларининг касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрлик қилиши Конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди. Ушбу норманинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Бугунги ахборот асри, тезкор давр фаолиятимизга янги метод ва услубларни жорий қилишни, ўз устимизда ишлаб, замон билан ҳамнафас бўлишни талаб этади. Қолаверса, ўсиб келаётган фарзандларимизнинг ақлий ривожланиши, талаб ва хоҳишлари ўсиб бормоқда. Уларнинг билимини янада бойитиш, илм-малака борасидаги талабларига муносиб жавоб қайтариш учун педагог тинимсиз изланиш ва ўрганишда бўлиши лозим. Шундай экан, таълим соҳаси вакилларининг касбий ўсиши, малакасини ошириб бориши учун давлат томонидан ғамхўрлик қилиниши педагогларга катта қулайлик яратади.

    Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Бош қомусимизда таълим-тарбия йўналишида, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида белгиланган ҳаётий нормалар педагоглар, ўқитувчи-профессорлар фаолияти самарадорлигини оширишга замин бўлади, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни илм-маърифатли, юртга камарбаста қилиб улғайтиришга, уларнинг билимини, малакасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Дилсўз Зойирова,

    Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates