Мамлакатимиздаги ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароит яратиш масаласи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан ҳам жой олди. Унга мувофиқ, халқаро тажрибани ўрганиш, ўқитиш тизими ривожланган давлатларнинг энг яхши, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ўзига хослигини ифода эта оладиган жиҳатларни жорий этиш таълимдаги ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлиб қолмоқда. Ишлаб чиқилган аниқ механизмлар асосида бу борада муайян ишлар қилинмоқда. Хусусан, ўқитиш тизими юқори баҳоланадиган Финляндия, Сингапур, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония каби давлатлар таълимининг энг афзал жиҳатлари ўрганилмоқда. Уларни мамлакатимизда жорий этишнинг муқобил йўллари ишлаб чиқилмоқда.
Президентимиз Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидаги учрашувларида умумтаълим мактабларида фин таълим тизимини жорий этиш, дарсликлар ҳам шу тажриба асосида ишлаб чиқилиши ҳақида гапирди. Шунингдек, Қашқадарёдаги 48 та мактабда фин таълим тизимини татбиқ этиш бўйича кўрсатма берди. Бу жараёнда мазкур давлат таълим тизимининг энг афзал жиҳатларини ўрганиш учун методист ўқитувчилар, таълим менежерларини Финляндияга стажировка ва малака оширишга юбориш йўлга қўйилгани муҳим қадам бўлди.
Мамлакатимизнинг турли таълим муассасаларида фаолият юритаётган 23 нафар соҳа ходими қатори Андижон давлат чет тиллар институтининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ҳам Финляндия ва Швецияда 12 кунлик малака ошириш курсида бўлди.
Малака ошириш давомида Финляндиянинг Хельсинки, Юваскула ҳамда Швециянинг Содерторн университетларига бориш режалаштирилди. Бу орқали Финляндия ва Швеция таълим тизимининг энг муҳим йўналиш ва афзал жиҳатлари, дарсликлар, таълим тизимида ўқув мақсади, педагогик жараённи ташкил этиш механизми, олий таълимда ўқув-меъёрий ҳужжатлар, таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа, фан дастурлари, баҳолаш, таълимда узвийлик, кредит-модул тизими ва мустақил таълим, рақамлаштириш, ўқитиш методикаси ва интерактив методларни қўллаш каби долзарб йўналишларда янги малака ва билимларни ўзлаштириш мақсад қилинди.
Дастлабки 6 кун Финляндия таълим бешиги ҳисобланмиш Юваскула шаҳрида ўтди. Фин тилида таълим берувчи дастлабки ўқув юрти, биринчи фин университети айнан шу шаҳарда очилган. Бугун Юваскуладаги олий таълим муассасаларида 40 мингдан ортиқ одам таҳсил олади. Дастлаб EduEffect компанияси директори Жонне Раутионинг маърузаси тингланди. Семинар музокараларга бой бўлиб, таълим тизимидаги ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг асл сабаблари муҳокама қилинди.
Кейинги манзил Макеланмаен Коулу бошланғич таълим мактаби бўлди. Мактаб менежменти, ўқув жараёни, ўқитувчиликка танлов ва бошқалар ҳақида батафсил маълумот олдик. Директор мактаб фаолиятини назорат қилиб боради. Директор ўринбосари ўқув жараёнига масъул, яъни дарс жадвалини тузиш, дарс тақсимотларини юритиш ва умумий ўқув жараёнини ташкил этиш билан шуғулланади.
Мактабда 1-синфдан 6-синфгача бўлган 750 ўқувчига дарс берилади. Бу ерда фин ўқитиш тизимининг ўзига хос жиҳатларидан бири бўлган инклюзив таълим жараёнига ҳам гувоҳ бўлдик. Тўртта кичик синфда қўшимча ёрдамга муҳтож ўқувчилар учун алоҳида дарслар ташкил қилинган. Яна бир муҳим жиҳат — мактабда асосий иш юритувчи орган амалда мактаб учун барча қарорларни қабул қилади. Ушбу органга директор, директор ўринбосари, 8 нафар ўқитувчи ва котиба киритилган бўлиб, барча муҳим масалалар шу ерда, муҳокамалар орқали ҳал қилинади.
Шунингдек, ўқувчиларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш гуруҳи мавжуд. Унда директордан ташқари мактаб психологи, ҳамшираси ва ижтимоий таъминотчи, гуруҳ раҳбари, фан ўқитувчиси ва ўқувчилар вакили иш олиб боради. Гуруҳнинг асосий мақсади ўқувчиларнинг жисмоний, маънавий ва психологик ҳолатини, ўзлаштиришини мунтазам назоратда сақлаш, яхши таълим олиш учун шароит яратиш, ҳар хил низоли вазиятларнинг олдини олишдир. Ўқувчилар сифатли билим олиши учун шароит яратиш режасини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, амалга ошириш, ота-оналар йиғилишларини ташкил этиш ва истиқбол режалар устида ишлаш ҳам уларнинг вазифасига киради.
Бундан ташқари, Финляндияда мактаблар учун ягона Wilma махсус дастури ишлаб чиқилган. Ундан мамлакатдаги мактабларнинг барчаси кенг фойдаланади. Дастур орқали ўқитувчилар ота-оналарга хабар юборади, мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар ўртасидаги мулоқот таъминланади. Бу жараёнда ўқитувчилар ота-оналарни фарзандининг таълим олишдаги фаоллигидан хабардор қилиб боради. Wilma иловаси ёрдамида дарс жадвали, уйга вазифа, имтиҳон, синф эслатмалари ва эълонларни кўриш мумкин. Қисқача айтганда, ота-оналар ва мактаб ўртасида мунтазам алоқани таъминлашнинг барча учун қулай ва самарали усулидан фойдаланилмоқда. Бу ўқитиш сифатини таъминлашнинг муҳим омилларидан бирига айланган.
Шу билан бирга, битирувчиларни ҳаётга тайёрлаш ва тадбиркорликка қизиқиш уйғотиш мақсадида юваскулалик ишбилармонлар Муураме пилот мактабини очган. Ишлаб чиқарувчилар билан мактаб ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган. Мактаб битирувчилари қизиқарли лойиҳалар ишлаб чиқиб, тадбиркорлик ташаббуслари билан ишлайди. Ўқувчилар ёшлигидан касбий йўналишларини белгилаб олиб, шу бўйича керакли билим ва малакани ўзлаштиришга ҳаракат қилади.
Ҳар қандай таълим муассасасидаги ўқитиш сифатини битирувчилар салоҳияти билан баҳолаш мумкин. Мактабни ўрганиш жараёнида улардан бири билан суҳбатлашдик. Ўқувчи ишлаб чиқарувчилар фаолияти билан интеграция маъқул келгани, келгусида қайси университетда ўқиши ва қайси компанияга бориб ишлашини ҳам ҳозирдан аниқлаб олганини билдирди. Мактаб директори тақдимот орқали оддий ва тадбиркорлик мактабининг фарқли жиҳатлари ҳақида зарур тушунча берди. Ўрганишлардан хулоса қилиш мумкинки, тадбиркорлик мактабида ҳамма ишни амалиётда ўргана оладиган, масъулиятли ўқувчилар тарбияланади. Уларнинг кичик лойиҳаларини маҳаллий компания ёки тадбиркорлар молиялаштиради.
Умуман олганда, Финляндия мўъжизаси деганда кўпроқ мактаб таълим тизими кўз олдимизга келади. Бу ерда мактаблар текширилмайди, рейтинги мавжуд эмас, барча жиҳатдан улар ўзаро тенг. Шунингдек, ўқитиш, овқатланиш бепул. Финлар учун энг яхши мактаб уйига яқинидир. Ўзлаштириши ва қобилиятига қараб ўқувчиларга мураккаб ёки осон вазифа берилади. Ўзлаштиришда қийналган ўғил-қизлар учун қўшимча дарс ўтилади. Мактаб ўқувчиларни имтиҳонга эмас, ҳаётга тайёрлайди. Давлат ўқитувчиларга юқори ишонч билдиради, улар эса ўқувчиларга ишонишади, эркинликларини чекламайди. Ўқувчилар хоҳламаса, қийин топшириқлар юкланмайди, характер ва истакларидан келиб чиқиб касбий йўналиш берилади.
Малака ошириш давомида Финляндия олий таълим муассасалари орасида катталиги жиҳатидан учинчи ўринда турувчи, QS халқаро рейтингида илғор 300 таликдан жой олган Юваскула университетида ҳам бўлдик. ОТМда таълим ва психология, ижтимоий фанлар, ахборот технологиялари, математика, спорт ва соғломлаштириш фанлари, бизнес ва иқтисодиёт факультетлари мавжуд. Ишчи ва фан дастурларини профессор-ўқитувчилар мустақил тузади, улар мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Янги йўналиш ёки факультет очиш учун эса таълим вазирлигига мурожаат қилинади.
Университетнинг ўқитувчилар тайёрлаш факультети билан яқиндан танишув давомида Финляндия таълим тизими босқичлари бўйича тақдимотга гувоҳ бўлдик. Педагог ходимлар тайёрлаш доирасида дастурлар, талаб этиладиган салоҳият ва малака ҳақида муҳим маълумотлар олинди. Айниқса, бошланғич таълим ўқитувчиларини тайёрлашда университетнинг инновацион ва самарадор ўқув дастурлари қизғин муҳокама қилинди. Машғулот давомида педагоглар тайёрлаш ва улар салоҳиятини ошириш бўйича Финляндияда кенг фойдаланиладиган беш босқичли таълим дастури ҳақида маълумот берилди.
Олийгоҳнинг ахборот технологиялари факультетида таълим билан бирга рақамлаштиришга оид илмий изланиш ва тадқиқотлар қилинишига гувоҳ бўлдик. Ўқитиш тизимида қўлланадиган халқаро баҳолаш дастурларининг ўзига хос жиҳатлари: афзаллик ва камчиликлари тўғрисидаги маъруза билан танишдик. Ундан нафақат билим, кўплаб маълумотлар ҳам олдик. Келгусида фаолиятимизда қўллаш бўйича бир қанча ғояларни қайд этиб қўйдик. Маърузанинг муҳим жиҳатларидан бири баҳолаш дастурлари орқали Финляндия таълим тизими прогнозлаб борилгани ҳамда таҳлилий маълумотлар тақдим этилгани бўлди.
Университет кутубхонаси ҳамда ўқув, илмий адабиёт ва ҳужжатлар сақланадиган музейлар, илмий нашр, монография, нашриёт ва тадқиқот марказлари, шунингдек, талабалар ва ушбу базадан фойдаланишни хоҳловчи фуқаролар учун бериладиган бепул онлайн маълумотлар платформаси ҳақида тушунча олдик. Жумладан, биргина 2022 йилда университет олимлари 3500 дан ортиқ илмий ресурс яратган бўлиб, уларнинг 80 фоизи юқоридаги платформага жойлаштирилган. Улардан барча фойдаланиши мумкин.
Олдимизга қўйилган мақсадларнинг дастлабкиси — Финляндия ва Швеция таълим тизими ютуқларини ўрганиб, янги билим ва малака эгалладик. Айни дамда уларни мамлакатимизнинг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий жиҳатларини инобатга олган ҳолда таълим тизимимизга татбиқ этишнинг энг мақбул йўлларини ишлаб чиқиш, иш фаолиятимизда қўллашга интиламиз ва бу, албатта, ўз натижасини беради.
Дилшод РУСТАМОВ,
Андижон давлат чет тиллари институти ректори,
филология фанлари доктори, профессор