Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиё етакчи аёлларининг мулоқотида қатнашди

    Марказий Осиё мамлакатлари Етакчи аёллари форуми вакиллари Брюсселга сафари чоғида Европа Иттифоқининг институтлари фаолияти билан танишдилар.

    БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (РЦПДЦА) томонидан Европа Иттифоқининг қўллаб-қувватлаши асосида ташкил этилган ушбу тадбир Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ва минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш нуқтаи назаридан муҳим воқеа бўлди.

    Ташрифдан кўзланган мақсад "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" глобал кун тартибини амалга ошириш бўйича Европа Иттифоқи тузилмалари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида хотин-қизларнинг салоҳиятини оширишдан иборат эди.

    Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова бошчилик қилди. Делегация таркибидан Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси раиси Озода Парпибоева ва "САБР" Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази директори Мавлуда Ширинова жой олди.

    Марказий Осиё делегациялари Европа Иттифоқининг юқори мартабали вакиллари, жумладан, гендер ва хилма-хиллик бўйича элчи Стелла Роннер-Грубачич, Европа комиссиясининг халқаро ҳамкорлик бўйича бош директори ўринбосари Мириям Ферран, тинчлик қурилиши соҳасида фуқаролик жамияти иштироки бўйича Европа идораси директори Соня Рейнерс-Дживанидес, энергетика бўйича комиссар Кадри Симсон, таълим, спорт, ёшлар ва маданият бўйича халқаро ўлчовлар бош маслаҳатчиси Тамас Шукс, демократия ва демография бўйича Европа комиссиясининг вице-президенти Весна Лонкарич, шунингдек, Аёллар лоббисининг ижрочи котиби Мери Коллинз билан учрашувлар ўтказишди.

    Европа кенгаши президенти Шарль Мишель идорасида унинг бош дипломатик маслаҳатчиси Симон Морду ва ташқи сиёсат бўйича катта маслаҳатчиси Магделена Гроно билан учрашув бўлиб ўтди.

    Сафар доирасида Европа парламенти депутати Томас Здеховски раислигида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик юзасидан делегация томонидан ташкил этилган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича ўзаро ҳамкорликка бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Тадбир чоғида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқида гендер тенглик сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчилар сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизларнинг ролини ошириш ва кучайтириш мақсадида минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

    Умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари делегацияларининг Европа Иттифоқи институтларида бўлиши икки минтақа ўртасида, жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

    Европа Кенгаши Президенти девони ва Европа ташқи ҳаракатлар хизмати вакиллари Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги барча даражадаги алоқаларнинг ижобий динамикасини, шу жумладан, Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишельнинг минтақага ташрифларини, шу жумладан, олий даражадаги ҳамда "Марказий Осиё – ЕИ" форматидаги ва бошқа икки томонлама даражадаги учрашувлар доирасидаги самарали музокараларини қайд этдилар.

    Европа Иттифоқи вакиллари, шунингдек, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш мақсадида жорий йил 23 октябрь куни Люксембургда бўлиб ўтган Марказий Осиё–Европа Иттифоқи Вазирлар учрашувида қабул қилинган "йўл харитаси" ўзаро муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган ўнлаб амалий тадбирларни ўз ичига олганини таъкидладилар.

    Брюсселдаги тадбирлар иштирокчилари Марказий Осиёда гендер тенглигини таъминлашда ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда Етакчи аёллар форумининг муҳим ўрнини қайд этишди, шунингдек, улар қўшни Афғонистонда хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳам таъкидланди.

    Сафар давомида барча учрашувлар очиқ ва дўстона руҳда ўтди. Европа Иттифоқи институтлари вакилларининг маълум қилишларича, ўзбекистонлик етакчи аёллар делегацияси ўтказилган тадбирлар мазмундорлигига салмоқли ва сифатли ҳисса қўшди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates