Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какар, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, ИҲТ доирасида кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари ва уни янги босқичга олиб чиқиш муҳокама қилинди, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон Президенти саммитни очар экан, ушбу муҳим тадбирдаги иштироки учун олий мартабали меҳмонларга самимий миннатдорлик билдирди, бу ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган умумий интилишларнинг тасдиғи эканини таъкидлади.
Ташкилот аъзоларини муштарак тарих ва муқаддас ислом динимиз, бой маданият ва ўхшаш қадриятлар чамбарчас боғлаб туриши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, ярим миллиард аҳоли яшайдиган ва дунё энергетика ресурсларининг учдан бир қисмига эга ИҲТ макони савдо-иқтисодий, саноат, инвестиция ва инновациялар, транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга.
Кейинги йилларда ташкилот доирасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётгани, 2021 йилги Ашхобод саммитида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.
Жумладан, ташкилот фаолиятини ислоҳ қилиш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш бўйича тизимли ишлаб олиб борилмоқда. Яқинда транспорт вазирларининг Тошкент декларацияси қабул қилинди, минтақавий электр энергияси бозори ҳамда Боку шаҳрида Тоза энергия маркази ташкил этилмоқда. Экология соҳасида юқори даражадаги мулоқот платформаси тузилди, туроператорлар тармоғи яратилди ва Хавфсиз туризмни ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти аъзо давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳали ишга солинмаган катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Масалан, ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди, бу уларнинг умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизидир.
Имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда.
ИҲТ доирасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Ушбу муҳим ҳужжатда ўзаро савдони рағбатлантириш, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, саноат кооперациясини фаоллаштириш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, туризм ва маданий-гуманитар алмашинув соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш каби асосий йўналишларга эътибор қаратиш лозим.
Давлатимиз раҳбари товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган Савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин.
Аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмаслигини қайд этиб, Ўзбекистон Президенти трансқитъавий транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли ва Трансафғон мультимодал йўли лойиҳаларини ишга тушириш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.
Тошкентда 2 ноябрда бўлиб ўтган транспорт вазирларининг йиғилишида “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳужжатга бошқа аъзоларни ҳам қўшилишга, ўзаро тариф ва йиғимларни мақбуллаштиришга чақирди.
Юк ташиш тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштириш ва бундай замонавий тизимларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрида Рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш ташаббуси билдирилди.
Ўзбекистон раҳбари ўзаро инвестициялар оқимини кўпайтириш, уларни ҳимоя қилиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича Қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудлараро саноат кўргазмасини ташкил этиб, унинг дастлабки тадбирини 2024 йилда юртимизда ўтказиш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон ташкилотнинг Савдо ва тараққиёт банки билан шериклик алоқаларини кенгайтириш тарафдор экани ҳам таъкидланди.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш доирасида миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, минтақалараро энергия ресурсларини узатиш тармоқларини ривожлантириш, “яшил” энергетика технологияларини кенг жорий этишнинг аҳамияти ошиб бораётгани кўрсатиб ўтилди. Соҳада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ИҲТ Энергетика вазирлари кенгашини таъсис этиш таклиф қилинди.
Иқлим билан боғлиқ хатарлар ортиб бораётгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этди. 2024 йилда бўлажак Самарқанд иқлим форуми доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформанинг биринчи анжуманини ўтказиш таклиф қилинди.
Давлатимиз раҳбари, ташкилотга аъзо мамлакатлар вакилларини келгуси ҳафтада юртимизда бўладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси бажарилишини кўриб чиқиш бўйича қўмита йиғилишида фаол иштирок этишга чорлади ҳамда қум-чанг бўронларига қарши курашиш мақсадида Самарқанд декларациясини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳиятни ва трансчегаравий йўналишлар тобора оммалашаётганини ҳисобга олиб, қўшма туристик маршрутларни жорий этиш ҳамда “Ипак йўли” сайёҳлик бренди остида умумий сайёҳлик дастурларини кўпайтиришни таклиф этилди.
Президентимиз ИҲТ Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш ҳамда унинг илк учрашувини ташкилотнинг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиш таклифини билдирди.
ИҲТ мамлакатлари халқларини янада яқинлаштиришда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг аҳамиятини қайд этиб, Ўзбекистон Президенти ҳар йили маданият, санъат ва кино ҳафталикларини ўтказиб бориш, ёшларнинг ижодий фестиваллари ва инновацион ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш, фундаментал илмий йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ўткир халқаро ва минтақавий муаммоларга, шу жумладан Яқин Шарқ ва Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, тинчлик музокараларини бошлаш ва оқилона муросага келишга чақирди. Фаластин халқи БМТ резолюциялари билан тасдиқланган ўзининг мустақил давлатини барпо этишга ҳуқуқи борасидаги қатъий позициясини яна бир бор билдирди.
Ўзбекистон Президенти афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, ушбу мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақирди. Таъкидланганидек, ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шартидир.
Саммитда Озарбайжон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Покистон, Қозоғистон делегациялари раҳбарлари ҳамда ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий ҳам сўзга чиқди.
Кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Президенти саммит раиси сифатида ташкилотнинг илм-фандаги муваффақиятлар учун мукофоти ғолибларини эълон қилди. Ҳар бир мамлакатдан бир нафар вакил мукофотга сазовор бўлди.
Тадбир якунида Тошкент коммюникеси қабул қилинди.
Ташкилотга раислик Эронга ўтди, навбатдаги саммит Озарбайжонда ўтказилиши белгиланди.