Тадбирда Буюк Британия Парламенти, вазирлик ва идоралари, тадқиқот ва таҳлил марказлари, олий таълим муассасалари, ишбилармон доиралари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ходимлари ва ватандошларимиз иштирок этди.
Очилиш маросимида мамлакатимиз элчиси Равшан Усманов хорижий томонни юртимизда ўтган йили умумхалқ референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция, унинг Янги Ўзбекистон ислоҳотлари доирасидаги аҳамияти, мамлакат Асосий қонунида белгиланган тинчлик ва тараққиёт тамойиллари билан таништирди.
Шунингдек, Конституция юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Баронесса Уддин, Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, Ўзбекистонда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришларни ижобий баҳолаб, Лондонни Тошкент билан барча соҳаларда алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. Янгиланган Ўзбекистон Конституциясининг мамлакатнинг кўпмиллатли халқи, ислоҳотлар ва тараққиёт учун муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Лорд Вейверли шу йил октябрь ойида янгиланган Конституция асосида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштироки давомида ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг очиқлик ва рақобат руҳида ўтганлиги Асосий қонунни ҳаётга татбиқ этиш йўлида биринчи ғоят муҳим қадам бўлганини билдирди.
Тадбирнинг маданий қисмида Ўзбекистондан ташриф буюрган «Бунёд» ансамбли ижросидаги куй ва қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият улашди, деб хабар беради «Дунё» АА.