Тадқиқотларга кўра, анафилактик шок 20-30 фоиз ҳолатда ҳашаротлар чақиши туфайли юзага келади. Агар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бундай беморларнинг ҳаёти ўлим билан якунланиши мумкин.
Марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикованинг таъкидлашича, инсект аллергия асосан асалари, ари, қовоқари, тукли ари ва чумолилар чақиши оқибатида ривожланади. Бундай ҳолатларда танада ҳолсизлик, тери оқариши, қичишиш, нафас қисиши, қон босимининг тушиши ва ҳушдан кетиш каби белгилари кузатилади. Кузатувларга кўра, бу турдаги аллергия болаларга нисбатан катталарда кўпроқ учрайди.
Аллерген специфик иммунотерапия (АСИТ) — ҳаёт учун хавфли анафилактик реакцияларнинг олдини олиш имконини берувчи ягона самарали усул ҳисобланади. Муолажа жараёнида бемор организмига аллерген (масалан, ари заҳри)нинг тузли-сувли эритмаси кичик дозаларда юборилади. Бу орқали аллергенга нисбатан жавоб реакцияси пасайиб, касаллик белгилари йўқолади.
Натижада қондаги умумий IgE миқдори озайиб, блокловчи антитана — IgG4 кўпаяди. Шу тариқа касаллик симптомлари камаяди ва ҳатто хасталик беморни умуман безовта қилмайди. Худди шу иммунотерапия ёрдамида ҳаёт учун хавфли бўлган анафилактик реакциялар ривожланишининг олди олинади.
Жорий йил марказимизда Марказий Осиёда илк бор ари заҳри асосида тайёрланган махсус иммунотерапия препарати ёрдамида беморларни даволашни йўлга қўйдик.
Эътиборли жиҳати, ҳозиргача бу муолажа усули дунё бўйича атиги икки мамлакат — Грузия ва Туркияда амалга ошириб келинаётган эди. Эндиликда улар сафига Ўзбекистон ҳам қўшилиб, мазкур илғор технологияни жорий этган учинчи давлат сифатида жаҳон тиббиёт ҳамжамияти эътиборига тушди.
Бу иммунотерапия усули шунчаки симптомларни енгиллаштириб қолмай, аллергия сабабини тубдан бартараф этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.









