Ўзбекистон ва БМТ: тарихий сессия ҳамда тарихий нутқ

    Фикр 24 сентябр 2020 9410

    Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлар билан муносабатларида БМТ муҳим аҳамият касб этади.

    Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли суверен вакили сифатида БМТга аъзо бўлди ва бу халқаро ташкилот ва унинг ихтисослашган муассасалари билан халқаро ва минтақавий хавфсизлик, барқарор тараққиёт муаммолари, ижтимоий-иқтисодий, экологик таҳдидлар каби масалалар юзасидан ўзаро ҳамкорлик олиб бормоқда.

    Муносабатларнинг янги босқичи

    Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан муносабатларида 2016 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб янги тенденциялар кўзга ташланиб, ўзаро муносабатларда янги босқич бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони асосида мамлакат ташқи сиёсати, жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари ва халқаро ташкилотлари билан ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришнинг «йўл харитаси» белгилаб олинди. «Ҳаракатлар стратегияси» Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида янги омиллар, ресурслар ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, сиёсий ва иқтисодий дипломатик муносабатларни чуқурлаштириш учун асос яратди. Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари глобал дастури билан уйғундир. Ҳаракатлар стратегияси – бу БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг йўл харитасидир. Шунга асосан, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида, жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари ва халқаро ташкилотлари хусусан, БМТ билан муносабатларида янги саҳифа очилди.

    2017 йил Ўзбекистон ва БМТ муносабатларида самарали йил бўлди. 2017 йил 10 июнда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш расмий ташриф билан Нукус, Самарқанд шаҳарларида бўлди ва Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев билан учрашди. Мазкур учрашувда Ўзбекистон билан БМТ ва унинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Орол фожиасининг экологик оқибатларини юмшатишга доир масалалар муҳокама этилди. Глобал хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.

    2017 йил 19 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев АҚШда бўлиб, БМТнинг 72–сессиясида нутқ сўзлади. Мазкур нутқ Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги халқаро ташаббусларида янги тенденцияларни намоён қилди. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётидаги ўзгаришлар ҳамда аниқ ва асосли манбаларга эга бир нечта ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг нутқи мавжуд муаммоларга маҳаллий, минтақавий ва глобал даражада аҳамият қаратиб, уларнинг ечимига прагматик ёндашилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди. Жумладан, Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил ноябрь ойида БМТ билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий кeлажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро конфeрeнция бўлиб ўтди. Конференцияда Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев нутқ сўзлаб, «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минтақавий хавфсизлик муаммосини, аввало, превентив дипломатия усулларидан фойдаланган ҳолда ҳал қилишда муҳим ўрин тутиши лозим», деб таъкидлади.

    Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» ҳамда 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциялари қабул қилинди.

    Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири бу – минтақавий хавфсизлик, тинчлик ва барқарорлик масаласидир. Бу борада БМТ билан ҳамкорликда 2018 йилнинг 27 март куни бўлиб ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон масаласига бағишланган юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу анжуманга БМТ катта қизиқиш билдирди. Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш конференция иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, мазкур анжуман Афғонистонда тинчликка эришиш йўлида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Афғонистонда барқарор ривожланиш сари олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолашини ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Конференция якунида минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, яқин қўшнилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш каби мақсадларни ифодалаган Тошкент Декларацияси қабул қилинди.

    Тарихий сессия. Тарихий нутқ. Амалий ташаббуслар

    БМТнинг 75-сессияси халқаро муносабатлар тизимида ўзига хос тарихий сессия сифатида тарихга кирди. Биринчидан, ушбу сессия БМТнинг олдинги анжуманларидан бутунлай бошқа форматда бўлиб ўтмоқда. Жаҳонда рўй бераётган пандемия сабаби БМТнинг ушбу сессиясини биринчи маротаба онлайн шаклда ташкил этилди. Барча спикерлар, давлат раҳбарлари, йирик сиёсатчилар ўз мамлакатларидан нутқ сўзламоқда, жаҳон ҳамжамияти эса уларни онлайн кузатиб бормоқда. Иккинчидан, ушбу сессия турли давлатлар раҳбарлари ва ҳаттоки қарама-қарши томонлар фикрларни ҳам маълум бир маънода якдил қилди. Яъни деярли барча давлат раҳбарлари COVID-19 фонида ушбу глобал хавфга қарши кураш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

    Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигидаги фаоллик янги сиёсий воқелик сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ 75-сессиясидаги маърузаси тарихий нутқ сифатида нафақат Ўзбекистон балки, жаҳон тарихида ҳам из қолдиради. Чунки, ушбу нутқ илк маротаба халқаро доирада, ушбу глобал халқаро ташкилот миқёсида ўзбек тилида амалга оширилди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон вакиллари 1950 йилдан бошлаб БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаганлар. Бироқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи илк маротаба ўзбек тилида БМТнинг юксак минбаридан янгради. Бу нафақат Ўзбекистон балки, хориждаги кўпсонли ватандошларимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини ниҳоятда қувонтирди.

    Ўзбекистон Президентининг нутқи прагмативлиги, ҳаққонийлиги ва реал ҳаётийлиги билан алоҳида аҳамият касб этди. Жумладан, Ш.Мирзиёевнинг нутқи уч муҳим компонентлардан: маҳаллий, минтақавий ва халқаро даражадаги масалаларга жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратиш ва амалий ташаббусларни илгари суришдан иборат бўлди. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида таъкидлаб ўтган, парламент ислоҳотлари, гендер тенглик сиёсати, Инсон ҳуқуқлари таъминланиши, бу борада мажбурий ва болалар меҳнатининг тўлиқ тугатилиши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиянинг қабул қилиниши, диний эркинлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз кураш, камбағалликни камайтириш, ёшлар сиёсати борасидаги мамлакатимизда амалга оширилган ишлар БМТ ва халқаро миқёсда қизғин кутиб олинди.

    Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида бугун халқаро ва минтақавий муносабатлар тизимида мустаҳкам ўрнашиб бормоқда. Муштарак маданият, умумий тарих ва келажак бу минтақа халқларни бирлаштириб турувчи омиллардир. Шу маънода, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик барқарор тараққиёт масалалари президентимиз нутқида асосий устувор йўналишлардан бири бўлди. Хусусан, Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари умумий ютуғимиз бўлди. Охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсди». Минтақанинг иқтисодий тараққиёти ва барқарор ривожланиши масалаларида ўзаро савдо-иқтисодий ва транспорт коммуникациялари, логистика ва транзит соҳалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари икки ва кўп томонлама муносабатлар асосида ушбу соҳаларни ривожлантириб боришга ҳаракат қилмоқдалар. Хусусан, МДҲ, ШҲТ, «Бир макон, бир йўл» каби халқаро ташкилотлар ва ташаббуслар асосида транспорт алоқалари олиб борилмоқда. Бироқ мамлакатлар ўртасида ўзаро фикрларнинг хилма-хиллиги, ягона ҳуқуқий нормаларнинг ва ягона таърифларнинг мавжуд эмаслиги ва шу бошқа муаммолар соҳанинг жадал ривожланишига таъсир кўрсатиб келмоқда эди. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифи бу борада муҳим ва ўз вақтида илгари сурилган таклиф сифатида баҳоланмоқда.

    Афғонистон муаммоси Марказий Осиё минтақасининг аянчли ва оғир муаммоларидан биридир. Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида ташқи сиёсатда алоҳида эътироф этади. Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик музокаралари, ушбу мамлакатни иқтисодий қайта тиклаш, электрлаштириш, темир йўл қурилиши каби йирик лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. Бироқ Афғонистондаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш ишларини янада фаоллаштиришни чуқур англаб турибди. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев томонидан БМТнинг 75-сессиясида бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу таклиф Афғонистонда тинчликни ўрнатиш ва иқтисодий барқарорликни қайта тилашнинг янги механизми сифатида намоён бўлмоқда. Чунки, ушбу қўмита Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак бериб, бу ердаги мавжуд қарама-қарши томонларнинг эмас, балки, афғон халқининг манфаатларига хизмат қилади.

