Ўзбекистон Президенти минтақада кўп томонлама ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишни таклиф этди

    Ҳукумат 21 июл 2022 4909

    21 июль куни Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.

    Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигидаги саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердммуҳамедов иштирок этдилар.

    Минтақавий хавфсизликка замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда чора кўриш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, Марказий Осиё давлатларининг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларини давом эттириш мақсадида минтақавий шерикликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу форматда йўлга қўйилган мунтазам мулоқот туфайли Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлинганини таъкидлади.

    - Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал қилиб келаяпмиз, - деди Ўзбекистон Президенти.

    Бу борада кўплаб тўсиқлар бартараф этилди, фуқароларимиз эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва туристик алмашинувлар амалга оширилиши учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди.

    Минтақа мамлакатлари саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга киришди, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратмоқда, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантирмоқда.

    - Энг муҳими – барча ижобий ўзгаришларни биродар халқларимиз ҳис қилмоқда, - деди мамлакатимиз етакчиси.

    Шу билан бирга давлатимиз раҳбари жаҳондаги мураккаб вазият минтақамизга ҳам бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

    Халқаро тартиботнинг оқибатларини прогноз қилиш оғир бўлган шиддатли трансформацияси кузатилмоқда. Дунё глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги ортиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқда.

    Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳодисалар кучайгани натижасида мамлакатларимиз анъанавий логистика занжирлари узилиши муаммосига дуч келмоқда, инфляция импорти ортмоқда, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизликка хатарлар каррасига кўпайди.

    - Бундай шароитда Маслаҳат учрашувлари формати доирасида кўп томонлама ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурати янада ошмоқда, - деди Шавкат Мирзиёев. - Алоҳида қайд этаман, бутун минтақанинг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги жипслигимизга, Марказий Осиёнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўришга тайёрлигимизга боғлиқ.

    Ўзбекистон Президенти долзарб масалалар юзасидан нуқтаи назарини баён қилди ҳамда кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақада амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.

    Ижобий суръатга қарамасдан мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти рўёбга чиқарилмасдан қолаётгани таъкидланди. Бугун минтақа ичидаги савдо ҳиссасига турли ҳисоб-китобларга кўра мамлакатларимиз ўртасидаги умумий товар айирбошлашнинг 5 фоизидан 10 фоизигача тўғри келмоқда.

    Шу муносабат билан ўзаро савдони рағбатлантиришнинг янги шакл ва механизмларини фаол жорий қилиш таклиф этилди. Товар етказиб беришнинг қоидалари бир хиллаштирилган ва тартиб-таомиллари соддалаштирилган чегараолди савдо зоналари тизимини яратиш шулар жумласидан.

    Давлатимиз раҳбари учинчи мамлакатлардан импортнинг ўрнини минтақа мамлакатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан босишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирди.

    Саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш яна бир муҳим вазифадир. Президентимиз индустриал ривожланиш миллий дастурлари асосида Марказий Осиё маҳаллийлаштириш ва импортнинг ўрнини босиш маконини шакллантиришга умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этди.

    Ўзбекистон етакчиси иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишга чақириб, бу маҳсулот таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.

    Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида тўғридан-тўғри ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш ва ҳар йили Марказий Осиё ҳудудлари форумини ўтказишни йўлга қўйиш таклиф этилди.

    Шавкат Мирзиёев минтақадаги ҳамкорларга яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюция қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирди ҳамда ушбу ташаббуснинг давоми сифатида Ҳиндистон, Покистон ва Хитой бозорларига чиқиш учун муқобил транспорт йўлакларини илгари суриш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф этди.

    Иштирокчиларнинг эътибори озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи навбатда Марказий Осиёнинг умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тизимли ишларни йўлга қўйиш лозимлигига қаратилди.

    Шу мақсадда Президентимиз аҳолини мамлакатларимизда етарли ҳажмда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашнинг комплекс схемасини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этди.

    Экология соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

    Ҳамкорларга эътиборни Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган «Марказий Осиё учун «Яшил» кун тартиби» дастури доирасида иқтисодиётни карбонсизлантириш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва ўзаро электр энергияси етказишни ташкил этиш, сув тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий қилиш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига қаратиш таклиф этилди.

    Президентимиз «яшил тараққиёт» масалаларида Марказий Осиё давлатлари бугун жаҳоннинг етакчи минтақаларидан анча орқада эканини афсус билан қайд этди.

    - Мамлакатларимизнинг узоқ муддатли истиқболда рақобатбардошлигини таъминлаш учун ҳукуматларда бугун қабул қилинаётган дастурни амалга ошириш бўйича Аниқ чора-тадбирлар режасини тайёрлашни топшириш зарур, - деди давлатимиз раҳбари.

    Минтақа мамлакатларининг биродар халқларини янада яқинлаштириш мақсадида умумий тарихимизни чуқур ўрганиш, маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш зарур.

    Шу маънода, Президентимиз Марказий Осиё маданият, санъат ва миллий таомлар фестивалини навбатма-навбат ўтказиб боришни таклиф қилди.

    Махсус туризм маршрутлари ва маҳсулотларини ишлаб чиқиш, ягона пиар-кампанияларни ўтказиш орқали минтақа ичидаги туризмни фаол рағбатлантиришимиз лозимлиги таъкидланди.

    Ёшларга доир сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида кўп томонлама битим тайёрлаш ташаббуси илгари сурилди.

    Давлатимиз раҳбари хавфсизлик соҳасидаги минтақавий ҳамкорликнинг стратегик йўналишларига алоҳида эътибор қаратди.

    - Алоҳида қайд этаман, минтақа хавфсизлиги бўлинмас ва, энг аввало, шериклигимиз қанчалик самарали йўлга қўйилганига боғлиқ, - деди Шавкат Мирзиёев. - Шу маънода, экстремизм ва терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикдек анъанавий таҳдидларга қарши курашда амалий ҳамкорлигимизни бундан буён ҳам кучайтириб боришимиз зарур.

    Давлатимиз раҳбарининг фикрича, кўлами тобора ортиб бораётган Интернетдаги ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хатарлар алоҳида эътиборни тақозо этмоқда.

    Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш биз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлиб қолиши кераклиги таъкидланди.

    Минтақа давлатлари ушбу мамлакатнинг энг яқин қўшнилари сифатида ундаги барқарорликдан биринчи навбатда ўзлари манфаатдор бўлишлари лозим, деди Ўзбекистон етакчиси.

    Ушбу мамлакат билан савдо алоқаларини фаол ривожлантириш, уни минтақадаги иқтисодий жараёнларга жалб қилиш, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, муҳим ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суриш муҳим экани қайд этилди.

    Президентимиз сўзининг якунида Маслаҳат учрашуви натижалари мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишига, амалий ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларнинг илгари суришига кучли суръат бағишлашига ишонч билдирди.

    Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон Президентлари ўз нутқларида бундай мунтазам учрашувларнинг долзарб аҳамиятини алоҳида қайд этиб, минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурдилар.

    Саммит якунида XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Давлат раҳбарлари Чўлпонота Маслаҳат учрашувининг қўшма баёноти, 2022-2024 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси, “Марказий Осиё учун “Яшил кун тартиби” минтақавий дастури ҳамда Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлиги концепциясини қабул қилдилар.

    Шу билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви якунланди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates