— Алоҳида ғурур билан айтамизки, Япония билан Ўзбекистон ҳамкорлиги кундан кунга ривожланиб боряпти ва бундан манфаат сезяпмиз, — деди учрашувда Ш. Хамраев. — Кунчиқар мамлакат билан сув хўжалиги соҳасидаги муносабатлар ҳам кенгайиб боряпти.
«Аму -Бухоро ирригация тизимини қайта тиклаш» лойиҳаси натижасида Бухоро вилоятида 275 минг гектар ва Навоий вилоятида 40 минг гектар ерларнинг сув таъминоти яхшиланди. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг кредит маблағлари ҳисобига амалга оширилди.
Шунингдек, JICA маблағлари ҳисобидан «Қизилтепа-I насос станциясини қайта тиклаш», «Аму -Бухоро-II насос станциясини қайта тиклаш» лойиҳаси бўйича ҳам улкан ишлар бажарилди.
— Ташрифимиздан мақсад – ҳукумат, вазирликлар даражасида муносабатларни ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, — деди М. Мизуно. — Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш бевосита сув ресурслари билан боғлиқ. Япониянинг ирригация соҳасидаги технологиялари ва инновацион ишланмалари ўзбекистонлик сувчилар учун қўл келади. Шу сабабли, келгусида бу борада яқин ҳамкорлик қилишимизга ишонаман.
Ўзбекистон -Япония Озиқ-овқат саноати форумини ўтказиш мақсадида юртимизга келган меҳмонлар Бухорода ҳам бўлиб, вилоят ҳокимлиги, «Бухоро Агро» ЭИЗ, Бухоро давлат университетида учрашувлар ўтказди.
Меҳмонлар Бухоро шароитида очиқ ва ёпиқ ҳавзаларда, чучук ва шўр сувларда балиқ, креветка етиштириш масалаларини ўрганганини айтди. Шўр сувдан фойдаланиб, Ўзбекистонда ҳам денгиз маҳсулотлари етиштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Барча таклифлар ижобий қабул қилиниб, қўллаб-қувватланиши айтилди. Меҳмонларга каналларни бетонлаш, ерларни лазерли текислаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, рақамлаштириш, кадрлар малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик йўналишидаги ишлар, айниқса, япониялик меҳмонларни қизиқтириб қўйди.
Дилшод Улуғмуродов,
«Янги Ўзбекистон» газетаси мухбири.