Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг эзгу ният элчиси бўлди

    Жорий йилнинг 20 июнь куни Пекин шаҳрида ШҲТ кунига бағишланган тантанали қабул маросими доирасида Ташкилотга аъзо давлатлар тегишли вакилларининг биринчи гуруҳига ШҲТнинг эзгу ният элчиси фахрий унвонини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

    Маросимда ШҲТга аъзо давлатлар элчилари, доимий вакиллари, Хитой давлат муассасалари вакиллари, ШҲТ кoтибияти раҳбарияти ҳамда ходимлари иштирок этди.

    ШҲТ Бош котиби Чжан Мин Ўзбекистон Республикасидан номзод Aкмал Нурга “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвони сертификатини тантанали тарзда топширди.

    Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Ташкилотнинг 2021 йилда Душанбе шаҳрида ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "ШҲТнинг эзгу ният элчиси" институтини жорий қилиш ташаббусини илгари сурган эди.

    2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан “ШҲТнинг эзгу ният элчиси”нинг фаолият ваколатлари, функционал вазифалари ва молиявий йўриқлари кўрсатилган тегишли Низом тасдиқланди.

    ШҲТнинг ушбу фахрий унвонига биринчилардан сазовор бўлган Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нур Ўзбекистон маданияти ва санъати ривожига катта ҳисса қўшаётган, ижоди билан нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам довруғ қозонган рассом саналади.

    Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвонини олган илк намояндалар саъй-ҳаракати келгусида маданий-маърифий соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақада ҳамжиҳатлик, дўстлик ва биродарлик, яхши қўшничилик ва тенг манфаатли алоқаларни изчил йўлга қўйишда хизмат қилишига ишонч билдирди.

    Гуличеҳра Дурдиева,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates