Давлат дастури лойиҳасида аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятни рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш мамлакат ривожланишининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги таъкидланди.
Давлат дастурида 5 та устувор йўналиш белгиланган бўлиб, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналишида ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган мақсадлар қамраб олинган.
Хусусан, жорий йилда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамров даражасини 98 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим муассасалари учун 65 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китобларини яратиш ва амалиётга жорий этиш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, умумий ўрта таълимни ривожлантириш учун хусусий секторни кенг жалб этиш мақсадида нодавлат умумий ўрта таълим мактаблари сонини 600 тага етказиш кўзда тутилган.
Хорижий илмий ташкилот ва университетларга илмий стажировкага юборилган тадқиқотчиларнинг умумий сонида 35 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг улуши 80 фоизга оширилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида 7,1 миллион нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида энг кўп учрайдиган юрак қон-томир, қандли диабет, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари хавфини аниқлаш мақсадида профилактик кўрикларни ўтказиш ҳамда 3 – 18 ёшли 10 миллион нафар болаларда онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича оммавий ва селектив скринингдан ўтказиш чоралари режалаштириляпти.
Бундан ташқари, мажлис давомида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг «Хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналишида мамлакатнинг тинчликсевар, прагматик фаол ва изчил ташқи сиёсатини амалга оширишга доир 10 та мақсадни қамраб олган таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Жумладан, ратификатсия қилинган халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш, етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан истиқболли ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.
Сенаторлар томонидан умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, олий таълим муассасалари рейтингини яхшилаш, ёш тадқиқотчиларнинг улушини ошириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини халқ ва давлатнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга оширишга қаратилган таклифлар билдирилди.
Шунингдек, халқаро ҳамкорлик, хорижий инвестицияларни ва туризмни жадал ривожлантириш ҳамда аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишда масъул вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама давомида сенаторлар, экспертлар ҳамда мутахассислар томонидан Давлат дастури лойиҳасига бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.