Ўзбекистонда «Better Cotton» дастури бошланади

    Саноат 18 ноябр 2022 2038

    «Better Cotton» Ўзбекистонда ўз дастурини ишга туширяпти. Бу ҳақда 17 ноябрда Тошкентда барча манфаатдор ҳамкорлар иштирокида ўтказилган конференцияда эълон қилинди.

    «Better Cotton» – экология учун яхшироқ, жамият учун яхшироқ, иқтисодиёт учун яхшироқ, келажак учун яхшироқ» мавзусидаги конференция «Better Cotton» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

    Унда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева, шунингдек, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жумладан, қишлоқ ва сув хўжалиги, бандлик ва меҳнат муносабатлари, инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши, бизнес уюшмалари раҳбарлари иштирок этди.

    Тадбирда тармоқ тузилмалари, ишлаб чиқарувчилар ва ритейлерлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институти вакиллари, Халқаро брендларни намоён қилувчи «Better Cotton» аъзолари, жумладан, «Ikea» пахтани глобал ривожлантириш бўйича менежери қатнашди.

    Тадбир пахта секторидаги барқарорлик масалаларини муҳокама қилиш ва миллий устуворликларни белгилаш мақсадида барча манфаатдор томонлар учун очиқ майдонга айланди.

    Таъкидланганидек, «Better Cotton» мамлакатдаги фермерларнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистондаги янги дастурининг йўналишларини белгилашга ҳаракат қиляпти.

    Иштирокчилар институционал чораларни ишлаб чиқиш, жойлардаги тадбирларни амалга оширишдаги ривожланиш ва муаммолар, шунингдек, Ўзбекистонда пахтани барқарор ишлаб чиқаришни мустаҳкамлаш борасидаги ёндашувлар ҳақида ўз хулосалари билан ўртоқлашдилар.

    Тақдимотлар ва очиқ мунозаралар пахта секторидаги энг долзарб хавфларни аниқлаш, шунингдек, жойларда тадбирларни амалга оширишда муваффақиятни таъминлаш ва Ўзбекистондаги «Better Cotton» дастурининг таъсирини оширишга имкон берадиган асосий устувор йўналишларни шакллантириш имконини берди.

    Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева ўз нутқида Ўзбекистоннинг «Better Cotton» дастурида иштирок этиши тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича ўз қарашларимизни рўёбга чиқаришнинг энг яхши йўли бўлишини, бу муносиб бандликни таъминлашини, бизнеснинг рақобатбардошлигини оширишини ва инклюзив иқтисодий ўсишга хизмат қилишини, шунингдек, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришини алоҳида таъкидлади.

    – Миллий комиссия томонидан халқаро ҳамкорларнинг тавсиялари асосида республика тўқимачилик саноатига BCI мезонларига мос келадиган халқаро стандартларни жорий этиш бўйича алоҳида «Йўл харитаси» қабул қилинди, – деди Т.Нарбаева. – Қувонарлиси, бугунги кунда ишлаб чиқарувчиларнинг ўзлари уларни амалга оширишдан манфаатдор. Ишончим комилки, Кўп томонлама мувофиқлаштирувчи кенгаш Миллий комиссия доирасида BCI иштирокида ва фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб қилган ҳолда «Йўл харитаси»ни муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилади.

    «Better Cotton» бош директори Алан Макклей таъкидлаганидек, «Better Cotton» бутун дунёда фермерлар ҳамжамиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини доимий равишда яхшилаш мақсадида фаолият кўрсатади.

    – Ўзбекистонда пахта сектори муваффақиятли ривожланмоқда ва биз фермерлар марказида бўлган барқарор келажакка устувор аҳамият берадиган мамлакатда барча томонлар билан ҳамкорликда ишлашни бошлаётганимиздан ниҳоятда мамнунмиз, – деди А. Макклей.

    Анжуман якуни бўйича Ўзбекистондаги «Better Cotton» дастури доирасида барча манфаатдор томонларнинг устувор йўналишлари ва ҳамкорлик мақсадларини акс эттирувчи қўшма резолюция имзоланди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates