Ўзбекистон ва Франция инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиради

    Инвестициялар 25 март 2023 854

    Жорий йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Франция Ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва чет элдаги фуқаролар ишлари бўйича делегат вазири Оливер Бешт ўртасида видеоконференция тарзида кенгайтирилган таркибдаги музокаралар бўлиб ўтди.

    Мулоқот чоғида энергетика, сув таъминоти, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлик таъкидланди.

    Томонлар Франциянинг EDF, Total Energies ва Voltalia компаниялари билан биргаликда электр станцияларини қуриш лойиҳалари техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш жараёнини конструктив тарзда кўриб чиқдилар.

    «Orano Mining» компанияси билан кончилик саноатида фойдали қазилмаларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини ошириш, шунингдек, Eiffage ва Suez компаниялари томонидан Яккабоғ-Қарши магистраль сув қувури қурилиши лойиҳаси бўйича ишларни бошлашни жадаллаштириш, Тошкентда сув таъминоти лойиҳаларини амалга оширишда эришилаётган сезиларли муваффақиятлар қайд этилди.

    Alstom ва ATR компаниялари билан транспорт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама этилди.

    Кўп қиррали Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришнинг драйвери ҳисобланаётган икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида икки томонлама тадбирларни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар жорий йилнинг апрель ойида MEDEF International Fransiya тадбиркорлари ҳаракати аъзоларининг қўшма бизнес-форумда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришига ва май ойида Тошкентда Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олдилар.

    Музокаралар якунлари бўйича муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббусларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттиришга қатъий ўзаро содиқлик билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.