Озарбайжонда Chevrolet автомобилларини йиғишнинг бошланиши ва сотувларига старт берилди

    Транспорт 19 сентябр 2021 1181

    2021 йил 17 сентябрда Ҳажигабул шаҳрида (Озарбайжон) «UzAuto Motors» АЖ ва «SamAvto» заводи ишлаб чиқариш »линиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

    General Motors билан ўзаро келишувга эришилгач, «UzAuto Motors» Chevrolet автомобилларини Озарбайжонда сотишни бошлаши ҳақида эълон қилди.

    Озарбайжон тарафдан ишлаб чиқариш бўйича ҳамкор сифатида Боку шаҳри яқинида жойлашган Ҳажигабул саноат квартали таркибига кирувчи «Azermash SR» иштирок этди. Томонлар ўртасида 2021 йил 21 июлда имзоланган келишув шарофати билан лойиҳани амалга ошириш учун имконият яратилди.

    Жорий йилнинг апрель ойида Ҳажигабул саноат кварталининг очилиш маросимида Озарбайжон Президенти Илҳом Ҳайдарович Алиев лойиҳага старт берувчи рамзий тугмани босди. Озарбайжон Президенти ўз қутлов нутқида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг муҳимлигини, икки халқнинг маданий ва лингвистик жиҳатлари муштарак эканлигини қайд этди.

    «Azermash SR» заводида ишлаб чиқариш линиясининг тантанали ишга туширилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Қўчқоров онлайн тарзда тантанали нутқ сўзлади. Ўзбекистон делегациясига «Oʼzavtosanoat» АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов бошчилик қилди. Озарбайжон тарафдан, тадбирда Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов иштирок этди.

    Ҳамкорликнинг дастлабки босқичида «Azermash SR»нинг ишлаб чиқариш қувватларида Chevrolet Nexia, Chevrolet Cobalt, иккинчи босқичда Chevrolet Damas ва Chevrolet Labo автомобилларини жами 5 000 донагача, SamAvto автобусларини эса йилига 1 000 донагача миқдорда ишлаб чиқариш ва сотиш режалаштирилган, деб хабар беради UzAuto Motors» АЖ матбуот хизмати.

    «UzAuto Motors» нинг Озарбайжондаги расмий дистрибютори «Azermash SR»га кўра, мазкур моделлардаги нарх, функционаллик ва сифатнинг манфаатли ва уйғун нисбати уларнинг ўзига хос рақобатбардош афзаллиги бўла олади.

    Шавкат Умурзоқовнинг қайд этишича: «Озарбайжонда муваффақият қозонишга умид боғлаш учун бизда етарли даражада асослар бор. Озарбайжон ва Ўзбекистонни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлайди, қардош халқларимиз қардош тилларда сўзлашади. Урф-одатларимиз, тарихимиз, маданият ва дунёқарашимиз муштарак, ҳатто бизнес ва ишбилармонлик этикасига бўлган ёндашувимиз ҳам жуда ўхшаш. Янги автомобиль заводи маҳсулотлари Озарбайжон аҳолиси орасида оммалашишига, янгиланган Nexia, Cobalt, Damas ва Labo, шунингдек SamAvto автобуслари ҳам уларга манзур бўлишига бизда шубҳа йўқ».

    Шунингдек, «UzAuto Motors» АЖ бош директори Бо Инге Андерссон таъкидлаганидек: «Ҳозирги пайтда биз моделлар қаторига яна бир нечта автомобиль қўшиш имкониятини ўрганяпмиз. Шу тариқа, яқин келажакда бошланғич моделлар қатори сезиларли даражада кенгайиб, катта бўлмаган ва ихчам ҳажмдаги енгил автомобиллардан тортиб то йирик ҳажмли йўл танламас SUVларгача бўлган жозибали транспорт воситаларининг кенг ассортиментини ўз ичига олишини кутяпмиз».

    Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойида Қозоғистонда Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқариш бошланган эди. Қозоғистонда «SamAvto» автобусларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг май ойида йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Chevrolet автомобилларини Тожикистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates