Ушбу нуфузли анжуман “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан Жаҳон банки, Швейцария иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти (SECO) ҳамда Корея ҳукумати (KGTF) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Уч кун давом этадиган конференция доирасида сув таъминоти ва канализация хизматларини самарали ташкил этиш, соҳада рақамли ечимларни жорий қилиш, институционал трансформацияни амалга ошириш, активларни бошқариш, малакали кадрлар тайёрлаш ва соҳанинг барқарорлигига қаратилган кенг кўламли масалалар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида сув таъминоти соҳасини молиялаштиришнинг инновацион механизмлари, хусусий секторни жалб қилиш имкониятлари ҳамда Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларини бошқариш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган алоҳида сессиялар ташкил этилмоқда.
Конференцияда сўзга чиққан “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси Ахмад Суванкулов ўз нутқида таъкидлашича, 2025 йилнинг ўзида халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 2 миллиард 180 миллион доллар бўлган 21 та йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида:
- 4,1 миллион нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти,
- 2,1 миллион нафар аҳолининг оқова сув хизматлари сезиларли даражада яхшиланади.
– Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 82,1 фоизга, оқова сув хизматларидан фойдаланиш даражаси эса 20,5 фоизга етди, — деди Ахмад Суванкулов. — Ушбу конференция, шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари учун сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, замонавий бошқарув амалиётини кенг жорий этиш, инновацион ёндашувлар билан бўлишиш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда муҳим ҳамкорлик платформаси бўлиб хизмат қилади.
Маълумки, сув — ҳаёт манбаи. У инсон саломатлиги, иқтисодий ўсиш ва фуқароларнинг муносиб турмуш даражасини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистонда тоза ичимлик суви ва оқова сув хизматларини яхшилаш масаласи доимо давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қараб келинмоқда.
Сўнгги йилларда Президентимиз раҳнамолигида сув таъминоти соҳасини ривожлантиришга доир изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса нафақат соҳанинг техник ва ташкилотчилик салоҳиятини ошириш, балки аҳолининг ҳаёт сифати, соғлиғи ва экологик барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Халқаро конференция доирасида илғор тажрибалар алмашинуви, экспертлар ва мутахассислар иштирокида амалий семинарлар, давра суҳбатлари ҳамда қатор ҳамкорлик шартномаларини имзолаш маросимлари ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Зулхумор АКБАРОВА










