Ўзбекистон Музликлар бўйича халқаро конференцияда яшил кун тартибини илгари сурди

    Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Душанбе шаҳрида (Тожикистон) бўлиб ўтган музликларни сақлаш бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этди.

    Қайд этилишича, тадбирда 90 мамлакатдан 2500 га яқин иштирокчи, жумладан, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, БМТ, халқаро ташкилотлар ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Очилиш чоғида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон музликларнинг тез эриши шароитида глобал ҳамкорликка чақирди ва уларни ўрганиш бўйича комплекс экспедиция ташкил этишни таклиф қилди. Э.Раҳмон ўз нутқида Тожикистон ташаббуси билан 2025 йил Халқаро музликларни сақлаш йили, 21 март эса Бутунжаҳон музликлар куни деб эълон қилинганини таъкидлади. Тожикистон президенти музликларни ҳимоя қилиш бўйича глобал стратегия яратиш, шунингдек, Музликларни сақлаш халқаро жамғармаси маблағларини кўпайтириш зарурлигини қайд этди. 2025–2034 йилларни Криосфера фанлари бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги деб эълон қилиш бўйича Франция билан қўшма таклиф ҳам илгари сурилди.

    Олий даражадаги ялпи мажлисдаги нутқида А.Абдуҳакимов Марказий Осиёда сув хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш учун музликларни асраб-авайлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар, жумладан, «Яшил макон» ташаббуси, Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш, яшил технологиялар ва сувни тежаш тизимларини жорий этиш лойиҳалари билан таништирди. Иштирокчилар шу йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Eco Expo Central Asia” кўргазмасига ҳам таклиф этилди.

    Вазирлар мулоқоти доирасида иқлим барқарорлиги, музликларни сақлаш ва сув соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон экологик сиёсатга комплекс ёндашувни тақдим этди: «яшил» иқтисодиёт стратегияси, Миллий мослашиш режаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқлим кенгаши ва Миллий иқлим марказини ташкил этиш. RESILAND лойиҳаси (142 миллион доллар), Коперник дастури доирасида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик ва муз кўлларини мониторинг қилиш бўйича ЮНEСКО лойиҳаларида иштирок этишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Иқлимшуносликка бағишланган сессияда минтақа давлатлари иқлим бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш зарурлигини муҳокама қилди. Ўзбекистон Марказий Осиёни «яшил» ривожлантириш концепциясини якунлаш ва 2026 йилга мўлжалланган «йўл харитаси»ни тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳини шакллантиришни таклиф қилди. Шунингдек, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетининг ("Green University") экология, сувни тежаш ва қайта тикланадиган энергия соҳаларида кадрлар тайёрлаш бўйича илмий платформа сифатидаги роли ҳам тасдиқланди.

    Ўзбекистон ташаббуси билан “Markaziy Osiyo+YaIJ” форматида давра суҳбати ташкил этилиб, унда минтақавий лойиҳалар самарадорлигини ошириш йўллари ва Яшил иқлим жамғармаси билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томонининг ЯИЖ билан мувофиқлаштириш бўйича давлатлараро ишчи гуруҳини тузиш таклифи бир овоздан қўллаб-қувватланди. Бу лойиҳа концепциялари тўпламини шакллантириш ва мослашиш ташаббусларини молиялаштиришни ошириш имконини беради.

    Анжуман "Сув, ер ва иқлим ўзгариши (NEXUS)" минтақавий дастурини муҳокама қилиш билан якунланди. Марказий Осиё мамлакатлари вакилларига GEFга 26 миллион долларлик якуний лойиҳа ҳужжати тақдим этилгани ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон минтақадаги бошқа давлатлар қатори ўзгарувчан иқлим шароитида сув ва ер ресурсларини барқарор бошқаришга қаратилган ушбу кенг кўламли ташаббусни амалга оширишда келгусида ҳам иштирок этишга тайёрлигини билдирди.