Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондони мамлакатимиз аҳолисига мурожаат билан чиқди

    Азиз ва муҳтарам юртдошлар!

    Сизларга яхши маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадри улуғланадиган, қонун ва адолат устувор бўлган демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Бу жараёнда айниқса аҳоли тинчлиги ва осойишталиги, фуқароларимизнинг қонуний манфаатларини сўзсиз ҳимоя қилиш, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз маҳалла”, “Хавфсиз бозор” каби тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда, янги Ўзбекистонда хавфсиз мамлакат муҳитини яратишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 28 июль куни Фарғона вилоятида ўтказилган йиғилишда юртимизда жиноятчиликни жиловлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муаммоларни тизимли ҳал этиш, айниқса “ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий профилактикаси” усуллари асосида кўчаларимиз ва маҳаллаларимизда осойишта муҳитни яратиш бўйича барча масъул идора ва жамоатчилик вакилларининг фаолиятини самарали йўлга қўйиб, бу борада туб ўзгариш ясаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

    Ўзбекистон Миллий гвардияси органлари бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда ушбу долзарб вазифаларни бажариш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда аниқ режа асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу жараёнда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги йирик бозорлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки ишончли қўриқланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Қадрли ҳамюртлар!

    Миллий гвардия ўзининг кенг қиррали хизмат фаолиятини амалга оширишда аввало сиз азизларга, маҳалла фаолларига, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган барча фуқароларимизга таянади.

    “Хавфсиз маҳалла – хавфсиз турмуш гарови” тамойили асосида маҳаллаларда жиноятларнинг барвақт олдини олиш, уларни юзага келтираётган асил сабаб ва омилларни бартараф этиш, сизу бизнинг асосий вазифаларимиздан бири, деб ҳисоблаймиз. Нега деганда, бугунги кунда маҳаллалардаги вазиятни таҳлил қилар эканмиз, минг афсуски, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган сабаблардан кўра, уларнинг оқибатларига қарши курашиш билан банд бўлиб қолаётганимиз аён бўлмоқда.

    Маҳаллаларимизда ёшлар тарбиясига етарли даражада эътибор қаратилмагани туфайли вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноий ва носоғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш ҳолатлари кўпайгани ҳам салбий вазиятнинг кучайишига олиб келмоқда. Бунга барҳам бериш учун аввало маҳаллаларда жиноят содир этилишига имкон бераётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф этишимиз зарур.

    Давлатимиз раҳбарининг кўрсатма ва топшириқлари асосида Миллий гвардия бу борада ўзининг барча куч ва имкониятларини жалб этган ҳолда, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирларни аниқ белгилаб олди.

    Биринчидан, бугунги кунда айрим бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонлар техник ва хавфсизлик воситалари билан етарли даражада жиҳозланмагани ҳамда жамоат назорати масканлари мавжуд эмаслиги оқибатида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда ҳамда фавқулодда ҳолатлар юзага келмоқда.

    Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, авваламбор Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети томонидан илмий ёндашган ҳолда яратилган “Қўқон тажрибаси” барча ҳудудлардаги бозорларда жорий этилади.

    Вилоятлар марказларидаги йирик бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларнинг маъмурияти билан биргаликда объектларнинг асосий кириш жойларига шахсни юзидан таниб оладиган видеокамераларни ўрнатиш чоралари кўрилади.

    Жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида, қўшимча видеокузатув камералари ўрнатилади ва Ягона мониторинг марказига интеграция қилинади.

    Бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонлардаги савдо объектлари индивидуал қўриқлаш бўйича сигнализация воситалари ҳамда улар жойлашган ҳудудлар “Ташвиш” тугмалари билан босқичма-босқич жиҳозланади. Ушбу объектларга қарашли майдонлар ва уларнинг ён-атрофида тушунтириш, тарғибот ишлари ҳамда фуқароларни огоҳликка чақиришга қаратилган чора-тадбирлар кучайтирилади.

    Бир сўз билан айтганда, биз бу ишларимизни тубдан кўриб чиққан ҳолда, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрамиз. Натижада “Хавфсиз бозор”, “Хавфсиз дам олиш маскани” концепцияларнинг ҳаётга татбиқ этилишига эришамиз.

    Иккинчидан, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича янги тизим ва амалиёт жорий этилиб, мулкий ва жамоат тартибига қарши қаратилган жиноятлар содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган объектларда доимий кузатув йўлга қўйилади.

    Жисмоний ва юридик шахслар томонидан бинолар ёки уларга кириш йўлакларига ўрнатилган видеокузатув мосламаларини ўзида бирлаштирадиган “Е-Hamkor” дастури татбиқ этилиб, ушбу дастур ички ишлар органларининг ҳудудий ситуацион марказларига интеграция қилинади.

    “Қизил” тоифали маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлашга илмий нуқтаи назардан ёндашиш ва бу йўналишдаги ишларни мақсадли ташкил этиш учун, Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаларида Жамоат хавфсизлиги университетининг амалий лабораториялари ташкил этилади. Бунда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига замин яратадиган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича илмий асосланган иш усуллари ишлаб чиқилади ва амалиётга татбиқ этиб борилади.

    Амалий лаборатория ходимлари маҳаллаларда иш олиб бораётган шахсий таркибнинг маъмурий ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича билим ва кўникмаларини шакллантиради, маҳаллалардаги “еттилик” билан ҳамкорликда “Тинч ва аҳил оила”, “Жиноятдан холи маҳалла” ва “Рақамли маҳалла” илмий-амалий лойиҳалари доирасида фаолият кўрсатади.

    Жиноятларнинг олдини олиш борасида маҳаллалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича “Фуқаролар билан ишлаш модули” асосида узлуксиз ўқитиш тизими ташкил этилади.

    Учинчидан, мактабларимизда хавфсиз муҳитни яратишга, ўқувчиларга нисбатан жисмоний хавф-хатарларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида шаҳар-туман марказларидаги барча таълим муассасаларига “ташвиш” тугмалари ва видеокузатув мосламалари ўрнатилди ҳамда Миллий гвардия қўриқловига олинди.

    Келгусида ҳам таълим муассасаларининг қўриқлов тизимини такомиллаштириш борасида “Хавфсиз таълим” концепцияси жорий этилиб, бу соҳада кенг кўламли ишларни давом эттирамиз.

    Тўртинчидан, фуқароларнинг яшаш жойидаги мол-мулкини ишончли қўриқлаш, уларни ноқонуний эгаллаш ҳолатларининг барвақт олдини олиш ва ўз вақтида чек қўйишни – олдимиздаги асосий мақсадларидан бирига айлантирамиз! Ишонтириб айтаманки, бу борада Миллий гвардияда барча зарур замонавий техник қўриқлаш воситалари, дастурлари ва ускуналари мавжуд бўлиб, фуқароларимизнинг мол-мулкини кафолатли қўриқлов тизими қамрови кенгайтирилади.

    Шу боис, аҳолимизга ўз уйларида техник қўриқлов тизимларни ҳамда ташвиш тугмаларни ўрнатишни тавсия этаман, узоқ йиллар давомида ҳалол меҳнати билан тўплаган мол-мулки ва моддий бойликларини сақлашга бепарво бўлмаслиги ҳамда ўзгалар томонидан тажовуз қилинишига шароит яратиб қўймасликларини сўраб қоламан.

    Ҳурматли ватандошлар!

    Барчамиз ҳаёт тажрибамиздан яхши биламиз, бу дунёда ҳеч ким жиноятчи ёки ҳуқуқбузар бўлиб туғилмайди. Айрим инсонларнинг ана шундай хатога йўл қўйишига уларнинг атрофидаги муҳит, муайян шароит сабаб бўлади.

    Шундай экан, азизлар, келинг ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб, авваламбор, ана шундай салбий муҳитни, жиноятчиликка сабаб бўлаётган шароитларни бартараф этайлик!

    Униб-ўсиб келаётган фарзанд ва набираларимизнинг бугуни ва келажак тақдири учун масъулият ва жавобгарлигимизни бир неча бор ошириб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, уларнинг бахти ва камоли учун оила, маҳалла ва жамиятда аввало соғлом муҳит барқарор бўлишига эришайлик!

    Кўпни кўрган, олижаноб халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган ибратли нақлига амал қилиб, биринчи навбатда ўз жигарбандларимиз, қолаверса, қўни-қўшниларимиз, ёру биродарларимиз фарзандларига, маҳаллаларимиз болаларининг юриш-туриши, таълим-тарбиясига эътиборли бўлайлик!

    Шу азиз ватан – янги Ўзбекистон барчамизники. Жонажон юртимиздаги тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз.

    Ҳеч қачон унутмайлик, эркин ва фаровон ҳаётимизнинг энг муҳим шарти бўлган ана шундай долзарб вазифаларни ўзимиз бажармасак, ҳеч ким четдан келиб, биз учун қилиб бермайди.

    Шундай экан, барчамиз аввало ўзимизнинг ҳуқуқий онг ва маданиятимизни, ота-боболаримиз анъаналарига садоқатимизни намоён этайлик, қонун ва қоидаларга қатъий амал қилиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасиз бўлиб, уларга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга яқиндан ёрдам берайлик!

    Кўпмиллатли халқимиз, келажагимиз эгалари бўлган азиз фарзанд ва набиларимизнинг бахтли ва фаровон ҳаётининг асосий кафолати ҳам айнан шундадир.

    Рустам ЖЎРАЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates