Ўзбек тилига қизиқиш — Ўзбекистонга қизиқишдан бошланади

    Ҳар бир ўқитувчи миллий сертификатга эга бўлса, ойлик маошига қўшимча 50 фоиз маблағ қўшилишини билар экан, ўзи истаган ҳолда тинимсиз изланишга тушади.Ўқитувчининг билим доираси кенгайиши, ўз устида кўпроқ ишлашга интилиши эса таълим сифатининг яхшиланишига хизмат қилади.

    Газетамизнинг фаол муаллифларидан бўлган тилшунос олима, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Саодат МУҲАМЕДОВА билан 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан сўнг боғланган эдик. Саодат опа бу борада шошмасдан, бафуржа суҳбатлашиш лозимлигини айтди.

    Бежиз эмас экан, орадан ҳеч қанча ўтмай, 2024 йил 12 январь куни давлатимиз раҳбари миллий ғуруримизни оширишга доир яна бир муҳим қарорни имзолади. Бугунги суҳбатимиз кенгаш йиғилишида кўтарилган масалалардан келиб чиқадиган вазифалар ва “Хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш орқали туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз нуфузини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳиятига бағишланди.

    Ўқитувчи изланса, таълим сифати яхшиланади

    — Сиз юқорида тилга олган йиғилишда Президентимиз ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ва халқаро мақомини оширишга алоҳида эътибор қаратиб, бу борада Ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг миллий манфаатларига хизмат қиладиган ғоятда қимматли ташаббус ва ғояларни илгари сурди.

    Давлатимиз раҳбари маънавий тарбияда ижтимоий-гуманитар фанлар, жумладан, ўзбек тили ва адабиётининг ўрнини таъкидлаган ҳолда, айнан ўзбек тили ва адабиёти орқали ёшлар онгига миллий ғоя, миллий мафкура, миллий ўзлик сингдирилишига алоҳида урғу берди. Ушбу муҳим вазифаларни бажарадиган ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш зарурлиги, миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланишини маълум қилди. Бу эса стратегик жиҳатдан мамлакатимиз миқёсида жуда катта ижобий ўзгаришлар юз беришига асос бўлади.

    Чунончи, муайян фан бўйича миллий сертификатга эга бўлиш учун белгиланган синовлардан ўтиш талаб қилинади. Табиийки, бу пухта тайёргарликни тақозо этади. Ҳар бир ўқитувчи миллий сертификатга эга бўлса, ойлик маошига қўшимча 50 фоиз маблағ қўшилишини билар экан, ўзи истаган ҳолда тинимсиз изланишга тушади. Ўқитувчининг билим доираси кенгайиши, ўз устида кўпроқ ишлашга интилиши эса таълим сифатининг яхшиланишига хизмат қилади.

    Қолаверса, аксарият ёшларнинг фикрича, инглиз тили ўқитувчиси бўлиш обрўли (чунки тил сертификатига эга ўқитувчиларнинг ойлигига 50 фоиз устама бор) ва уларда шу йўналишдаги ОТМларда ўқиш истаги баланд. Бу қарордан сўнг эса ёш авлодда ўзбек адабиёти, ўзбек тили (давлат тили) фанларидан дарс беришга ҳам қизиқиш уйғонгани аниқ.

    Мамлакатимизнинг ўзига хос ташриф қоғози

    — Ўзбек тилининг ривожи, истиқболи, дунё миқёсидаги тарғиботига урғу берилиб, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлар пул мукофоти билан тақдирланиши ҳамда олийгоҳлардаги ўзбек филологияси таълим йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши белгилангани маълум қилинди. Сизнингча, бу қандай самара беради?

    Ишонч билан айтиш мумкинки, бу ташаббус ҳам ижобий резонанс ва натижага эга бўлади.

    Биринчидан, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши ҳақида дунё бўйлаб хабар тарқалар экан, жаҳон халқларининг Ўзбекистонга, ўзбек халқига, унинг тили, ўзбек адабиёти, маданияти, тарихига қизиқиши ортади. Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси мамлакатимизнинг ўзига хос ташриф қоғози, миллий имижларидан бири бўлиб хизмат қилади.

    Иккинчидан, бу олимпиада бутун жаҳонда ёшлар орасида ўзбек тилини ўрганишга рағбат уйғотади. Маълумки, хорижий мамлакатларнинг фуқаролари Ўзбекистон ОТМларига фақат тўлов-шартнома асосида қабул қилинади ва бу валютада каттагина миқдорни ташкил этади. Абитуриентнинг ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ғолиби ё совриндори бўлиб, ўзбек филологияси йўналишига давлат гранти асосида қабул қилиниши унга моддий ва маънавий рағбат келтиради. Ўзбекистон муҳитида таълим-тарбия олар экан, у ўзбек тили билан ўз тақдирини боғлаши баробарида бошқаларни ҳам ўзбек тилини чуқур ўрганишга, олимпиадада ғолиб бўлиб, нуфузли ОТМларда грант асосида ўқишга тарғиб қилиши мумкин.

    Учинчидан, хорижий ОТМ талабаси ёки ўз касбига эга киши ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадасида ғолиб бўлган тақдирда каттагина пул мукофоти билан тақдирланади. Табиийки (тажриба кўрсатишича), у бу маблағларни юртимизнинг тарихий обидаларини зиёрат қилишга сарфлайди ва Ўзбекистонни ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёга таништиришни бошлайди. Бу юртимизга сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилади.

    Тўртинчидан, яна шуни айтиш керакки, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказиш асносида ўзбекистонлик олимлар, ўзбек тили ўқитувчиларининг хорижий мамлакатлардаги ҳамкорлари билан мулоқоти кенгайиб боради. Зеро, айнан улар дунё бўйича ўзбек тилини ўрганаётганлар билан доимий алоқада бўлиб туришига тўғри келади. Бу ўз-ўзидан халқ дипломатиясининг ҳам ривожланишига туртки беради.

    “Ўзбек адабиёти” алоҳида фан сифатида ўқитилса...

    — Бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилиши, бу борада алоҳида механизмлар жорий қилиниши ва бошқа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари 2-3 карра кўпайтирилиши ҳам маълум қилинди. Бу нафақат йиғилиш иштирокчилари, балки барча ўзбекистонликларни тўлқинлантириб юборди. Шундай эмасми?

    — Гапингиз тўғри, лекин бу фикрларнинг самараси тез фурсатда билинмайди, балки муайян вақт керак бўлади. Вақт ўтгач эса, бу ташаббус шубҳасиз, ўзининг “портлаш эффектини” беради.

    Бугунги кунда юртимиз умумтаълим мактабларида ўзбек тилидан ташқари рус, қорақалпоқ, тожик, туркман, қозоқ ва қирғиз тилларида таълим олиб борилмоқда. Олий таълим тиллари — ўзбек, рус, инглиз, қозоқ, қирғиз, тожик тиллари. Олий таълимдан кейинги таълим, яъни диссертация матнини ёзиш тиллари — ўзбек, рус, инглиз, қорақалпоқ тиллари. Бу жуда ноёб факт ва ҳолатдир, чунки дунёнинг кўплаб мамлакатларида таълим асосан давлат тилида олиб борилади. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистондаги бағрикенглик, дўстлик, тотувлик ва ўзаро ҳурматнинг ёрқин намунасидир. Демак, бу борада бошқа тилларда таълим олган юртдошларимизнинг давлат тилини ўрганишга қизиқишини ошириш, ўзбек тилини яхши билганларни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади. Она тили бошқа бўлган юртдошларимиз ҳам ўзбек тилини ўрганиш, билиш бўйича махсус механизмлар мавжудлигини билса, ўзгаришларни ўзида ҳис қилса, давлат тилини қунт билан ўрганишга, ўз ҳаётининг барча жабҳаларида уни фаол қўллашга интилади.

    Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва профессионал таълим тизимида, шунингдек, олий таълим муассасаларидаги ўзга тилли гуруҳларда “Ўзбек тили” фани ўқитилади. Ҳар қандай тилни ўрганишда амалиёт муҳим. Шу маънода, синф ва гуруҳларда ўзбек тилини талаб даражасида ўргатиш учун соатлар ҳажми камлик қилади. Зарур шароит яратмасдан туриб эса, керакли натижани талаб қилиш ҳар ҳолда мақсадга мувофиқ эмас эди. Президентимиз айни масаланинг ечимини унинг моҳиятини чуқур ўрганиб, изчил таҳлил қилган ҳолда тўғри кўрсатиб берди. Зеро, сифатли таълим кун келиб, сифатли натижа бериши шубҳасиз.

