Бинобарин, бу даврда қадалган уруғ ернинг иссиқ тафтида униб чиқиб, ўзини тутиб олади, асад қуёшида барқ уриб, куз ҳавосининг қай даражада келишидан қатъи назар, пишиб етилишга улгуради.
Шу боис, айни кунларда юртимиз далаларида иш қизғин. Бир томондан, бу йилги ғалла ўрими мавсумининг якуний босқичи кечаётган бўлса, бошқа томондан, буғдойдан бўшаган дала майдонларига такрорий экин экиш авж палласига кирган.
Глобал иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, халқаро савдо-сотиқ ва транспорт логистикаси билан боғлиқ муаммолар кузатилаётган мураккаб вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш барча давлатларнинг кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бирига айланди. Айни шу жиҳатлар, қолаверса, юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг юқори салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида мазкур тармоқда ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳага бозор муносабатларини татбиқ этиш, ерга эгалик ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш каби қатор йўналишлардаги янгиланишлар аграр секторимиз ривожини янги босқичга олиб чиқди.
Ўртача ҳосилдорлик 70 центнердан ошди
Буни биргина ғаллачиликда қўлга киритилаётган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, пахта билан бирга ғалла майдонлари ҳам қисқартириб борилаётган бир пайтда ҳосилдорликни ошириш ҳисобига етиштирилаётган ялпи ҳосил ҳажми йилдан йилга ошмоқда. Жумладан, 2020 йилда ўртача ҳосилдорлик гектаридан ўртача 57 центнерни, 2021 йилда эса 64 центнерни ташкил этган бўлса, ўтган йили 70 центнерга етди. Жорий мавсум эса миришкорларимиз гектаридан 70 центнердан ошириб ҳосил олди, 8 миллион тоннадан ортиқ дон хирмони кўтарилди.
— Бу йил фермер ва ғаллачилик кластерлари томонидан 1 миллион 248 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари етиштирилди, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдулла Мансуров. — Ғаллакорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш чоралари кўрилди. Хусусан, бошоқли дон етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қуватлаш жамғармаси ҳисобидан 5 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ҳосилдорликни ошириш мақсадида биологик эскирган навлар ўрнига буғдойнинг юқори ҳосилли, ноқулай об-ҳавога чидамли “Аср”, “Ўзбекистон-25”, “Давр”, “Жасмина”, “Бунёдкор” каби 12 та янги кузги нави майдони 585 минг гектарга кенгайтирилди.
Экиш мавсуми мақбуллиги, ноябрь ойидаги ёғингарчиликлар ҳисобига асосий ғалла майдонларидаги экинлар тупроқнинг табиий нам шароитида ундириб олинди. Шунингдек, март-май ойларида азотли минерал ўғитлар билан 3 марта ҳамда макро-микроўғитларга бойитилган биостимуляторлар билан суспенция усулида 4-5 марта баргидан озиқлантирилди. Бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларга қарши кимёвий ва биологик ишловлар ўз вақтида ўтказилди.
Аксарият вилоятларда юқори ҳосилдорлик қайд этилди. Жумладан, суғориладиган ердан бухоролик ғаллакорлар ўртача 74,8 центнердан ҳосил олган бўлса, Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 74,2 центнер, Самарқандда 73,8 центнер, Фарғонада 73,7 центнер, Андижонда 73,5 центнер, Хоразмда 73 центнер, Сурхондарёда 72,3 центнер, Сирдарёда 72,1 центнер, Наманганда 72,6 центнерни ташкил этди.
— Етиштирилган ғалла ҳосилини сифатли ўриб-йиғиб олиш мақсадида 2 минг 557 та ғалла ўриш отряди ташкил этилиб, уларга юқори унумли 3 минг 205 та ғалла ўриш комбайни, 14 минг 725 та юк автомобили, мингта трактор тиркамаси, 1 минг 261 та кўчма устахона ва 1 минг 131 та ёнилғи қўйиш шохобчаси бириктирилди, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги департамент бошлиғи Зафар Ортиқов. — Ғалланинг пишиш ҳолатидан келиб чиқиб, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 22–24 май, Сирдарё, Тошкент ва Бухорода 29 май, Жиззахда 31 май ҳамда Фарғона ва Навоийда 2 июнь, Андижон, Самарқанд ва Хоразмда 5 июнь ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 8 июндан ғалла ўримига киришилди.
Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Учқўрғон, Поп, Тўрақўрғон, Мирзачўл, Пахтакор, Қамаши, Норин, Олтинсой, Сариосиё, Денов, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Музработ, Термиз, Мирзаобод, Оқолтин, Сайхунобод, Сирдарё, Бувайда, Данғара, Қува, Олтиариқ ва Фурқат туманларида нисбатан юқори самарадорлик қайд этилиб, ҳосилдорлик 76-80 центнерга етди. Пировардида республикамиз бўйича гектаридан ўтган йиллардагига нисбатан юқори – 70 центнердан ошириб ҳосил олишга эришилди.
Ғаллакорларимизнинг улкан хирмон кўтаришида Мирзачўл туманидаги “Оғабек Собирович”, Учқўрғондаги “Фарҳод замин толаси”, Каттақўрғондаги “Жамолов Лутфулло далалари”, Ангордаги “Икки дўст Сурхон Ангор”, Жарқўрғондаги “Отақум Умидли Барака”, Қумқўрғондаги “Хуршид Жўраев”, Боёвутдаги “Бекзод Облоқулов”, Бекободдаги “Боқиева Назира агро”, Юқоричирчиқдаги “Иброҳим агро файз”, Бувайдадаги “Алқор агротех”, Қувадаги “Комилжон Дилафрўз Исмигул” каби фермер хўжаликлари гектаридан 95-100 центнердан ҳосил олгани, айниқса, қўл келди.
Бозор тамойилларига мослашув
Мамлакатимиз ғаллачилик тармоғида бу каби ижобий натижага эришилишида фермер хўжаликларининг манфаатдорлиги йилдан йилга ошиб бораётгани муҳим омил бўлмоқда.
Бу борадаги муҳим ўзгаришлар ўтган йилдан яққол кўзга ташлана бошлади. Хусусан, Президентимиз 2022 йил 11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган йиғилишда дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасида муҳим қадам ташлашнинг фурсати етганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари барча зарур ташкилий ишлар ҳал қилинган ҳолда 2022 йил 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини маълум қилди. Шундай қилиб, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган буғдой нархи икки баробар – 2021 йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан 2022 йил ҳосили учун 3 миллион сўмга оширилди.
Президентимизнинг 2022 йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, айтиш керакки, бу борада ҳуқуқий асос ўлароқ муҳим аҳамиятга эга бўлди. Негаки, мазкур қарор ғалла етиштирувчилар, жумладан, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини мустаҳкамлаш ва шу асосда ғалла ҳосилдорлиги ҳамда унинг ялпи ҳажмини кескин оширишга йўл очмоқда.
Қарордаги энг муҳим жиҳатлардан бири – ун маҳсулотлари 2022 йилнинг 1 июнидан, ғалла маҳсулотлари эса 1 июлидан бошлаб очиқ биржа савдоларига қўйилишини белгилаб берилди. Бундан кўзланган асосий мақсад буғдой ва ун нархлари барқарорлигини таъминлашдан иборат.
Қолаверса, маҳсулотлар учун нархлар барқарорлигига эришишнинг энг самарали усули талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ҳисобланади. Шаффоф биржа савдолари эса мана шундай имкониятларни тақдим этади.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Республика товар-хомашё биржасида зарур шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, буғдойни биржа орқали сотишда фермерлар биржа комиссион тўловлари ва гаров маблағини киритишдан озод этилди. Бундан ташқари, буғдойнинг биржа орқали туманларда самарали сотилишини йўлга қўйиш мақсадида 20 мингдан зиёд фермер ўқитилди ҳамда биржада электрон рақамли имзо орқали соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, брокерлик идораларига бириктирилди.
Шу билан бирга, брокерлар сонини кўпайтириш мақсадида Савдо-саноат палатасининг қарийб 200 ходими, фермер хўжаликларининг 500 дан зиёд бухгалтери брокерликка ўқитилиб, биржада брокер сифатида рўйхатдан ўтказилди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: пировард натижа қандай бўляпти? Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 2022 йилнинг июль ойидан 2023 йилнинг март ойигача бўлган даврда биржада олий навли импорт уннинг ўртача нархи 11,4 фоиз, маҳаллий олий навли уннинг ўртача нархи эса 13,7 фоиз тушган.
Такрорий экиндан қарийб 12 миллион тонна маҳсулот
Юқорида айтганимиздек, айни пайтда бошоқли дон экинларидан бўшаган дала майдонларига такрорий экин экиш ишлари авж паллада. Мамлакатимизда ғалладан бўшаган ердан самарали фойдаланиш борасида янги тизим яратилди. Экин майдонлари иккинчи ҳосил олиш учун, биринчи навбатда, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, банд бўлмаган ёшлар, ишсиз аҳолига тақсимлаб берилмоқда. Мавжуд майдонларга серҳосил ва харидоргир сабзавот ва дуккакли экинлар экиш, керакли уруғ, минерал ўғит ва сув билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Йўлга қўйилган ушбу янги тизимдан юртдошларимиз, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатдорлиги ортиб боряпти. Шу боис, бугунги кунда такрорий экин экиб, қўшимча даромад олиш истагида бўлганлар оз эмас.
– Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминоти инобатга олиниб, ғалла ва эртаги экинлардан бўшаган 904,9 минг гектар, бошқача айтганда, ўтган йилдагидан қарийб 76 минг гектар кўп майдонга такрорий экин экилиши белгилаб олинди, – дейди Зафар Ортиқов. – Уларни ўз муддатида экиш учун талаб этиладиган уруғлик, моддий-ресурсларни етказиб бериш ва етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар қилиниб, жойларда экиш штаблари ва ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ушбу жараёнга жами 8,6 триллион сўм талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинди.
Ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлар томонидан ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган эҳтиёжманд аҳолига буғдой, шунингдек, сомон тарқатиш, такрорий экин учун ажратилган ерни шудгорлаб бериш белгилаб олинди. Шу асосда уларга қарийб 68 минг тонна дон ҳамда 5 миллион 780 мингдан ортиқ сомон пресси берилди. Такрорий экин экиш учун эса 128 минг гектар ер ажратиб берилмоқда.
Маълумотларга кўра, такрорий экин етиштириш ҳисобига 743 минг нафардан зиёд аҳоли мавсумий иш билан таъминланади.
Зафар Ортиқовнинг қўшимча қилишича, 11 июль ҳолатига кўра, такрорий экин экиш учун жами режалаштирилган ер майдонининг 85 фоизига сабзавот, полиз, картошка, мойли, дуккакли ва бошқа экинлар экиб бўлинган. Қолган майдонларда экиш ишлари давом этмоқда.
55 минг оилага қўшимча даромад киради
Фарғона вилоятида ҳам бу борадаги ишлар айни авжида. Жумладан, Тошлоқ туманидаги “Қумариқ”, “Обисиё”, “Жарқишлоқ” ҳамда “Қумқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи кам таъминланган, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 60 фуқарога бепул буғдой ва сомон тарқатилиб, бир марталик такрорий экин экиш учун 20 сотихдан ер ажратиб берилди.
— Уйимизга яқин ҳудуддан 20 сотих ер беришди, — дейди “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жаҳонгир Акбаров. — Уйдагилари билан маслаҳатлашиб, мош экдик, шу орқали оиламизнинг қўшимча даромад топишига ҳисса қўшмоқчиман. Бунда экинларни парваришлаш билан боғлиқ агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, тайёр маҳсулотни шу ернинг ўзида сотиш борасида амалий кўмак бериб келинаётгани айни муддао бўляпти.
Жарқишлоқлик Қиличбек Аминжонов иш излаб бир неча йил ўзга юртларни кезди. Лекин топгани ўзидан ортгани йўқ. Маҳалла фаолларининг таклифи билан унга ҳам 20 сотих ер майдони, 150 килограмм дон, чорва учун сомон берилди. Қиличбек берилган ерга маккажўхори экди. Агар ҳосил кутилганидек бўлса, 2 тоннага яқин дон олиши мумкин. Бир килограмм макка дони бозор нархида 3 - 4 минг сўм эканини ҳисобга олсак, даромади чўғини чамалаб олиш қийин эмас. Пояси эса чорва учун тўйимли озуқа, агар сотса, у ҳам яхшигина пул.
