Марказ раҳбари Туркий дунё ахборот-таҳлил марказлари форумида иштирок этди

    Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий дунё ахборот-таҳлил марказлари форуми бўлиб ўтди.

    Унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг нуфузли ахборот-таҳлил марказлари, сиёсатчилар, дипломатлар, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

    Туркиянинг “Дипломатия” жамғармаси (“Diplomasi Vakfı”) томонидан ташкил этилган мазкур форумда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

    Форумда Марказ раҳбари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда стратегиянинг устувор йўналишлари ва вазифалари ҳақида маъруза қилди.

    Элдор Туляков ўз нутқида “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш мақсадларига қаратилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бешинчи устувор йўналишига алоҳида тўхталар экан, жаҳонда кечаётган бугунги мураккаб геосиёсий жараёнлар, зиддиятлар ва турли инқирозларга қарамасдан, Ўзбекистон миллий манфаатларини илгари суриб, халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида ўзининг тинчликпарвар ташқи сиёсатини самарали амалга ошириб келаётганини таъкидлаб ўтди.

    Шунингдек, жаҳонда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бораётган Туркий давлатлар ташкилотининг аҳамияти ҳақида гапирди.

    “Бугунги кунда ташкилотга аъзо барча давлатлар ташқи сиёсат, минтақавий ва глобал муаммоларга ечим топишда фаол иштирок этиб, мазкур жараёнларда бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг БМТдаги таклифлари Туркий давлатлар ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланаётганлигини алоҳида айтиб ўтишим жоиз” – деди Элдор Туляков.

    Туркий дунё ахборот-таҳлил марказлари форумида иштирокчилар томонидан халқаро муносабатларнинг замонавий тенденциялари ва Туркий давлатлар ташкилоти маконидаги минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, туркий дунёнинг ахборот-таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларига эътибор қаратилди.

    Форум доирасида Марказ ҳамда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг етакчи “ақл марказлари” вакиллари ўртасида учрашув ва мулоқотлар ўтказилиб, келгусида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

    “Тараққиёт стратегияси” маркази

    Ахборот хизмати


    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates