Аввалам бор мазкур ташриф Франция Президентининг Ўзбекистонга сўнгги 30 йил ичида амалга оширган илк сафари бўлиб дўст мамлакатлар ўртасидаги иккитомонлама муносабатларни янада юқори поғонага кўтарди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Франция муносабатларининг янги босқичга чиқишига мамлакатимизда амалга оширилаётган Ривожланиш стратегиясининг Франция Президенти Э.Макроннинг ислоҳотлар дастури билан яқинлиги, икки давлатнинг асосий халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилинишида ёндашувларининг мос келиши ва ўхшашлиги ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, долзарблиги ошиб бораётган янги хавф-хатарларга қарши биргаликда кураш олиб бориш масалаларини кун тартибига қўймоқда.
Шу билан бирга Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив ва яхши қўшничилик сиёсати натижасида минтақада қарор топган янги сиёсий муҳит Марказий Осиё йўналишида Франция ташқи сиёсатининг мақсадларига эришиш учун муносиб шароитни юзага келтирмоқда.
Ташрифнинг энг асосий жиҳатларидан бири давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олдилар. Бу эса сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида жадал ривожланиб бораётган сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-маърифий ҳамкорликнинг мантиқий натижасидир.
Франция раҳбари томонидан мамлакатимизнинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаганлиги бугунги кунда Ўзбекистон олиб бораётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлигининг яна бир ёрқин мисолидир.
Ташрифнинг яна бир муҳим натижаларидан бири халқаро майдонида нуфузли ўринга эга бўлган Франция мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.
Шуни айтиш лозимки, сўнги йилларда жадал ривожланиб бораётган савдо-иқтисодий ҳамкорлик иккитомонлама муносабатларнинг асосини ташкил қилади. Мамлакатларимиз ўртасида йил сайин ўзаро товар айирбошлаш миқдори ўсиб бормоқда. Жумладан, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 33,1 фоизга ошди – 257,2 миллион АҚШ долларидан 2022 йил якунларига кўра 342,4 миллион АҚШ долларига етди. Шу билан бирга, савдо ҳажмининг ошиши давом этмоқда. Жорий йилнинг биринчи 9 ойида ушбу кўрсаткич 658,7 миллион АҚШ долларига етди. Бугунги кунда Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги энг йирик савдо шерикларидан бири деб айтиш бежиз эмас.
Юртимизда Франциянинг Orano, EDF, Total, SUEZ, Eiffage, Voltalia, Lactalis, Veolia ва кўплаб бошқа етакчи ширкатлари энергетика, тоғ-кон саноати, сув таъминоти, транспорт, қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқда ва уларнинг сони сўнгги йилларда 4 баробарга ошди. Хусусан юртимизда фаолият олиб бораётган 47 та корхонанинг 23 таси 100 фоиз француз сармоялари асосида иш юритмоқда.
Музокаралар давомида томонлар келгусида савдо ҳажмини кескин ошириш, Франция компанияларининг инвестициявий фаолиятини фаоллаштириш масалаларига ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олдилар.
Бунда қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий қилинади, бизнес учун янада қулай шароитлар яратилади ва ишбилармонлик ташаббусларига ҳар томонлама кўмаклашилади.
Ташриф доирасида Франциянинг йирик ширкатлари иштирокида ташкил қилинган қўшма бизнес форум чоғида мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон-Франция шериклигини кенгайтириш бўйича тўртта энг устувор йўналишни кўрсатиб ўтди ва қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан, мамлакатимиз “яшил” энергетикадек муҳим соҳада стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани таъкидланди. Яна бир муҳим йўналиш сифатида стратегик хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва илғор технологиялар асосида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қайд этилди. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва замонавий инфратузилмани барпо этиш долзарб масала сифатида кўрсатиб ўтилди. Навбатдаги устувор йўналиш сифатида қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилди.
Ҳеч шубҳасиз, Самарқанддаги учрашув чоғида эришилган келишувлар, имзоланган шартнома ва хужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан тўлдирди, давлатларимиз равнақи ва халқларимиз фаровонлиги йўлида янги истиқболларни белгилаб берди.
Аброр ФАТХУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар
институти бўлим раҳбари