— Авваллари такрорий экин экиш учун ер олиш тор доирада, таниш-билишлар орқали ҳал этиларди, — дейди Қиличбек. — Имкониятимиз йўқлиги учун ер ололмай, ер эгаси билан тенгшериклик асосида ишлашга мажбур бўлганмиз. Натижада меҳнатимизга яраша манфаатдор бўлмасдик. Тенг ярмини фермерга берардик-да. Энди ҳаммаси изга тушиб, ер ажратиш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинди. Узоққа, яқинларимиздан олисга иш излаб бормасдан, шу ернинг ўзида ҳам мўмай даромад олиш имконияти яратилди. Бундан жуда хурсандман.
Риштон туманида ҳам бу муҳим жараён қизғин. Жорий мавсумда тумандаги 7 минг 50 гектар ерга такрорий экин экиш билан боғлиқ амалий ишларга киришилди. Ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгорланиб, такрорий экин экилмоқда. Мавсум давомида ишсиз, ижтимоий дафтарларга киритилган 1 минг 900 фуқарога 380 гектар унумдор ер деҳқончилик қилиб қўшимча даромад топиш учун бўлиб берилмоқда.
— Уч фарзандимни ёлғиз тарбиялаяпман, шу боис, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилганман, — дейди “Оқтомир” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Феруза Халилова. — Менга “Оқ ер файзи” фермер хўжалигидан 20 сотих ер ажратиб берилди. Экин майдони шудгорланиб, керакли уруғ ва ўғит олиб келинди. Бу меҳнат қилиб, даромад топиш йўлида берилган катта имконият. Оила аъзоларим билан баҳамжиҳат меҳнат қиляпмиз. Мақсадимиз – экинлар ҳосилдорлигини ошириш, сифатини яхшилаш. Чунки сархил ҳосилнинг даромади ҳам салмоқли бўлади.
“Амиробод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Элёр Долимов “Амиробод замини” фермер хўжалиги ғалласидан бўшаган ерда такрорий экин етиштириш учун ҳаракатни бошлаб юборди. Эътиборлиси, у шивит ва кашничнинг серҳосил навидан олган ҳосилини нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам олиб чиқишни кўзлаб турибди.
Умуман олганда, Фарғона вилоятида бу жараён қизғин ва уюшқоқлик билан давом этмоқда. Ғалладан бўшаган майдонларга ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, энг асосийси, сув таъминотини ҳисобга олиб, сабзавот, полиз, мойли, дуккакли экинлар экишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жойларда ғалладан бўшаган майдонларни сифатли шудгорлаш, уруғ, минерал ўғитлар билан таъминлаш, касалликларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш билан боғлиқ агротехник тадбирларга амал қилиш юзасидан ўқув-семинарлар ўтказилди.
— Бу ишлар учун 3,9 минг тонна уруғлик, 15,5 минг тонна ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, 145,5 минг тонна минерал ўғит, 1 701 миллион метр куб сув сарфланиши ҳисоб-китоб қилинган, — дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Абдуқаҳҳор Қодиров. — Ушбу мавсумда ишсиз, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 55 минг фуқарога такрорий экин экиш имконияти яратилди. Ажратилган майдонлар кластер корхоналари томонидан шудгорланиб, 3 минг тоннадан ортиқ буғдой ва 150 минг дона сомон пресси етказиб берилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, республикамиз бўйича такрорий экин майдонларида йил якунига қадар жами 11,8 миллион тонна маҳсулот етиштирилиши прогноз қилинган. Жумладан, 1,9 миллион тонна сабзавот, 766,7 минг тонна полиз, 1,2 миллион тонна картошка, 57,4 минг тонна мойли, 381,8 минг тонна дуккакли, 615,6 минг тонна шоли, 6,9 миллион тонна озуқабоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Уларнинг 790 минг тоннаси қайта ишлашга, 318 минг тоннаси эса экспортга йўналтирилади. Шунингдек, 346 минг тонна маҳсулот уруғликка ажратилади, 566 минг тоннаси қиш-баҳор мавсуми учун захирага жамғарилади, 225 минг тоннаси ярмаркаларда сотилади ва 2,1 миллион тоннаси ички истеъмолга йўналтирилади.
Такрорий экиндан олинадиган ялпи ҳосил ҳажми 2022 йилдагига нисбатан 673 минг тонна кўп бўлиши кутилмоқда. Бу, биринчидан, бозорларимиз тўкинлиги, нархлар барқарорлигига хизмат қилса, бошқа томондан, дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи муттасил ошиб бораётган бир шароитда экспорт ҳажмини ошириш учун яхши имконият яратади.
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбирлари