Бу ҳақда акция доирасида бўлиб ўтган онлайн мулоқотда маълум қилинди. Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги ва хорижий мамлакатлардаги 30 дан ортиқ дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирок этди.
Унда «Ватанга қайтариш» хайрия акциясини самарали ташкил этиш бўйича амалий вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан:
- Элчихона ва консулликлар 7 августга қадар хорижий давлатларнинг депортация марказларида сақланаётган Ўзбекистон фуқароларини аниқлаб, уларнинг рўйхатини Миграция агентлигига тақдим этади.
- 15 августгача шахсий маълумотлари етарли бўлмаган фуқаролар бўйича зарур ҳужжатлар тайёрланиб, иккинчи рўйхат юборилади.
- Миграция агентлиги тақдим этилган рўйхатлар асосида 1–3 иш куни ичида авиа чипталарни харид қилади.
Фуқаро тўғридан-тўғри Миграция агентлигига мурожаат этган тақдирда, агентлик ходимлари 1–2 соат ичида боғланиб, ҳужжатларни масофавий қабул қилади.
Ариза 1 кун ичида кўриб чиқилади ва 2 кун муддатда фуқаро йўл чиптаси билан таъминланади.
Маҳаллий ҳокимликлар, Бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмиталари ватанга қайтарилган фуқароларни руҳий, ижтимоий ва иқтисодий мослаштириш ишларини амалга оширади.
Акция 2025 йил 30 июлдан 30 августгача давом этади. Биринчи навбатда Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Жанубий Кореянинг депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болаларни қайтариш кўзда тутилган.