    Ўзга тилли гуруҳларда таълим олган ўқувчилар ёки талабалар Пушкину Толстойни яхши билади, аммо Алишер Навоий, Бобур, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбекларнинг кимлигини ҳам билмайдиганлари бор. Демак, улар ўзи яшаётган буюк тарихга эга мамлакатнинг ўтмиши, адабиёти, маданиятини яхши ўрганмай вояга етади. Ҳозир адабий ўқиш бўйича дарслар ўзбек тили машғулотларининг ичига қўшиб юборилган. Ўзбек тили дарслари негизида ўзбек адабиётига доир маълумотларни болалар онгига сингдиришга вақт етмайди. Яъни, адабий ўқиш машғулотлари ўзбек тили грамматикаси соясида олиб борилгани учун таълим бошқа тилда олиб бориладиган мактаб ўқувчиларида ўзбек халқининг тарихи, адабиёти, дунёқараши, миллий руҳи, ўзбекларга хос инсоний фазилатлари ҳақида маълумотлар етарли эмас. Шуни инобатга олган ҳолда, адабий ўқиш машғулотларини ўзбек тили дарсларидан ажратиб, бир соат “Ўзбек адабиёти” фани учун дарс соати қўшилса ва у алоҳида фан сифатида ўқитилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

    Мамлакатимизда инглиз тилли мактаблар, ОТМлар ҳам кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Уларда фарзандларимиз қаторида хорижий ҳамкорларимизнинг фарзандлари ҳам таҳсил олмоқда. Бу табиий, чунки Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий ва сиёсий алоқалари тобора кенгаймоқда. Шунга кўра, ўлкамизга чет эллик тадбиркорларнинг оилавий кўчиб келиши кўп кузатилмоқда. Уларнинг фарзандлари албатта инглиз тилли мактабларда ўқийди, шунинг учун бу мактаблар бизга жуда зарур. Хўш, уларга юқорида санаб ўтилган билимлар қайси фан доирасида берилиши керак? Албатта, ўзбек тили фани доирасида. Фарзандларимиз инглиз тилини билсин, аммо ким эканини, ўзлигини ҳам унутмасин!

    Хуллас, биз – олиму зиёлилар давлатимиз раҳбари нутқидан келиб чиққан ҳолда, ёшларнинг маънавий тарбияси, адолатли ва халқчил сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш ишларида масъулиятимиз ўн карра ошганини ҳис қилиб, янги ғоялар, ташаббуслар иштиёқи билан яшамоқдамиз.

    Рақамли дунё — энг қулай дунё

    — Президентимиз шу йил 12 январь куни имзолаган юқоридаги муҳим ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида фикрларингиз қандай?

    Дарҳақиқат, охирги йилларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини, обрўсини ошириш, қўлланиш доирасини кенгайтириш, халқаро мақомини юксалтириш борасида бир-бирини тўлдирувчи, мантиқий давом эттирувчи муҳим тарихий, сиёсий, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар қабул қилинди. Сиз тилга олган қарор ҳам шак-шубҳасиз, Ватанимиз, миллатимиз тақдирида тутган ўрнига кўра ўша ҳужжатлар каби аҳамиятлидир.

    Қарорда белгиланган энг катта ва муҳим вазифа — хорижий давлатларда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўргатишни назарда тутувчи “Ўзбек академияси” (“Uzacademy”) интернет платформасини яратиш. Дарҳақиқат, бундай платформа билан дунёнинг исталган нуқтасидан туриб ўзбек халқининг тили, адабиёти, тарихи, маданиятини ўрганиш имконияти яратилади. Узлуксиз ишлаб турар экан, унда бир нечта техник имнониятлар — платформада таълим олувчиларга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети профессор-ўқитувчилари ҳамда Фанлар академиясининг Тарих институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий ходимлари томонидан масофавий (онлайн) дарс бериш, таълим олувчилар учун платформа орқали масофавий имтиҳон топшириш имкониятлари яратилади.

    Қарорда платформанинг Ўзбекистон тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиёти, шунингдек, маданий мерос бўйича электрон, босма китоб ва адабиётлар, ўзбек кино санъатининг шаклланиш тарихи ва ривожланиш жараёнлари ҳақида материаллар ҳамда атоқли киноижодкорлар томонидан яратилган энг сара фильмлар (инглиз ва рус тилларидаги субтитрлари билан), миллий мусиқа ва рақс санъатини намойиш қилувчи аудио ва видео дарсликлар билан бойитиб борилиши кўрсатилган.

    Шунингдек, хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъати, ўзбек тили ва адабиётига оид ўқув қўлланма ва дарсликлар, адабиётларнинг электрон шакли ишлаб чиқилиб, платформага жойлаштирилиши белгиланган. Бу қулайликлар ўзбек тилини ўрганишни хоҳловчилар сонини ошириши шубҳасиз, зеро рақамли дунё — энг қулай дунё экани аллақачон исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланган.

    Бундан ташқари, қарорда юртимизнинг бой илмий, тарихий, маданий ва маънавий меросини ўрганишга қизиқиш юқори бўлган хорижий таълим ва илмий ташкилотларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг марказлари ҳамда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг “Ўзбекшунослик” (“Uzbek Studies”) кафедралари фаолиятини йўлга қўйиш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда, биринчи навбатда АҚШ, Россия, Қозоғистон, Франция, Туркия, Миср, Корея, Ҳиндистон ва Хитойнинг манфаатдор вазирлик ва идоралари билан келишган ҳолда, ушбу давлатлардаги таълим ва илмий ташкилотларда марказлар ва кафедралар фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўриши белгиланган.

    Мазкур бандларда кўрсатилган вазифаларнинг бажарилиши дунё бўйича ўзбек тили тарғиботини янги босқичга олиб чиқади. Бу вазифаларни ижро қилиш учун бизда етарлича асос, куч-ресурслар мавжуд. Масалан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида дунёнинг 170 дан ортиқ университетлари ва илмий, маданий муассасалари билан шартнома асосида яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Етти йиллик фаолиятимиз давомида 300 дан ортиқ хорижлик профессор университетдаги дарсларга жалб этилди, 843 нафар хорижлик талаба таҳсил олди.

    Ўз навбатида, университетнинг 200 дан ортиқ талабаси академик алмашув доирасида хорижнинг нуфузли таълим муассасаларида бўлиб қайтди, 300 дан ортиқ профессор-ўқитувчиларимиз хорижда малака оширган. Университет ташаббуси ва бевосита иштирокида Хитой, Буюк Британия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда Ўзбек тили ва маданияти марказлари ҳамда ўзбек тили курслари фаолияти йўлга қўйилган.

    Хорижликларнинг ўзбек тилини ўрганишга қизиқишини инобатга олиб, 2022 йилда университет ҳузурида чет элликларга ўзбек тили ва маданиятини ўргатувчи “Ўзбек мактаби” фаолият бошлади. Ушбу марказда 300 дан ортиқ хорижлик миллий тилимизни турли даражада ўрганди ва ҳозир ҳам ўрганиб келишмоқда. Ушбу марказ томонидан “Ўзбек тили хорижликлар учун” А1, А2 даража учун дарсликлар яратилган ва бугунги кунда кейинги даражалар учун мўлжалланган дарсликлар устида ишланмоқда.

    Елкадош бўлишимиз зарур!

    Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, ўзбек тилини давлат тили ва хорижий тил сифатида ўқитиш, уни дунё миқёсида тарғиб қилиш борасида Президентимизнинг 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқида ва 2024 йил 12 январдаги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ҳамда халқаро мақомини оширишга самарали хизмат қилади.

    Бу эзгу ишни бажаришда ўзбекистонликлар бирдам ва елкадош бўлиши зарур. Зеро, ўзбек тилини асраб-авайлаш, ривожлантиришга ҳар биримиз масъулмиз. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Муножат Мўминова суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates