​Ўзбекистон Президенти ташаббуси — глобаллашув даврининг долзарб талаби

    Фикр 16 август 2020 4513

    Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамлеясининг 72-сессиясида таклиф қилинган.

    Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан сўзлаган нутқида ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб, бугунги дунё ёшлари сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлод эканига эътиборни қаратди. Улар сони ­2 миллиард кишини ташкил этмоқда.

    Президентимиз таъкидлаганидек, сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камол топишига боғлиқ.

    Бизнинг асосий вазифамиз ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим.

    Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон номидан БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Бу халқаро ташаббуснинг замирида глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган универсал халқаро ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ғояси мужассам.

    Ушбу ташаббуснинг долзарблиги ҳақида фикр юритганда, аввало, институционал сиёсий жараёнларда ва сиёсат соҳасида ёшларнинг шахсан ёки вакиллари орқали иштироки, бошқа ёш тоифалари билан ўзаро қиёслаганда, бу кўрсаткич дунё миқёсида қуйи даражада қолаётганини қайд этишга тўғри келади.

    Ер юзидаги ёш авлод вакиллари айни пайтда сиёсий институтларда, хусусан, парламентлар, сиёсий партиялар ва давлат бошқаруви органларида зарур даражада ўз вакилларига эга эмас.Бу, ўз навбатида, дунё ёшларининг расмий тузилмалар, сайлов жараёнлари, етакчилар ва сиёсатчилардан узоқлашишига ҳамда уларга нисбатан ишончсизлиги ортишига олиб келмоқда.

    Ёшларнинг, айниқса, сиёсий жараёнларда иштирок этишини таъминлаш йўлидаги асосий муаммолардан бири мавжуд ҳуқуқий тўсиқ ва бўшлиқлардир. Давлат лавозимларини эгаллаш учун интилаётган ёшлар аксар ҳолларда ана шундай ғовларга дуч келмоқдалар.

    Жаҳон парламентларида 30 ёшгача бўлган депутатлар 2 фоиздан сал кўпроқдир. Бу кўрсаткич 2016 йилда 1,9 фоизни ташкил қилган бўлса, 2019 йилга келиб атиги 2,2 фоизга етган.

    Парламентлараро иттифоқ маълумотларига кўра, жаҳон мамлакатлари парламентлари таркибида ёшлар вакиллари етарли миқдорда эмаслигининг муайян сабаблари мавжуд.

    Авваламбор, давлат лавозимларида ишлаш учун талаб этиладиган энг кичик ёш аксарият ҳолларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишнинг энг кичик ёшига нисбатан анча юқори. Бунинг оқибатида дунё ёшлари тегишли давлат мансабларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлишни 25, 35 ёки баъзи ҳолларда 45 ёшгача кутишларига тўғри келмоқда.

    Бундай ҳолат жаҳон парламентларининг юқори палаталарига кўпроқ тааллуқлидир. Чунки бу лавозимларга сайланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун имкон қадар катта ёш чекловлари ўрнатилган.

    Шу боис, парламентлар юқори палаталарининг 76 фоизида 30 ёшгача бўлган депутат ёки Сенат аъзоси умуман мавжуд эмас. 2016 йилдан бугунги кунга қадар парламентларнинг ёш эркак аъзолари сони ёш аёл аъзоларига нисбатан кескин ошган.

    Ўзбекистонда қизғин сиёсий курашлар остида ўтган сайлов натижасида янги парламент қуйи палатаси депутатларининг таркиби шаклланди. Уларнинг 48 нафарини аёллар, 9 нафарини, яъни 6 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ўтган чақириққа нисбатан қарийб 3 фоиз кўпдир.

    Конвенция лойиҳасини тайёрлаш жараёни

    Ўзбекистоннинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида таклиф этилган ташаббусларини илгари суриш бўйича 2017 йил 27 сентябрда “йўл харитаси” қабул қилинди. Ушбу ҳужжатнинг 7-бандида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

    Бу вазифа, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 217-бандида кўзда тутилди.

    Шу асосда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тегишли давлат идоралари, ёшлар муаммоларига ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди. Ишчи гуруҳ томонидан, биринчи навбатда, конвенцияни тайёрлаш жараёнида қуйидаги манбалар атрофлича ўрганилди:

    — ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонунчилик, хусусан, 50 дан ортиқ давлатнинг тегишли қонун ҳужжатлари;

    — минтақавий тажриба, яъни Африка Иттифоқи, Америка давлатлари ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган 20 дан зиёд ҳужжат;

    — халқаро тажриба: БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, Парламентлараро иттифоқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти доирасида қабул қилинган 30 дан ортиқ универсал шартнома таҳлил қилинди.

    Шундан сўнг концепция ва конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳаси ёшларнинг асосий ҳуқуқларини мустаҳкамлайдиган 26 та моддани ўз ичига олган. Жумладан:

    • ҳар томонлама қўллаб-қувватлов олиш ва оилавий ҳимоя ҳуқуқи;

    • жамият қўллаб-қувватлови ва ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқи;

    • миллий ва халқаро даражаларда қарорлар қабул қилинишида иштирок этиш ҳуқуқи;

    • шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуқ;

    • зўравонлик ва мажбурий меҳнатдан ҳимояланиш ҳуқуқи;

    • эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи;

    • ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи акс этган моддалар шулар қаторига киради.

    Конвенция лойиҳаси жамоатчиликдан таклифлар олиш мақсадида бир қатор давлат идоралари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларига - жами 20 та манзилга жўнатилди. Шу билан бирга, лойиҳа БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ҳам юборилди.

    Миллий ва халқаро муҳокамаларда сайқал топган ҳужжат

    БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси лойиҳаси келиб тушган таклиф ва тавсиялар асосида маромига етказилди. Шундан кейин ушбу ҳужжат кенг миллий ва халқаро муҳокама учун тақдим этилди.

    Биринчидан, конвенция лойиҳаси 2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллигига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

    Иккинчидан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Тинчликсевар демократик жамиятлар ва барқарор ривожланишни барпо этишда ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги олтинчи халқаро семинари иштирокчилари ҳам конвенция лойиҳасини кўриб чиқдилар.

    Ҳар икки анжуманда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусан, БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Aфрика Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, парламент, вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди.

    Иштирокчилар томонидан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини қабул қилишнинг зарурияти ва аҳамияти алоҳида эътироф этилди. Конвенция лойиҳаси ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси семинарининг якуний ҳужжати — “Тошкент декларацияси”га киритилди.

    Учинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан яқинда ташкил этилган “Ёшлар ва парламент” мавзусидаги онлайн конференцияда конвенция лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари билан бир қаторда мамлакатимиздаги барча сиёсий партияларнинг “Ёшлар қанотлари” фаоллари иштирок этди.

    Тўртинчидан, “БМТ—75” ташаббуси доирасида ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми кун тартибига ҳам мазкур конвенция лойиҳасини муҳокама қилиш масаласи киритилди.

    Конвенция нима учун керак?

    БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилишнинг қандай фойдаси бор, деган савол туғилиши табиий. Бу муҳим халқаро ҳужжатга талаб ва қизиқиш катталигининг бир қатор омиллари мавжуд.

    Биринчидан, ҳозирги дунёмизда ёшлар тарихда мисли кўрилмаган даражада энг кўп сонли навқирон авлод ҳисобланади. Шу маънода, ёшларнинг барча ҳуқуқларини, хусусан, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлаш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш зарур. Бу масъулиятли жараёнда фаол иштирок этмаслик ва имкониятларнинг етишмаслиги ёшлар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

    Иккинчидан, ҳозирги вақтда ёш авлодда давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, ёшларнинг ривожланишига қаратилган муҳим ресурслар ажратилиши, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган ёшларга доир давлат сиёсатининг замонавий инфратузилмаси яратилишига нисбатан талаб ҳамда эҳтиёж кучлидир.

    Учинчидан, ушбу соҳада шу пайтгача мажбурий мазмунга эга муайян халқаро ҳужжат қабул қилинмаган. Бу эса ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий қонунчилик базасини шакллантиришни мураккаблаштирмоқда.

    Тўртинчидан, аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш зарурияти мавжуд. Мазкур мезонларни, ўз навбатида, ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат мажбуриятларини белгиловчи халқаро ҳужжатда белгилаб қўйиш тақозо этилади.

    Кимларни ёш деб ҳисоблаш мумкин?

    БМТнинг Ёшлар учун жаҳон ҳаракатлар дастурига мувофиқ, ёшлар тоифаси 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган инсонларни ўз ичига олади.

    БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 2250-резолюциясида эса ёшлик даври 18 ёшдан 29 ёшгача этиб белгиланган.

    БМТнинг Аҳоли пунктларига оид дастурида “ёшлар” атамаси 15-32 ёшдаги шахсларга нисбатан қўлланади.

    Африка ёшлар хартияси “ёшлар” вакилларини 15 дан 35 ёшгача бўлган шахс сифатида белгилайди.

    Иберо-Америка Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида 15-24 ёшдаги шахсларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланган.

    Шуни таъкидлаш жоизки, халқаро ва минтақавий ҳужжатларда бу борадаги ёндашувларнинг бунчалик хилма-хиллиги тегишли мажбуриятларни бажаришда турли қийинчиликларни келтириб чиқариши табиий ҳол. Айниқса, 15 ёшли ўсмирлар олдида турган муаммолар билан 29 ёшли йигитлар дуч келадиган муаммолар ўртасида фарқ борлигидан кўз юмиб бўлмайди.

    Дунёда ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги вазият таҳлили шуни кўрсатадики, давлатларнинг ёшларга доир сиёсати нафақат инсон ҳуқуқларининг амалдаги халқаро тизимига, балки БМТнинг ёшлар ҳуқуқларига тааллуқли махсус ҳужжати — Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда мустаҳкамланган принцип ва нормаларга асосланиши зарур.

    Шу маънода, биринчидан, конвенция халқаро таҳлил ва давлатлар томонидан ёшларга оид сиёсатни амалга оширишда тўпланган ижобий тажрибани умумлаштириш, иккинчидан, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича умумэътироф этилган принциплар ва стандартларни ишлаб чиқиш натижаси бўлмиш ягона кодификациялаштирилган халқаро ҳужжат ҳисобланади.

    Конвенциянинг мақсад ва принциплари

    Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган. Бу халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши жаҳондаги барча давлатлар томонидан ёшлар масалаларига бўлган эътиборни тубдан оширади.

    Ёшларнинг алоҳида ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратилиши, ўз навбатида, навқирон авлод вакилларига манзилли кўмак кўрсатишда муҳим омил бўлади.

    Мазкур конвенциянинг мақсади дунё бўйича ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, ёшларнинг энг мақбул қизиқишлари, эркинликлари ва ҳуқуқлари кафолати ҳамда салоҳиятини мустаҳкамлаш учун халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришдан иборат.

    Конвенцияда ёшлар сиёсати тушунчаси моҳиятига ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқлари: давлат ва хусусий сектор, шунингдек, нодавлат ташкилотларнинг ёшларга қаратилган фаол фаолиятига доир сиёсат сифатида кенг маъно сингдирилган.

    Конвенцияда қуйидаги принциплар мустаҳкамланган:

    • ёшларнинг турли гуруҳлари қизиқишлари ва талабларини инобатга олиш;

    • давлатнинг ёшларга доир сиёсати истиқболли йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишда ёш фуқароларнинг иштирокини таъминлаш;

    • ёшларнинг моддий, ижтимоий, маърифий, маданий, маънавий эҳтиёжларини ва бу борадаги муаммоларини ҳисобга олиш;

    • оғир шароитларда ҳамда ижтимоий хавфли вазиятларда яшайдиган ёшларга алоҳида эътибор қаратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш;

    • ёшлар ҳаётининг барча соҳаларида гендер тенгликка эришиш;

    • оила институтини ва унинг ёшлар маънавий-ахлоқий тарбиясига таъсирини мустаҳкамлаш;

    • ёшларнинг хилма-хиллигини ҳамда улар ривожланишининг барча босқичларида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш зарурлигини тан олиш;

    • ёшларга доир миллий сиёсатни шакллантиришга ҳисса қўшиш;

    • ёшларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ҳамкорликни ва турли давлатлар ўртасида тажриба алмашишни чуқурлаштириш.

    Конвенцияни қабул қилишдан кутилаётган натижалар

    Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция қабул қилингач, дунё ёшлари ҳуқуқлари билан бевосита боғлиқ бўлган бир қатор амалий натижаларга эришилади.

    Биринчидан, навқирон авлод вакилларининг ёшга доир хусусиятларига, содда қилиб айтганда, “ёшлар” тушунчасига аниқлик киритилади. Конвенция лойиҳасида, ёшлар ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган халқаро ҳужжатларни инобатга олган ҳолда, ўн саккиз ёшдан ўттиз ёшгача бўлган шахсларни ёшлар деб белгилаш таклиф этилмоқда.

    Иккинчидан, давлатларнинг ёшлар ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари рўйхати белгиланади.

    Учинчидан, ёшлар тараққиёти масалаларига доир, шунингдек, миллий қонунчиликнинг ўзгартирилишига таъсир кўрсатадиган узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган давлат дастурлари қабул қилинади.

    Тўртинчидан, ёшлар тараққиёти истиқболларининг замонавий халқаро моделини шакллантириш, жумладан, бу борадаги аниқ мақсад ва мезонларни белгилаб олиш имкони туғилади.

    Бешинчидан, бутун дунёдаги ёшларнинг жамият ҳаётида тўлиқ, самарали ва амалий иштирок этишлари учун реал шароитлар яратилади.

    Олтинчидан, маданиятлараро мулоқот, ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик кўникмаларини ривожлантириш учун имкониятлар кенгаяди.

    Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда дунё давлатларининг ёшлар соҳасидаги сиёсати нафақат амалдаги халқаро инсон ҳуқуқлари тизимига, балки ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги махсус халқаро ҳужжатда мустаҳкамланган принцип ҳамда нормаларга ҳам асосланиши шарт. Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция худди шундай муҳим халқаро ҳужжат мақомига эга бўлиши кутилмоқда.

    Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ушбу ҳужжатнинг аҳамияти тўғрисида халқаро ҳамжамиятда ижобий фикр шаклланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конвенция лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТга аъзо давлатлар делегациялари ва БМТ вакиллари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

    Акмал САИДОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

    Спикерининг биринчи ўринбосари,

    Инсон ҳуқуқлари бўйича

    Ўзбекистон Республикаси

    Миллий маркази директори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates