Тадбирни Дин ишлари қўмитаси раиси Содиқ Тошбоев, Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика халқ табобати илмий-амалий маркази директори Жамшид Миррахимов ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов табрик сўзлари билан очиб беришди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари онлайн тарзда табрик йўллади.
Илмий анжуманда ёш олимлар, мутахассислар, докторантлар ва магистрантлар, хорижий мамлакатларнинг олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, республикадаги диний таълим муассасалари ва соҳага оид ташкилотларнинг мутахассислари иштирок этди.
Мазкур анжуманда ислом динининг инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортни рағбатлантириш ҳамда жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган маънавий-ахлоқий тамойиллари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Конференцияда ислом динида жисмоний фаолият ва спортнинг аҳамияти, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш ва жисмоний қувватни оширишга қаратилган маънавий-ахлоқий қарашларни таҳлил қилиш, исломда овқатланиш маданияти, соғлом овқатланишнинг аҳамияти ва жисмоний, руҳий ҳолатни яхшилашга оид амалий тавсиялар очиб берилди.
Шунингдек, конференцияда асосан ислом динида соғлом турмуш тарзини ривожлантириш, жисмоний фаоллик ва саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган ёндашувлар, исломда соғлом овқатланишнинг аҳамияти, руҳиятни яхшилаш ва жисмоний саломатликни ошириш масалалари, ислом динининг тинчликпарварлик моҳияти, спорт ва жисмоний тарбия воситасида жамиятда тинчликни мустаҳкамлаш, спортни ёшлар ўртасида кенгайтириш ва рағбатлантириш: оммавий спорт тадбирлари орқали ёшларда спортга қизиқиш уйғотиш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, исломнинг жисмоний тарбия ва спортни ҳаётга татбиқ этишда, шунингдек, жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси сифатидаги тарғиботидаги роли, жамиятдаги ижтимоий ўзгаришларга таъсири каби масалалар муҳокама қилинди.
Конференция натижасида исломда спорт, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ масалалар ҳақидаги тадқиқотлар янада чуқурлашади.
Мухтасар айтганда, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи ва спортга қизиқишни оширишга қаратилган амалий тадбирлар ишлаб чиқилади, бу эса жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.