    Бугуни дунёнинг энг муҳим ва долзарб масалаларидан бири бу – экологик муаммолардир. Хусусан, Орол муаммоси аллақачон минтақавий даражадан, глобал даражага чиқиб улгурди. Ўзбекистон Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилиш ва мавжуд хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида муҳим ва амалий тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш ишлари билан бирга Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилди. Таъкидлаш керакки, бу Ўзбекистон дипломатиясининг муҳим ютуқларидан бири бўлди. Бироқ Орол ва Оролбўйидаги мураккаб экологик вазият, аҳоли генофондини муҳофаза қилиш, саломатлигини яхшилаш ҳамда ушбу ҳудудда барқарор ривожланишни таъминлаш долзарб ва муҳим аҳамият касб этмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Президенти томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билдирилди. Таъкидлаш керакки, ҳозирги глобал дунёда долзарб ва мураккаб масалалар ечимига илм-фан орқали ечим топиш масаланинг энг оқилона йўлларидан биридир. Шу маънода, Оролбўйи минтақасида энг замонавий инновация ва технологияларни жорий қилиш ва уни БМТ доирасида махсус резолюция орқали амалга ошириш, минтақа мамлакатлари ва бошқа давлатлар фикрлари ҳамда қарашларни умумлаштиришда катта аҳамият касб этади.

    БМТнинг 2015-20130 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган «Барқарор ривожланиш мақсадлари» глобал дастурида камбағалликни камайтиришга биринчи масаласи сифатида эътибор қаратилган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, БМТ томонидан 2000-2015 йилларда амалга оширилган «Минг йиллик ривожланиш мақсадлари» дастурида ҳам ушбу муаммога катта эътибор қаратилган. Бу борада кўплаб халқаро тадбирлар амалга оширилган. БМТ Бош Ассамблеянинг 1997-2006, 2008-2017 ва 2018-2020 йиллардаги тегишли резолюциялари билан қашшоқликка барҳам бериш бўйича БМТ ўн йилликлари эълон қилинган. Бироқ бу муаммо ҳамон долзарб ва мураккаблигича қолмоқда. Ташкилот маълумотларига кўра, бугунги кунда 700 миллион киши ёки дунё аҳолисининг 10 фоизи ўта қашшоқлардир. Пандемия шароитида уларнинг сони янада ошириш хавфи мавжуд. Бу эса, халқаро ҳамжамият ва жаҳон мамлакатларини ушбу муаммога биргаликда курашишга чорлайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг 75-сессиясида қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклифи ўз вақтида илгари сурилган таклиф сифатида катта аҳамиятга эга бўлди. Чунки ушбу муаммога бир ёки бир неча мамлакатлар иштирокида эмас, балки бутун халқаро ҳамжамият миқёсида курашиш лозим. Шундагина амалий натижаларга эришиш мумкин. Шу маънода, Ўзбекистон раҳбарининг ушбу таклифи бутунжаҳон оммасининг юраги ва қалбидаги фикрлари мужассам ҳамда ифодаси бўлди. Мустақил Ўзбекистон тарихида ҳам ушбу масала илк бор 2017 йилдан бошлаб очиқ эълон қилиниб, уни камайтириш борасида амалий тадбирлар ўтказила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг 75-сессиясида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш, БМТнинг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш каби халқаро аҳамиятга молик таклифлар ҳам илгари билдирилди. Улар бугунги глобал дунёнинг янги ривожланган ва тинчликсевар қиёфасини намоён этишга қаратилган таклифлар сифатида эътиборга молик. Чунки, пандемия шароитида кўплаб давлатлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялар асосида ушбу вирусга қарши кураш олиб бормоқда. Ушбу ташкилот тинимсиз равишда янги тадқиқотлар устида иш олиб бормоқда. Демак, ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш инсониятнинг барқарор ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.

    Бу Ўзбекистон халқаро муносабатларининг турли аспектларда, кўп векторли ташқи сиёсатида кўзга ташланади. Ўзбекистон янги халқаро ва минтақавий ташаббусларига БМТни фаол жалб қилмоқда. Ўзбекистоннинг БМТ билан алоқалари натижасида жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро ҳамкорлик борасида ўзига хос тажриба тўплади. Республика йирик ташкилот сифатида глобал ва минтақавий муаммолар ечимига БМТдан халқаро сиёсий минбар сифатида фойдаланди. Ўз навбатида Ўзбекистон ташаббусларига БМТ юксак баҳо бермоқда.

    Ойбек Абдумўминов,

    тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),

    ЎзР ФА ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ директор ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates