Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди

    2022 йилнинг 13 апрель куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Туркиянинг АНКАСАМ – Анқара инқироз ва сиёсатни ўрганиш маркази ҳамкорлигида «Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари: кўп қиррали муносабатларнинг янги босқичи» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлилий маркази, Марказий Осиё халқаро институти, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти вакиллари ҳамда Туркиянинг етакчи «ақл марказлари» – Анқара инқирозлар ва сиёсат тадқиқотлари маркази АНКАСАМ, «Мармара групп» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди, “Соҳибқирон” номидаги Стратегик тадқиқотлар маркази ва бошқа тадқиқот марказлари экспертлари иштирок этдилар.

    Иштирокчилар тадбир давомида бешта сессияга бўлинган ҳолда жорий йил 29-30 март кунлари бўлиб ўтган давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ҳамда Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунида эришилган асосий ютуқ ва натижалар, шунингдек, сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.

    Давра суҳбати аввалида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўз олиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик сезиларли даражада фаоллашганини қайд этиб ўтди.

    Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга. Мамлакатларимиз ва халқларимизни тил, тарих, маданият ва анъаналар муштараклигига асосланган яқин дўстлик ва қардошлик ришталари боғлаб туради. Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бири сифатида мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти йилномасида алоҳида ўринга эга давлат саналади. Бу йил икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил ва стратегик шериклик муносабатларининг асос солинганига 5 йил тўлди.

    Самарали ҳамкорлик ривожига асосий туртки бераётган муҳим омил сифатида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги учрашувлар, самимий мулоқотларнинг ўрни катта, албатта.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклифига биноан жорий йилнинг 29-30 март кунлари Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Икки кунлик ташриф доирасида Давлат раҳбарлари тор доирадаги учрашувлар орқали Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашган бўлса, олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳужжат имзоланди.

    2021 йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмининг жадал ўсиши натижасида Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи ташқи савдо ҳамкорига айланди. 2021 йил якунига келиб, Ўзбекистон ва Туркиянинг умумий ташқи савдо кўрсаткичи 2016 йилга нисбатан 3 баробар ўсиб, 3 млрд. 388 млн. долларга етди. Томонлар бу кўрсаткични бир йил ичида 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган бўлса, яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

    Шунингдек, тадбирда иштирокчилар томонидан икки мамлакат ўртасидаги экспорт ва импорт ҳажми деярли тенг эканлиги, Туркия 2021 йилда мамлакатимизга 1 млрд. 698 млн. долларлик маҳсулот етказиб берган бўлса, Ўзбекистон томонидан 1 млрд. 690 млн. долларлик маҳсулот Туркияга экспорт қилингани алоҳида таъкидлашди.

    Бундан ташқари, Ўзбекистонга киритилаётган турк сармояси ҳажми 70 баробарга ошган. 2021 йил якунига кўра, Туркия Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритган етакчи давлатлар учлигига кирди ва биргина 2021 йилда жами 1,18 млрд. доллар сармоя киритди.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига асосан, 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1961 нафар турк компанияси фаолият кўрсатмоқда. Бу кўрсаткич Россия (2390 та компания) ва Хитойдан (1967 та компания) кейин учинчи ўринда туради.

    Дўстона ва самарали мулоқотга асосланган давра суҳбати якунида томонлар икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, Давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённома, Меҳнат ва бандлик, Суд экспертизаси, Қурилиш каби соҳаларда эришилган англашув меморандумлари доирасидаги ҳамкорлик алоқаларини икки мамлакат етакчи «ақл марказлари», халқаро институтлар доирасида ҳам фаол давом эттиришга келишиб олдилар.

    «Тараққиёт стратегияси» маркази

    Ахборот хизмати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates