Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси сифатида қатор тарихий ҳужжатлар имзоланди. Дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ёрдамни аямаслик мазмунидаги 1996 йил 16 январь, 2004 йил 19 ноябрь ва 2007 йил 18 октябрдаги келишув ҳужжатлари – шартномалар шулар жумласидан.
Бугун Ўзбекистоннинг яқин стратегик ҳамкорларидан бири – Туркманистон билан амалга оширилаётган ва тобора янги босқичга кўтарилаётган ўзаро дўстлик алоқалари ҳақида сўз юритиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, икки дўст давлатлар ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва истиқболларини белгилаган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида тарихий ишлар амалга оширилди. Биргина 2017 йилда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 177 миллион долларни ташкил қилиб, бу ўтган даврдагига нисбатан 3 баробар кўп демакдир.
Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари орасида 206 мингдан зиёд туркман биродарларимиз жонажон юртимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда туркманларнинг миллий маданияти, тили, анъаналари ва урф-одатларини асраш ҳамда ривожлантириш мақсадида Республика туркман маданий маркази фаолияти учун барча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилган.
Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ўзаро дўстона ва стратегик ҳамкорлиги уч муҳим жиҳати билан ажралиб туради.
Биринчидан, ҳамкорлик аниқ тармоқ, соҳа ва йўналишлар кесимида амалга оширилмоқда. Хусусан, икки давлат ўртасидаги алоқалар, айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтирилди.
Иккинчидан, стратегик шериклик муносабатлари шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, ўзаро мажбуриятларни таъминлаш борасидаги юксак масъулиятни англаш ва самарали бажариш учун туртки бўлмоқда.
Учинчидан, ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳим стратегик масалалар юзасидан ягона ва тўғри бўлган қарашларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш, Марказий Осиё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, ишончли ва хавфсиз транспорт йўлакларини яратиш, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома доирасида ҳамкорлик каби масалалар шулар жумласидан.
Шунингдек, Ўзбекистон – Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликнинг қуйидаги муҳим жиҳатлари ва йўналишларига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим.
Биринчидан, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, 2017 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисида шартномани (Ашхобод, 2017 йил 6 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур шартнома дўстона муносабатларнинг мантиқий давоми сифатида халқларимиз ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилиши, позицияларни ўзаро келишиш асносида стратегик шериклик мустаҳкамланиши, ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилиши, тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик изчил ривожланиши, ўзаро товар айланмаси, маҳсулот ва хизматлар етказиб бериш ҳажми ошиши, трансмиллий уюшган жиноятчилик, хавфсизликка янги таҳдид ва хуружларларга қарши биргаликда курашиш учун муҳим ҳуқуқий асосларни белгилаб бергани билан аҳамиятга эга.
Иккинчидан, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ва музокараларида кўтарилган муҳим масалалар ўзбек ва туркман халқларининг ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
Гап шу ҳақда кетганида, биргина 2017 йилда Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга 3 марта давлат ва амалий ташрифи амалга оширилганини таъкидлаш ўринли.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 6–7 март кунлари Туркманистонга илк давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик соҳасида туб бурилиш ясади. Ташриф якунига кўра, икки давлат раҳбарлари Қўшма баёнотни, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолади. Тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик дастурлари, Ўзбекистондан Туркманистонга қишлоқ хўжалиги техникалари ва кимё маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисидаги шартномалар, Хоразм вилояти билан Дашовуз вилояти, Бухоро вилояти билан Лебап вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 24 августдаги, 2019 йил 10 октябрдаги, 2021 йил 29 апрелдаги Туркманистонга амалий ташрифлари давомида ҳам Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорлик ва минтақавий шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Туркманистон Президентининг 2018 йил 23–24 апрель кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳам дўстлик муносабатлари ва стратегик шерикликни ривожлантиришда муҳим воқеа бўлди. Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимухамедовнинг Қўшма баёноти имзоланди.
Бундан ташқари, ташриф давомида икки давлат ўртасида 17 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, умумий қиймати 250 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган савдо шартномалари ва битимлари пакети имзоланди. Ушбу ҳамкорлик халқларимиз ҳаётида ўз ифодасини топиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 октябрдаги “Туркманистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи якунлари бўйича имзоланган шартномалар ва битимларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар асосида амалга оширилган ишларнинг натижасини бугун икки давлат халқлари ўз ҳаёти ва тақдирида ҳис этмоқда десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Мазкур ҳужжатлар мисолида ҳам кўриш мумкинки, Ўзбекистон ва Туркманистон энг ишончли ҳамкорлар сифатида тарихий дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан бирдек манфаатдордир.
Учинчидан, Ўзбекистон ва Туркманистон парламентлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ривожланди.
2020 йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркманистон Межлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркманистон Межлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи томонидан фаол амалий ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Тўртинчидан, сўнгги йилларда савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик шартномавий-ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамланди.
Шу асосда икки томонлама имтиёзлар ва савдо соҳасида ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тартиблар жорий этилди. Айтиш керакки, Туркманистон эркин савдо режимини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги битимлар имзоланган 10 та давлат сирасига киради.
Бешинчидан, икки буюк халқ ўртасидаги қадимий тарих ва маданиятга эътибор мутлақо ўзгарди.
Бир маконда муштарак мақсадлар асосида яшаб келган ўзбек-туркман халқларининг ўзаро уйғунликдаги этнографик маданиятини тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикиси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 декабрдаги “Хоразм вилоятидаги “Ўзбек–Туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуаси” дирекциясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Урганч тумани Ғойбу қишлоғи “Туркманлар” маҳалласи ҳудудидаги “Ўзбек–Туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуасида жойлашган бино ва иншоотларни сақлаш, келажак авлодга етказиш бўйича кўплаб саъй ҳаракатлар амалга оширилди.
2018 йил 23 апрель куни Тошкент шаҳрида Ашхобод сайилгоҳи очилди, 2016 йил ноябрда мамлакатимизда Туркманистон маданияти кунлари, 2017 йил ноябрда эса Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди.
Бу ҳам икки қардош халқнинг муштарак маданияти ва тарихига қаратаётган юксак эътибори намунасидир.
Олтинчидан, Туркманистон билан яқин қўшничилик ва оқилона ташқи сиёсатни амалга ошириш масаласи йиллик давлат дастурлари ва стратегик режаларда алоҳида назарда тутилмоқда.
Жумладан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурининг 97-бандига асосан “мамлакатимиз транспорт-логистика тармоғини ривожлантириш ва халқаро коридорларга интеграциялаш мақсадида Туркманистон билан юк ташувларини ташкил этган ҳолда республиканинг транзит салоҳиятини ошириш” ҳамда “Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон” йўналишидаги транспорт йўлакларини ривожлантириш, 272-бандига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Туркманистон билан олий ва юқори даражада ўзаро ташрифларни ташкил этиш орқали яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги мавжуд тўсиқларни биргаликда ҳал этишга эришиш кўзда тутилган.
Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга бу галги расмий ташрифи юқоридаги устувор мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш баробарида, жорий йилнинг 6-7 август кунлари Туркманистоннинг Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашувида кўтарилган икки қардош халқнинг ҳаёти ва тақдири учун муҳим бўлган устувор масалаларни яна бир бор муҳокама қилишга, асрлар мобайнида шаклланиб келган дўстлик ришталари мустаҳкамланишига, халқаро сиёсат майдонида юзага келаётган долзарб масалалар юзасидан фикрлар алмашишга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи