Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида вазир Азиз Абдуҳакимов Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, профессор Хе Хунпин билан учрашди.
Музокаралар давомида томонлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилди.
Учрашувда 2024 йил январида имзоланган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро битим доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди. Барқарор ҳамкорлик ва қўшма илмий ва амалий ташаббусларни кенгайтиришнинг аҳамияти таъкидланди. Улардан бири — Арнасой, Кармана, Муборак, Қоракўл ва Нукус туманларида галофит ўсимликлар боғларини яратиш, Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги агентлигига 1,4 тонна уруғ етказиб бериш, шунингдек, ифлосланиш даражасини мониторинг қилиш учун рақамли тизимларни жорий этиш ва хитойлик мутахассисларнинг «Яшил макон» умуммиллий ташаббусини амалга оширишда иштирок этиш каби лойиҳалар ҳам бор эди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Хитой Фанлар академиясининг Синсзян экология ва география институти (CAS XIEG) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатни Азиз Абдуҳакимов ва CAS XIEG бош директори, профессор Чжан Юанмин имзолашди.
Меморандумга кўра, томонлар Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Green University») негизида Марказий Осиё экология ва атроф-муҳитни ўрганиш илмий-тадқиқот марказини (Tashkent Headquarter) ташкил этиш бўйича келишиб олдилар. Марказ Марказий Осиё минтақасида илмий тадқиқотлар, мутахассисларни тайёрлаш, технологиялар ва тажриба алмашиш, шунингдек, «яшил» ва барқарор ривожланишни тарғиб қилиш учун платформа бўлади.
Ҳужжатда ҳамкорликнинг кенг йўналишларини амалга ошириш кўзда тутилган: илмий конференциялар ва семинарлар ўтказиш, қўшма тадқиқотлар ва нашрлар тайёрлаш, лабораторияларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш.
Меморандум Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги экологик ҳамкорликни чуқурлаштириш, глобал иқлим муаммоларига самарали курашиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.








