Масалан, зиёфатлар, тўй-маъракаларда нафс жиловини эркин қўйиб юбориш ошқозонни абгор қилади. Одам организмида янги-янги касалликларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
“Ўзбекистон” НМИУда ишлаб юрган кезларимда, яъни 2015 йилда “Соғлом овқатланиш – саломатлик мезони” номли салмоқли китобни чоп этганмиз. Соғлом кишилар ва аҳоли ўртасида кенг тарқалган кўплаб касалликларда парҳез овқатланишнинг ижобий ва самарали усулларидан кенгроқ фойдаланиш ҳамда тарғиб қилиш акс эттирилган бу китобнинг асосий ташаббускори ва ғоя муаллифи ўша пайтдаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев бўлган ва бевосита унинг раҳбарлигида чоп этилган. Китоб 10 бобдан иборат бўлиб, “Ўзбекистонда етиштириладиган ҳамда истеъмол қилинадиган ва таомлар тайёрлашда фойдаланиладиган маҳсулотларнинг таркибий қисмлари”, “Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибий қисмларининг биологик аҳамияти”, “Турли аҳоли гуруҳларининг соғлом овқатланиш тамойиллари”, “Турли касалликларни даволашда парҳез овқатлардан фойдаланиш”, “Озиқ-овқат сифати, хавфсизлиги ҳамда уларни таъминлаш” ва “Парҳез таомларни тайёрлаш намуналари” деб номланган бобларда тўғри овқатланиш ҳақида жуда муҳим ва ҳаётий тиббий кўрсатмалар ҳамда сабоқлар илмий жиҳатдан кенг қамраб олинган. Академик Шавкат Каримовнинг умумий таҳрири остида нашр этилган ушбу китоб ҳукумат раҳбарининг кўрсатмаси билан республиканинг барча шаҳар ва туманларига етказиб берилди. Энг муҳими, бир неча бор қайта-қайта чоп этилди ва жуда катта ижобий натижа берди.
Кейин бу долзарб мавзу давом этди. Мазкур китобнинг давоми сифатида Тошкент давлат тиббиёт университети профессори, машҳур парҳезшунос олима Гули Шайхованинг “Овқатланиш сабоқлари” номли китоби чоп этилди. Бу китобдан ҳам инсон организмининг ўсиши, ривожланиши, ҳаёт кечириш ва касалликларга қарши курашиш қобилиятини оширувчи, соғлом турмуш тарзининг энг асосий омилларидан бири – соғлом ва тўғри овқатланиш ҳамда унга бўлган гигиеник талаблар, мутахассиснинг илмий асосланган кўрсатмалари ўрин олган.
Муаллиф соҳасининг йирик ва билимдон олими сифатида ибратли ва ҳаётий мисоллар орқали ўқувчига бебаҳо тавсия ва сабоқлар берган. У бундай ёзади: “...Ибн Сино бир қатор ички касалликлар, юрак-қон томир, жигар, буйрак ва тери касалликларидан халос бўлишда, биринчи ўринда, парҳезга алоҳида эътибор бериш кераклигини уқтиради. Тухум оқини сут билан бирга, балиқни сут ё тухум билан истеъмол қилмаслик ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, у тери касалликлари ва зиққинафасни даволашда ёғли гўшт ҳамда сабзавотларни бир-бири билан аралаштирмай ейишни, таомномада дуккаклилар ва ёнғоқни камайтиришни буюрган”.
Биз нонни кўп истеъмол қиламиз. Деярли ҳамма овқатни нон билан ейишга одатланганмиз. Лекин мазкур китобда нонни қайси таомлар билан қанча миқдорда ейиш кераклиги илмий мисоллар орқали кўрсатилган: “Гўштли, қуюқ таом нон билан ейилмайди... Нонни нонушта ва тушлик пайтида суюқ таомлар билан бирга бемалол истеъмол қилинг. Айниқса, қора ундан ёпилган нон организм учун жуда катта фойда беради”. Шунингдек, муаллиф ёзади: “Ахир таомлар аралашиб кетса, бундан организм ҳеч қачон фойда кўрмайди, фақат ошқозоннинг зўриққани қолади... Овқатни ширин чой билан еб бўлмайди, овқат ортидан ширинликлар ейиш ҳам худди шундай натижа беради. Еган луқмангиз хазм бўлмайди. Оқсилга бой гўштли таомлар фақат сабзавотли, кўкатли овқатларга мос келади...”
Китобда биз истеъмол қиладиган барча маҳсулот ҳақида аниқ маълумотлар берилган ва улар илмий асосланган жадвалларда кўрсатилган.
Ҳар икки китоб ҳам тўғри ва соғлом овқатланиш учун ибратли мисоллар ва зарур ҳаётий фикр-мулоҳазаларга жуда бой. Гиппократ айтганидек: “Истеъмол қилаётган таомингиз дори воситалари вазифасини ўтасин, дори воситалари эса, озиқ-овқат маҳсулотларидан бўлсин”.
Шу ўринда жиддий бир савол туғилади: биз мутахассисларнинг бундай аниқ ва тўғри кўрсатмаларига қанчалар амал қиляпмиз? Албатта, амал қилаётганлар бор. Лекин уларни кўп деб айтолмаймиз. Кўпчилик “Кўрдингми ош — кўтарма бош” деган мақолга ҳамон тўла-тўкис амал қилади. Гарчи мақол эски бўлса-да, ҳар бир замонда янграйверади, иштаҳага туртки бераверади. Иштаҳа эса нафснинг лаганбардори.
Паловни яхши кўриш, иштаҳа билан ейиш одати кўпроқ ўзбекларга хос. Фақат ош учун махсус ресторанлар, кафелар, чойхоналар бунёд этилган. Бирор-бир маҳалла йўқки, чойхонаси бўлмаса. Шуларга таяниб айтиш мумкинки, ўзбекларнинг севган таоми, шубҳасиз, ош! Масалан, эрталаб ошга борилади. Тушликда ҳам бир таниш ошга таклиф қилган. Кечқурун уйга келсангиз, ош дамланган. Шу ўринда яна бир халқ мақоли ёрдамга келиб, иштаҳани очади: “Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин!” Албатта, ҳали ошдан бўкиб ҳаётдан кўз юмган бирор кимса ҳақида эшитмаганмиз. Аксинча, маза қилиб ош еганимизни мақтаниб юрамиз.
Бир сафар шифохонада Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев билан бир пайтда даволандик. Суҳбатларимиздан бирида у афсусланиб бундай деган эди: “Фарғонадан Тошкентга келганимга салкам қирқ йил бўляпти. Шу даврда элга ўн олти марта ош берибман. Шундан кўра ярмига ош бериб, тежаган маблағимга дунёни айлансам бўлар экан”. Устоз бироз жим қолиб, яна мавзуни давом эттирди: “Ҳозир ҳам учта даврада “гап” ейман. Албатта, асосан ош бўлади. Кундалик ошларга ҳам бориб тураман. Шифохонада докторлар парҳез қилинг, дейди. Парҳез қилган одам ўзбекчиликдан чиқиб қолади-ку”
Азиз газетхон! Мени маъзур тутинг, шу ўринда халқимизнинг ош билан боғлиқ яна бир доно мақолани эсламасликнинг иложи йўқ:
“Умрингдан бир кун қолгунча ош е,
Пулингдан бир тийин қолгунча ош е...”
Халқимиз жуда-жуда севиб, маза қилиб ейдиган овқатлар сирасига хамирли таомлар ҳам киради. Хўрандалар меҳрини қозонишда хамирли овқатлар ҳам ошдан қолишмайди. Нориндан тортиб шилпилдоққача, мантидан тортиб сомсагача иштаҳа билан истеъмол қилинади. Бир норинхўрликлар, шилпилдоқхўрликлар бўладики, одамлар бундай давраларни гўё зўр китоб ўқигандай, кино ё спектакль кўргандай узоқ вақт эслаб, бир-бирига мақтаниб, сўзлаб юради. Масалан, “Шилпиқдоқнинг қазиси тойнинг гўштидан бўлган экан” ёки “Нориннинг гўшти мазали от гўштидан экан, шўрвасига гап йўқ”...
Хамирли овқатларни шунчалар яхши кўрамизки, баъзан уларга меҳримиз жўшиб иштаҳа очилиб қолса, тунда ётишдан олдин тўйиб еб, кейин ухлаймиз. Бундай пайтда ошқозон шўрлик эсга тушмайди. Жигар, буйрак каби аъзоларимизнинг озорини эшитмаймиз...
Қишнинг сўнгги кунлари Қибрай тумани Маданият қишлоғи ҳудудида жойлашган ва пештоқига ўқловдай ҳарфлар билан: “Бешбармоқ №1” деб ёзилган, кўринишидан гўё ишлаб чиқариш корхонасини эслатувчи ошхонага бордик. Емакхона хўрандалар билан тирбанд. Ишлар конвейер усулида ташкил қилинган. Хонага кириб ўтиришингиз билан официант дарҳол буюртма олади. Кўп ўтмай, кемани эслатувчи ёғоч лаганда қази-қартаси билан шилпилдоқ олиб келинади. Шилпилдоқдан сўнг бирпасда “Эт – этга, шўрва – бетга”, деб шилпилдоқнинг шўрваси келтирилади.
Икки киши кўтариб келадиган ёғоч лагандаги шилпилдоқ қисқа вақтда қўлма-қўл бўлиб кетади. Ташқарида – кириш эшиги олдида туриб хўрандаларни кузата бошладим: аксарияти семиз, қорин қўйган, келбати полвонларни эслатади. Аёлларнинг ҳам қомати қопдайгина нозик. Назаримда, семизликка мойил инсонлар хамирли таомларни хуш кўради, шекилли.
Шу ўринда ҳаммага яхши иштаҳалар тилаб, яна бир жиддий ва ўта муҳим фикрни айтишни лозим топдик. Айтайлик, одамнинг нафси юҳога, иштаҳаси карнайга айланган пайтда ошқозондаги аҳвол қандай экан?! Ўпқон иштаҳанинг азобини ошқозон шўрлик тортмаяптими? Оғиздан кетма-кет тушаётган лахта-лахта хамир ошқозонда “ғишт”дай қават-қават бўлиб, касаллик деворига асос солмаяптими?
Бу овқатлар эҳтимол ёшларнинг ошқозонида тезроқ ҳазм бўлиб кетар. Ўрта ёшдагилар, кексаларнинг ошқозони оғир аҳволга тушиб, азоб чекади-ку!
Нега бунчалар овқатга ўчмиз? Ё фақат овқат ейиш учун бу дунёга келганмизми? Нега нафсимиз ҳакалак отиб бораётир? Наҳотки, иродамиз нафсни занжирбанд қилишга қодир эмас..
Профессор Мирзакарим Норбеков айтганидек “Нафс – ўра. У кафанни кўрганидан сўнг тўяди. Иштаҳа ҳаддан ошса, гуноҳга ботиради, очкўзликка кўприк бўлади”.
Аслида кўп ва устма-уст овқат ейиш мия фаолиятини сусайтиради. Руҳий ва ақлий тарбияга путур етказади. Оқибатда хотира пасайиб кетади. Бу маълумотларни тиббиёт аллақачон тасдиқлаган.
Овқатланишимизда яна бир жуда жиддий муаммо бор. Баъзилар нонуштани ё енгил-елпи ейди, ё емайди... Пешинда ҳам ўзини хафа қилмайди. Лекин кечки овқатни зўр бериб истеъмол қилади. Кўпчилик ўзбек оилалари эътибори ва кучини кечки овқатга қаратади. Қуюқ ва қовурилган овқатларни асосан кечки пайтда ейишга одатланганмиз. Бундай ҳолатда туни билан ичаклар ва барча ҳазм аъзолари зўриқиб ишлаши оқибатида турфа касалликлар пайдо бўлади. Аслида кечки овқатга енгил ҳазм бўладиган таомларни тайёрлаш мақсадга мувофиқ. Шунда ошқозон ҳам “миннатдор” бўлиб, раҳмат айтади.
Агар қорнимиз тўйиб, овқатимиз ортиб қолса, бунга ҳам дарҳол гап топиб: “Ол, охиригача еб қўйгин. Насибанг қолиб кетмасин. Ахир насибани Оллоҳ беради-ку! Ол-ол...”, деб мажбурлаймиз ўзимизни ёки шеригимизни.
Шу ўринда эсга яна мақол келади: “Ёмондан ярим қошиқ...”, деганлар. Ол, еб қўйгин!..” Лаганда эса салкам ўн қошиқдан кўпроқ овқат турибди. Ахир ошқозон сомон халтаси эмас-ку!..
Таниқли халқ табиби Абдулазиз Нуриддин ўғлининг ҳаётий ўгитларидан:
“Саломатликнинг бошланғич манбаи ҳам озиқ-овқат ҳисобланади. Ошқозон касалликларининг сабаблари нотўғри овқатланиш туфайли содир бўладиган оғир дардлар. Нафс – одоб, хулқ-атвор илмида ҳам муҳим ўрин тутади... Овқат иссиқ эмас, илиқ ҳолда бўлсин, шунингдек, чойни ҳам илиқ ҳолда ичиш лозим. Қайноқ ҳолда истеъмол қилинган овқат ошқозонга жиддий зарар...”
Гапнинг лўндасини айтсак: овқатланиш маданиятимиз анча сустлашиб кетган. Тўғрироғи, уни йўқотиб қўйганмиз. Билсак ҳам амал қилмаймиз.
Уйда овқат, кўчага сайр қилишга чиқамиз-у, мақсад овқат ейиш бўлади, гап-гаштаклардаги овқатларни айтиш ҳам шарт эмас. Баъзан телеграмдаги гуруҳларда собиқ синфдошлар, дўстлар бир-бирига турли овқатларни реклама қилиб, учрашувларга таклиф қилади. Нияти — овқат ейиш. Телеграмдаги бирор гуруҳда синфдошнинг ўз синфдошларини, дўстларини янги кино ё спектаклга таклиф қилганини кўрмадим. Энди китоб ўқиш, кутубхонага боришга таклиф ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Ушбу мулоҳазалар билан овқат ейишга мутлақо қарши эмасмиз. Ниятимиз — меъёрни билайлик. Биз учун олтиндан ҳам қиммат бўлган соғлиғимизни асрайлик. Соғлиқ эса нафсни тийишдан, ошқозонни асрашдан бошланади. Мутафаккир Алишер Навоий бобомиз топиб айтганларидек:
Нафс комига изтироб этма,
Ўзнию мулкни хароб этма.
Яъни нафс хоҳишини деб қайғу чекиб, ўзингни ҳам, мулкингни ҳам хароб этма...
Кўп ёзилаётгани ва кўп айтилаётгани боис, тўйларимиздаги ўта исрофгарчиликлар, ҳаддан зиёд овқатхўрликлар ҳақида батафсил тўхталмадик. Бунинг ўзи катта ва долзарб мавзу. Ҳали унга ҳам қайтармиз...
Яна бир ўта жиддий муаммо бор! Нафс оқибатида ошқозонни қийнаб, танамиздаги турли аъзоларни касал қилиб, оқибатда фақат пойтахтда эмас, республикамизнинг барча ҳудудида дорихоналар ҳаддан зиёд кўпайиб кетишига муносиб ҳисса қўшаётирмиз. Соғлом турмуш тарзига, овқатланиш маданиятига жиддий эътибор берсак, дорихоналар ва шифохоналар сони кескин камаяди. Нафсини жиловлай олмаган ва ошқозонни аёвсиз тўлдираётган кимсалар, билиб қўйинг, сиз дорихона ва шифохона хизматчиларини бениҳоя хурсанд қиляпсиз.
Энг муҳими, аввало, нафснинг нафсига қулф уришдир. Жалолиддин Румий ҳазратлари ёзганидек:
Кимки ўз нафсини ўлдирмиш тугал,
Унга офтобу булут ҳам бош эгар...
Нафсимиз, айниқса, гўштни, гўштли таомларни кўрганда ҳаддан ошиб кетади. Биз иштаҳа билан гўшт еймиз. Гўшт аста-секин бизни ейди...
Оллоҳга шукр, мамлакатимиз тинч-осойишта, озиқ-овқат тақчиллиги йўқ. Бозорлар, супермаркетлар ва барча турлардаги дўконларда тўкин-сочинлик.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мазмундор бундай сўзлар бор:
“Касалликларни профилактика қилиш, аҳоли ўртасида соғлом ҳаёт тарзини қарор топтиришга катта аҳамият қаратяпмиз.
Аҳолининг турмуш шароитлари яхшиланиб бораётгани натижасида ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайди.
Биз таълим-тарбия учун, аҳоли саломатлиги учун, муаллим ва шифокорларни қўллаб-қувватлаш учун қанча куч ва қанча маблағ керак бўлса, барчасини сафарбар этамиз!”
Бу сўзлар замирида халқимиз саломатлиги йўлидаги ислоҳотлар самараси ёрқин намоён бўлиб турибди. Давлатимиз қўллаб-қувватлаб, ғамхўрлик қилиб турганда соғлигимизга, аввало, ўзимиз масъулмиз.
Келинг, соғлом турмуш тарзимизни янада юксалтириб, соғлом овқатланиш йўл-йўриқлари ва қоидаларига жиддий амал қилайлик. Келажакда ўрта ёшни 80 ва ундан юқориларга узайтирайлик.
Тўкин-сочин, турфа ноз-неъматларга тўла дастурхон атрофида ўтирган бўлсангиз, қўлингизга қошиқни олишдан олдин ўзингизга бундай савол бериб кўринг: “Керагидан ошиқча овқат ейиш фойдалими ёки зиён?”.
Ашурали ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист









