Ор-номус, виждонни соғлиқ каби асрамоқ кeрак

    — Э, келинг, келинг, қўшни. Сиз ҳам пенсия олгани чиқдингизми дейман… Ҳозир кеп қолишади, тез навбатга ёзилиб қўйинг. Лекин шуни кечиктирмай, ўз вақтида, маҳалла қўмитасида бераётгани ажойиб иш бўлдида. Айтгандай, сиз пенсияни пластикда олаётувдингиз шекилли?

    — Ариза ёздим, нақд олмоқчиман. Жамолини кўриб, қўл билан ушлаб, ёнингда олиб юришнинг гашти бошқачада, — дейди иккинчи қўшни ҳазил оҳангида.

    — Ҳа, сеҳрли нарсада, пул дегани. Ўзи бир парча қоғоз бўлса ҳам одамларнинг кўзини бойлаб ташлайди. Айримлар учун пулнинг тахлами қанча кўп бўлса, шунча ружу қўйиши ҳам ғалати.

    — Ҳозир «Ишингни битириб бераман», деган усул авжида. Унда, айниқса, мансаб мартабали кишилар жуда фаол… Ҳали бир туман ҳокими ёки унинг ўринбосари, ҳали адвокат дейсизми, прокурор дейсизми, шифокор, банк ходимлари дейсизми — барчалари ҳозиру нозир. Қўрқув билмайди, чарчаш билмайди, уятку, умуман, бу ишга аралашолмай гаранг. Улар бамисоли пойга ўйнаяпти ким қанча пора олишда.

    — Мана, ҳозир ижтимоий тармоқда тарқалган шу мавзудаги хабарни ўқиб бераман. Эшитинг: 2024 йилнинг биринчи 6 ойида 2389 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Ўзбекис­тон Республикаси Бош прокуратураси маълум қилди. Қайд этилишича, январь июнь ойларида жиноий жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 23 нафари республика миқёсидаги ходимлар, 223 нафари вилоят миқёсидаги ходимлар, 2143 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги ходимлар бўлган.

    Жавобгарликка тортилган мансабдорларнинг 1467 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятини содир этган. Кейинги ўринда 158 нафар мансабдор пора олди-бердиси ва унда воситачилик қилиш жинояти билан қўлга тушган. Фирибгарлик эса 191 нафар билан учинчи ўринда қайд этилган. Шунингдек, 104 амалдор мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, 30 нафари ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиққан, 48 нафари мансаб сохтакорлигига йўл қўйган, 28 нафари ман­сабга совуққонлик билан қараган. Қолган 363 нафари эса бошқа жиноятларни содир этган.

    — Жамиятимиз қаёққа қараб кетяпти ўзи?

    — Гапирманг… Аммо бунда фирибгарлар анча олдинга ўтиб кетди. Улар юз миллионларга қониқмай, бемалол юз миллиардларга ўтибди. Одамларнинг нечадир юз миллиард сўмини пластикларидан ечиб олмоқчи бўлган экан. Қизиғи шундаки, қайсидир банк ходими аҳоли пластикларидан пулни ечиб олишга йўл берадиган керакли паролларни шеригига олти ярим минг доллар эвазига топиб берган экан, шундан ҳам айрилди. Қўлга тушибди.

    — Бермасин эди паролларни.

    — Энди унинг ҳам ойлиги етмаётган бўлса керакда…

    — Банкдагиларнинг ойлиги яхши дейишадику!?

    — Ҳа, энди «яхши ойлик» деганда уларнинг ўз ўлчамлари борда.

    — Қаранг, бир киши пластигидан катта миқдорда пул ечилгани ҳақида тегишли хизматга мурожаат қилса, фалон сўм берсанг топиб бераман, деб шарт қўйибди… Фирибгарни топиб бериш учун пора сўрашларини қанақа тушуниш мумкин?

    — Буларни ҳозир бемалол ёзишяпти, кўрсатишяпти. Илгари деярли айтишмасди буларни. Ё илгари кам бўлганми бунақа нарсалар…

    — Илгари ҳам бўлган, фақат бўлишишган бўлса керак. Шунинг учун кўп ишларда ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолган. «Арра» қилмайдиганлар кўпайганми, ўшаларини кўрсатяпти, менимча….

    — Фирибгарликнинг ҳам тури кўп эканда. Кечаги йиғилишимизда маҳалла раиси огоҳлантирди. Ҳозир уйларга кириб, мен фалон ташкилотданман, деб бир нималарга қўл қўйдириб, бизга ўхшаб ўқимаган пенсио­нерларнинг пластик рақамини билиб олишаётган экан. Виждони қийналмасмикина, шунақаларни?

    — Қизиқсиза, қўшни. Менимча, виждон, имондан гапирсангиз, ҳайрон бўпқолишса керак улар, бу нима экан деб… Отам болалигимизда ўқи-ўқи, деб уришганида қулоқ солмаган эканмиз. Ўқитувчиларимиз ҳам, бечоралар, қанча куйиб-пишиб ўргатарди… Ҳа, энди билимли, дунёқараши кенг, ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган кишиларни фирибгарларнинг ижтимоий тармоқлардаги тузоқ эълонларию, эшик қоқиб келадиган ҳар қандай лўттивозу фирибгар алдай олмайдида.

    — Ўзимиз ҳам қизиқмизда, қўшни. Текин маҳсулот тарқатса, айниқса, ёшлар бир-бирини уриб-талашиб ёпишади. Бир нотаниш кимса пластигингга пул ўтказаман деса, ҳамма маълумотларни ёзиб берамиз. Ноқонуний ишни қоғозда қонунийлаштириб бераман, деб пора бериб, пора олишади. Коррупцияга қарши агентлик улар билан курашгани курашган.

    — Бир ҳикматни ўқигандим. Ҳаётда кўп ишлар қила олмаган бўлишингиз мумкин. Аммо умр бўйи ўз виждонингизга бирор марта ҳам қарши бормасангиз, энг кўп савобни, эзгу ишни сиз қилган бўласиз.

    — Тўғри айтасиз, шу виждон, ор-номус, имонни худди соғлиқ каби асраш керак экан. Ана шунда жамиятимиз бунақанги иллатлардан тозаланади…

    — Э-э, қаранг, пенсияни ҳам обкелишди. Ўтинг-ўтинг…

    — Йўқ-йўқ, ўзларидан бўлсин…

    (фельетон)

    Қўшнилар суҳбатини

    Рустам БОЙТЎРА ёзиб олди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates