Ўзбекистон ғаллакорлари 8,1 миллион тонналик хирмон уйдилар

    Агросектор 15 июл 2023 1993

    Республика ғаллакорлари кўзланган маррани босиб ўтдилар – мамлакатимиз ғалла майдонларида жами 8,1 млн тоннадан зиёд дон етиштирилди.

    8,1 млн тонналик чўққини забт этишда республика фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари юқори ҳосилдорлик намойиш этдилар – сувли майдонларда ўртача ҳосилдорлик 70,5 центнердан ортди.

    Бу йилги мавсумда 75 та тижорат вакиллари томонидан 2 722 минг тонна дон жамғарилди. Шундан 2 456 минг тоннаси товар дон (1 305 минг тонна давлат ресурсларига харид қилиш ва 1 151 минг тонна биржа савдоларида сотиш учун вақтинча сақлаш учун) бўлса, 265,6 минг тонна (110%) сара уруғлик дон 2024 йил ҳосили учун олиб қўйилди.

    Юқори ҳосилдорлик омиллари қаторида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва тўғри ташкил этилганлиги, юқори унумдор навдли уруғлар танланганлигини келтириш ўринли. Чунончи, экиш, парваришлаш ва йиғим-терим ишларининг оқилона ташкил қилингани туфайли, ғалла ҳосилдорлиги Бухоро вилоятида 74,8 ц/га,Тошкентда 74,2 ц/га, Самарқандда 73.8ц/га,Фарғонада 73,7 ц/га, Андижонда 73,5 ц/га, Хоразм 73ц/га Сурхондарёда 72,3 ц/га, Сирдарёда 72,1 ц/га, Наманганда 72,6ц/га ни ташкил қилди.

    Ҳосилдорликни ошириш мақсадида биологик эскирган навлар ўрнига янги юқори ҳосилли, об-ҳавонинг ноқулай шароитларига чидамли 12 та (шундан, 8та маҳаллий) кузги буғдой навларининг майдони 585 минг гектарга кенгайтирилди.

    Экиш мавсуми ўтган йилларга нисбатан 10-12 кун эрта якунланиб, октябрнинг учунчи 10 кунлиги ва ноябрь ойидаги ёғингарчиликлар ҳисобига асосий ғалла майдонларини тупроқнинг табий намига ундириб олинди.

    Ғалла ҳосилини уюшқоқлик билан қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олиш учун 2 557та ғалла ўриш отрядлари ташкил этилиб, 3 205 та юқори унумли комбайн, 14 725 та юк автомобили, 1 000 та трактор тиркамаси ишга солинди. Ўрим-терим ишларини талаб даражасида ташкил этиш, техникани соз ҳолатда сақлаш учун 1 261 та кўчма устахона ва 1 134 та ёнилғи қуйиш шохобчалари бириктирилди.

    Ғалланинг ривожланиш фазалари ва навларининг пишиш ҳолатидан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида 22 май, Қашқадарёда 24 май, Сирдарё, Тошкент ва Бухорода 29 май, Жиззахда 31 май ҳамда Фарғона ва Навоийда 2 июнь, Андижон, Самарқанд ва Хоразмда 5 июнь ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 8 июндан ғалла ўрим ишларига киришилди.

    Ҳосилдорлик кўрсаткичи ўртача ҳар гектаридан 71-73 центнерни ташкил этаётган бўлса, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Учқўрғон, Поп, Тўрақўрғон, Мирзачўл, Пахтакор, Қамаши, Норин, Олтинсой, Сариосиё, Денов, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Музробод, Термиз, Мирзаобод, Оқолтин, Сайхунобод, Сирдарё, Бувайда, Данғара, Қува, Олтинариқ ва Фурқат туманларида ўртача 76-80 ц/га етган.

    Айниқса, Мирзачўл туманидаги “Оғабек Собирович”, Учқўрғондаги “Фарҳод замин толаси”, “Тошпўлот ҳожи ота”, Каттақўрғондаги “Жамолов Лутфулло далалари”, Ангордаги “Икки дўст Сурхон Ангор”, Жарқўрғондаги “Отақум Умидли Барака”, “Миркамол Достонович”, “Тошмурод бобо Абдуллоҳ”, Қумқўрғондаги “Хуршид Жўраев”, Боёвутдаги “Бекзод Облоқулов”, “Меҳнаткашга омад ёр”, “Саёҳат завқи”, Бекободдаги “Боқиева Назира агро”, Юқори Чирчиқдаги “Иброҳим агро файз”, Бувайдадаги “Алқор агротех”, “Буюк Зафар”, Қувадаги “Комилжон Дилафуруз Исмигул” фермер хўжаликлари 95-100 центнер ҳосилдорликка эришиб, ўлкамиз ғаллакорлари учун намуна бўлдилар.

    Бу каби ижобий натижаларни юртимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар нсамараси ўлароқ, фермер хўжаликларидаманфаатдорлик йилдан-йилга ошиб бораётгани; агротехник тадбирлар ўз вақтида, замонавий усулларни қўллаган ҳолда ўтказилаётгани билан изоҳлаш мумкин.