"Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида ривожланишнинг муҳим истиқболлари

    Тошкентда “Келажакни лойиҳалаш: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ривожланишнинг муҳим истиқболлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

    Тадбир Прогрессив ислоҳотлар маркази томонидан Макроиқтисодиёт ва ҳудудий тадқиқотлар институти, “Янги Ўзбекистон” университети, Европа —Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси билан биргаликда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида ташкил этилди.

    Анжуманда “Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасидаги устувор дастур ва лойиҳаларни таҳлил ва тадқиқ қилиш, ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи кенг кўламли миллий ва халқаро ташкилотлар, тузилма ва муассасалар вакиллари, жумладан экспертлар, етакчилар, менежерлар ва раҳбарлар иштирок этди.

    Таъкидланганидек, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон кенг кўламли туб ўзгаришлар йўлини босиб ўтди. Бугунги Ўзбекистон нафақат замонавий жаҳон тенденциялари ютуқларини қабул қиладиган ва мослаштирадиган, балки минтақавий кун тартибини шакллантиришда фаол, янгиликларга очиқ ҳамда дунё ҳамжамиятининг доимий равишда ривожланиб борувчи аъзосини ўзида акс эттиради. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жадаллашган ва Ўзбекистон янги тараққиёт йўлига қадам қўймоқда, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, таълим, илмий муҳит серқирра бўлиб бормоқда.

    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қабул қилиниши ва “инсон – жамият – давлат” тамойилга асосланган ислоҳотлар бу жабҳадаги ишларни янада ривожлантирмоқда. “Ўзбекистон — 2030” стратегияси келгуси етти йилда иқтисодиёт, ижтимоий фаровонлик, сиёсат ва хавфсизлик соҳаларида кўп қиррали ислоҳотларни режалаштиришнинг асосий платформасига айланди. Унда жамиятда интеллектуал ресурсларни бирлаштириш, соҳавий ва тармоқ режа ва дастурларини мувофиқлаштириш, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни тақозо этувчи улкан мақсадлар қўйилди. Шунинг учун турли эксперт платформалари ўртасида тизимли равишда ахборот ва лойиҳа ғояларини алмашиш, экспертлар ҳамжамияти ва ҳукумат ўртасидаги мулоқот муҳим аҳамиятга эга.

    Бугунги анжуман турли манфаатдор томонлар ўртасида фикр ва тажриба алмашиш, ислоҳотлар жараёни ва унинг минтақавий ва глобал ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятга мумкин бўлган таъсирини ҳар томонлама тушунишга хизмат қилди.

    Тадбирда таъкидланганидек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишида жами 17 та мақсадлар белгиланган. Жумладан келгуси 7 йилликда иқтисодиётимизни 2 баробар ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга ошириш мақсад қилинган.Иқтисодий тараққиёт бўйича таниқли экспертларнинг фикрича, мавжуд салоҳиятни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги ўн йилликларда минтақадаги энг ривожланган иқтисодиётни қуриши ва нафақат ўзи, балки қўшни давлатларни ҳам ўрта ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиши мумкин. Ушбу мақсадлар учун 2030-йилгача 250 миллиард доллар инвестициялар талаб этилади. Бундан 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобига, 40 млрд долларни – давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш кўзда тутилган.

    Тадбир учта асосий йўналишни қамраб олди. Булар иқтисодий ўсиш ва трансформация стратегиялари; инклюзив ва барқарор жамият қуриш; энергетика ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш стратегияларидир. Муҳокамалар давомида айтилгандек, Ўзбекистонда ўзгаришлар марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари турибди. Инсон капиталига, билим ва инновацияларга йўналтирилган инвестициялар, “яшил” иқтисодиётга ўтиш иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш шарти сифатида қаралмоқда.

    Экспертларнинг фикрича, табиий ва энергия ресурсларидан барқарор ва самарали фойдаланишга асосланган “яшил” иқтисодий ўсишнинг Миллий стратегияси атроф-муҳит ифлосланишини минимал даражага тушириш орқали табиий офатлар ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга қаратилган. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодиётнинг турли тармоқларига “яшил” технологияларнинг жорий этилиши аҳоли турмуш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Натижада, шаҳарларда яшаш янада ёқимли ва қулай бўлади, ҳаёт сифати, унинг давомийлиги ошади.

    Муҳокама якунлари бўйича “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларига янада самаралироқ, ресурс тежамкорлик билан эришиш, ислоҳотлар жараёнларига илғор илмий, услубий ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Баҳор Хидирова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates