Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2022 йилдаги “Очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 30 август 2022 5955

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Мамлакатимизда тадбиркорликни, айниқса, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, уларнинг фаолиятида келиб чиқаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда.

    Натижада ўтган бир йилда 55 мингдан ортиқ бизнес учун мўлжалланган бинолар барпо этилди, пул айланмасини 1 миллион доллардан оширган тадбиркорлар сони 5 мингтага кўпайиб, 26 мингтани ташкил этди, экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етиб, жами экспорт ҳажми 30 фоизга кўпайди.

    Жорий йилнинг 22 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти” доирасида тадбиркорлардан келиб тушган 12 мингдан ортиқ мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда “очиқ мулоқот”да белгиланган устувор вазифаларни бажариш мақсадида:

    1. Қуйидаги йўналишларни ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “йўл харитаси”) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

    тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича манзилли ишлаш;

    тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратиш;

    тадбиркорлар учун етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор яратиш;

    мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, мол-мулкни ҳақиқий бозор активига айлантириш;

    тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортишни эркинлаштириш;

    тадбиркорлар билан учрашувда билдирилган ташаббуслар ижросини ташкил этиш ҳамда “очиқ мулоқот” натижаларини кенг тарғиб қилиш.

    2. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатаси, тадбиркорлик субъектлари, илмий доиралар ва кенг жамоатчиликнинг 2-иловага мувофиқ таркибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашини (кейинги ўринларда – Жамоатчилик кенгаши) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

    3. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

    тадбиркорлар билан “очиқ мулоқот”да билдирилган таклиф ва ташаббусларнинг вазирлик ва идоралар томонидан самарали ва ўз вақтида ижро қилиниши ҳолати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

    давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, илмий доиралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш;

    тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш, жумладан, уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

    тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда ваколатли давлат органларига тақдим этиш;

    тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашиш.

    4. Бош вазир ўринбосарлари Ж.Ходжаев ва Ж.Қўчқоров, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л.Кудратов) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) “йўл харитаси”ни амалга оширишга нуфузли халқаро ташкилотлар ва миллий илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари ҳамда мутахассисларини жалб этсин.

    5. Қуйидагиларга:

    вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига – “йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш;

    Бош вазир ўринбосарлари Ж.Ходжаев ва Ж.Қўчқоровга – “йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш бўйича вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ўз вақтида ва пухта ишлаб чиқилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.

    6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    “йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳолати бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари ҳисоботлари ҳар ойда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида эшитилади;

    “йўл харитаси” ижросини танқидий кўриб чиқиш ва йўл қўйган камчиликлар учун тегишли масъулларга чора кўриш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ҳузурида ҳар чоракда йиғилишлар ўтказилади.

    7. Вазирлар Маҳкамаси (Ж.Ходжаев, Ж.Қўчқоров) бир ой муддатда тадбиркорлар билан “очиқ мулоқот” доирасида билдирилган ташаббус ва таклифларни амалга ошириш натижасида тадбиркорларнинг фаолиятида юз берган ижобий ўзгаришларни ёритиб бориш юзасидан медиа-режа тасдиқласин.

    Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари тасдиқланган медиа-режа асосида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижаларини оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет саҳифаларида кенг ёритиб борсин.

    8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

    “Йўл харитаси” бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2023 йил 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 30 август

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates