Коррупцияга қарши халқаро стандартларда, жумладан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кўрсатмалари, Жаҳон банкининг қатор ҳужжатлари ва бошқаларда давлат хизматчилари томонидан активларни эълон қилиниши коррупцияга қарши самарали восита эканлиги эътироф этилган.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 160 дан ортиқ мамлакатда активлар декларацияси талабларини жорий этган. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларининг 97 фоизи активлар декларацияларнинг кенг жамоатчилик учун ошкора тизимини йўлга қўйган.
Қайд этиш лозимки, активларни декларация қилиш тизимини бир уринишда жорий этилиши катта ресурсларни талаб қилади.
Хорижий мамлакатларда мажбурий декларация тизимини жорий этиш ва декларацияни топширишга мажбур бўлган шахслар доирасини белгилашда ягона амалиёт мавжуд эмас.
Масалан, бу тизим Буюк Британияда 1974 йилда, АҚШда 1977 йилда, Италия ва Испанияда 1982 йилда, Боливияда 1990 йилда, Словенияда 1992 йилда, Латвияда 1994 йилда, Албания ва Естонияда 1995 йилларда жорий этилган.
Қозоғистонда декларация тизимини жорий қилиш 2011 йилдан бошланган. Муддатлар бир неча маротаба сурилиб, 2021 йил 1 январдан давлат хизматчилари ва уларнинг турмуш ўртоғлари, 2023 йил 1 январдан давлат муассасалари ходимлари ва уларнинг турмуш ўртоғлари, 2024 йил 1 январдан юридик шахсларнинг раҳбарлари ва таъсисчилари, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг турмуш ўртоғлари, 2025 йил 1 январдан барча фуқароларга татбиқ этилиши белгиланган.
Россияда декларацияда давлат хизматчиси, унинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзанди, Грузияда – давлат хизматчисининг турмуш ўртоғи, фарзандлари (ўгай фарзандлар), у билан доимий яшайдиган шахслар ҳамда яқин қариндошлар, опа-сингиллар ва ака-укалар, Мексикада давлат хизматчилари, турмуш ўртоғи ва уларнинг қармоғидаги шахслар ҳамда улар билан фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларга киришган шахслар даромади (харажатлари) ва мулки ҳақидаги маълумотлар тўлдирилади.
Мутахассислар ва экспертлар томонидан Ўзбекистонда декларацияни жорий этишни мавжуд ресурсларни инобатга олиб 2021 йил 1 январдан давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларидан бошлаш ва келгусида босқичма-босқич барча фуқароларни қамраб олиш таклиф этилмоқда.
Вояга етган фарзанд мустақил шахс, тўлиқ муомалага лаёқатли, у ҳам алоҳида давлат хизматчиси бўлиши мкмкин. Вояга етмаган фарзанд эса ота-она қарамоғида бўлганлиги учун ота ёки она уларнинг номидан ҳам декларацияни ўзи тўлдиради.









