Орол денгизи тубида юқори даражадаги шўрланишга чидамли ўсимлик синовдан ўтказилди

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Орол денгизи қуриган тубида синовлар ўтказилмоқда.

    Тадқиқот ишлари вазирликнинг Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ходимлари томонидан қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Зиновий Новитский раҳбарлигида олиб борилмоқда.

    Лойиҳанинг асосий мақсади шўрланиш даражаси юқори бўлган шароитларга энг чидамли ва денгиз тубидаги экстремал шароитларга мослаша оладиган ўсимлик турларини аниқлашдан иборат.

    Юқори яшовчанлик кўрсатган истиқболли ўсимлик турларидан бири бу Арундо донах бўлди — бу гигант қамиш тури бўлиб, табиатан нам муҳитни хуш кўрсада, шўрланган шароитларга ҳам юқори даражада мослаша олиши билан танилган. Дала тадқиқотлари давомида ўтказилган тупроқ қазиш ишлари натижасида синов ҳудудида ер ости сувлари тахминан 2 метр чуқурликда жойлашгани аниқланди. Эътиборлиси шундаки, Арундо донах илдизлари аллақачон биринчи йилнинг ўзида шу чуқурликка етиб боради, бу эса ўсимликка ер ости сувларидан самарали фойдаланиб, ўсишни давом эттириш ва барқарор ривожланишни таъминлаш имконини беради.

    "Арундо донах шўрланган шароитларда яшаб қолиш даражасини ошириш учун тадқиқотчилар гуруҳи томонидан ноёб технология ишлаб чиқилди. Бу услубнинг моҳияти — она ўсимликдан камида бир метр чуқурликдан олинган илдиз куртаклари орқали кўчат экишда. Бундай куртаклар шўрланиш даражаси Оролнинг қуриган тубига ўхшаш ҳудудлардан — Урганч ва Қорақалпоғистондан олиб келинди. Натижалар кутилганидан ҳам юқори бўлди: ўсимликларнинг яшаб қолиш даражаси 90 фоиздан кам эмас", — дея таъкидлади З. Новитский.

    Олимнинг сўзларига кўра, ўсимликларни муҳитга мослаштириш бўйича айнан шундай ёндашув келажакда ҳам қўлланилади. Арундо донах илдиз тизими нафақат чуқурлик бўйича (биринчи йилнинг ўзида 1 метр ва ундан ортиқ) ўсишни намоён этади, балки горизонталь йўналишда ҳам кенг тарқалади — 2 метргача. Бу эса тупроқнинг барқарорлигини таъминлашга ва унинг янада деградацияга учрашининг олдини олишга хизмат қилади.

    Ўтказилган синовлар Орол денгизининг қуриган тубини биологик йўл билан тиклаш борасида янги имкониятлар яратмоқда. Ушбу услуб кенг кўламли кўкаламзорлаштириш, чанг бўронларига қарши курашиш, шунингдек, иқлим ўзгариши ва экологик таназзул шароитида бутун минтақанинг экотизимини тиклаш учун муҳим асос бўлиши мумкин.

    No date selected
    июн, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates