Ўзбекистон-МДҲ: умумий тараққиёт ва хавфсизлик макони

    Ўзбекистон МДҲ ташкил топганидан буён аъзо давлатлар билан барча йўналишларда самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаб, транспорт-коммуникация тармоқларини, иқтисодий алоқаларни ҳам кўп томонлама, ҳам икки томонлама шаклларда ривожлантиришда фаол иштирок этиб келяпти.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни амалий ташриф билан Москва шаҳрига борди.

    Мамлакатимиз етакчиси бугун, 8 октябрда бўлиб ўтадиган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади.

    МДҲ давлатлари ва институтлари билан алоқаларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан биридир.

    Ҳамдўстлик доирасида Ўзбекистон унинг 65 та тармоқ тузилмалари фаолиятида фаол қатнашяпти. Уларнинг мақсадлари миллий манфаатларга тўлиқ жавоб беради. Ўзбекистоннинг МДҲ ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси институти фаолият кўрсатиб келяпти.

    2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасидаги фаолиятини сезиларли даражада фаоллаштирди.

    Хусусан, Ўзбекистон сўнгги етти йилда аввал имзоланган 24 та кўп томонлама ҳужжат, МДҲ олий органларининг 22 та қарори ва 20 дан ортиқ соҳавий ҳамкорлик органларига қўшилди.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2023 йилларда Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисларида иштирок этиши натижасида МДҲ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 90 та турли таклифлар илгари сурилди ҳамда уларни ўз вақтида ва тўлиқ миқёсда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида “Йўл хариталари” қабул қилинди.

    Эътиборлиси, Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг кўмаги билан бугунги кунга қадар 80 дан ортиқ ташаббуслар амалга оширилди.

    МДҲ давлатлари билан олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашинуви фаоллашди, бу мамлакатлар Ҳамдўстликнинг улкан салоҳиятини очиш, кўп томонлама мулоқот ва ҳамкорликни, Евросиё маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга интилишидан далолат беради.

    Глобал қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон МДҲ доирасида барча соҳаларда ҳамкорликнинг ижобий динамикасини таъминлаб келади. Иқтисодиётларнинг таркибий мувофиқлиги ишлаб чиқариш кооперативи ва савдо-иқтисодий алоқаларни, машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантиришга хизмат қилаётир. Биргина сўнгги ойларда МДҲ мамлакатларидан бўлган шериклар билан 800 дан ортиқ янги корхона ишга туширилди.

    Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси 2023 йилда 20,6 миллиард долларга етди, шундан экспорт 8,1 миллиард долларни, импорт эса 12,4 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йилнинг етти ойида Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоиздан ортиқ ўсиб, 15 миллиард доллардан ошди.

    МДҲ давлатлари ва халқларини умумий маданий-тарихий мерос ва кўплаб гуманитар ришталар боғлаб тургани муҳим қимматли манбадир. Бу омиллар бугунги кунда Ҳамдўстликнинг мустаҳкам ва ишончли таянчлари бўлиб қоляпти. Маданий алоқалар жадал ривожланяпти. Фестиваллар, концертлар, турли ярмаркалар, спорт ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келиняпти.

    Ўзбекистоннинг мазкур бирлашма аъзоси сифатидаги фаол позицияси ҳар томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан бойитиш ва мустаҳкамлашга хизмат қиляпти, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар эса формат доирасида кенг қўллаб-қувватланяпти ва амалга оширилятпи.

    Хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлиги ва бу борадаги халқаро ташаббуслар натижалари эътироф этилиб, 2024 йилда Тошкент шаҳри Ҳамдўстликнинг Ёшлар пойтахти, деб эълон қилинди.

    2023 йил 13 октябрда Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлатлари раҳбарларининг йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг олий мукофоти – МДҲ Фахрий нишони билан тақдирлангани Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга қўшилаётган ҳиссанинг яна бир юксак баҳоси бўлди.

    Жорий йилда Ўзбекистоннинг асосий ташаббусларини амалга ошириш доирасида МДҲ Иқтисодий кенгашининг 101-йиғилишида 2011 йилдаги Эркин савдо битимига аъзо давлатлар ўртасида Эркин савдо тўғрисидаги битимга кириш бўйича музокараларни бошлаш имконияти тўғрисида Баённома қарори, Давлат харидлари бозори ҳамда МДҲга аъзо давлатлар ҳудудидан ўтувчи халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва инфратузилмани оптималлаштириш бўйича 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

    26 сентябрда Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар таҳлил марказларининг “Узоқ муддатли ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда таъкидланганидек, МДҲ Ўзбекистон учун муҳим ҳамкорлар, қўшнилар ва дўстлардир, улар билан мамлакатни тараққиёт ва хавфсизликнинг умумий макони бирлаштиради. Ўзбекистонда эса Ҳамдўстликнинг самарали ривожланиши учун бизнинг умумий масъулиятимизни тўлиқ англайдилар, бу эса бутун Евросиёнинг келажагига тааллуқлидир.

    Шубҳасиз, МДҲнинг Москвада ўтаётган навбатдаги саммити ва унинг якунлари мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз фаровонлиги йўлида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги маконида кўп томонлама муносабатлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб хабар беради “Дунё” АА.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates