2021 йилда балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, соҳага янги инновацион технологияларни жорий этиш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда республикада балиқ турлари хилма-хиллигини оширишга йўналтирилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, балиқчиликни ривожлантириш мақсадида 364 та балиқчилик лойиҳалари амалга оширилиб, 2310 нафар янги иш ўринлари яратилди.
Ушбу лойиҳалар доирасида личинка ишлаб чиқариш қуввати 470 млн. дона бўлган 10 та инкубация цехлари ишга туширилиб, 4,1 млрд дона балиқ личинкалари ишлаб чиқарилди. Балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган 873 гектар майдонда қуввати 52 млн дона бўлган репродуктор ҳавзалар барпо этилди.
Қуввати 15 минг тн бўлган юқори сифатли омухта ем ишлаб чиқарувчи 3 та корхона ҳамда қуввати 4000 тн бўлган балиқни қайта ишловчи 8 та корхона ишга туширилди. Шунингдек, қуввати 4,5 минг тн бўлган 110 гектар майдонда интенсив сув ҳавзалари барпо этилди.
Ўтган 2021 йилда Бухоро, Жиззах, Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 1 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида 2 тадан жами 9 та балиқ етиштириш қуввати 3100 тн, қайта ишлаш қуввати 1550 тн бўлган балиқчилик кластерлари ташкил этилди. Мазкур кластерлар барча солиқлардан озод этилиши натижасида 6,5 млрд сўм имтиёзга эга бўлди. 19 та балиқчилик хўжалигига давлат томонидан 3,7 млрд сўм субсидиялар ажратилди.
Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Вьетнам, Эрон ва Тожикистон давлатларига 8,9 млн доллар қийматдаги 2,2 минг тн балиқ ва балиқ маҳсулотлари экспорт қилинди.
Юқоридаги ишларни ташкил этилиши ҳисобига 2021 йилда жами 400 минг тонна балиқ етиштирилди. Шунингдек, мавжуд сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланган ҳолда балиқ етиштириш ҳажмини ошириш ва юқори даромадларга эришиш мумкинлигини тушунтириш борасида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан ҳудудларда 60 га яқин семинар ва тренинглар ўтказилди.
Шу билан бирга, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан “Аҳоли хонадон томорқаларида интенсив усулда балиқ етиштириш” бўйича қўлланма ишлаб чиқилди. Қўлланма билан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг расмий веб-сайтида танишишингиз мумкин.