Хусусан, Туркманистон Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Назар Агаҳанов, Туркманистон Саноат ва қурилиш вазири Тойгули Нуров, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) бош директорининг ўринбосари Фату Хайдара ва Европа Иқтисодий Комиссияси (ЕИК) ижрочи котибининг ўринбосари Дмитрий Марьясин билан музокаралар бўлиб ўтди.
Асосий эътибор савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.
Туркманистон томони билан чегара савдо зонасининг (Шават, Хоразм вилояти – Дашогуз, Дашогуз велаяти) фаолият юритиш тўғрисидаги Шартномани имзолаш ва уни яқин келажакда ишга тушириш бўйича келишувга эришилди. Бу икки давлат ўртасидаги ўзаро савдони ошириш ва бизнес фаолиятини рағбатлантиришда муҳим қадам бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларгача етказиш бўйича қўшма тадбирлар режасини тасдиқлаш масаласи келишиб олинди.
Маълумот учун: 2024 йилда Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми 1,15 миллиард долларни ташкил этди. 2025 йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо ҳажми тахминан 500 миллион доллар атрофида бўлди.
ЮНИДО билан саноат, инфратузилмани модернизация қилиш, энергия самарадор технологияларини жорий этиш, инсон капиталини ривожлантириш соҳаларидаги ташаббусларни ўз ичига олган ўрта муддатли Қўшма Ҳамкорлик Дастурини тасдиқлаш бўйича келишувга эришилди.
ЕИК билан Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастур (СПЕКА) доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, яшил иқтисодиёт, инновациялар, логистика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.









